Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:40

Гулнорага пора берганликда гумонланаётган Telenor ҳам Ўзбекистондан кетмоқчи


Beeline ҳақдори Telenor ширкати Ўзбекистон билан боғлиқ активларидан қутулишга уринаётган навбатдаги ширкат бўлди
Beeline ҳақдори Telenor ширкати Ўзбекистон билан боғлиқ активларидан қутулишга уринаётган навбатдаги ширкат бўлди

Норвегиянинг Telenor Group ширкати VimpelCom Ltd. компаниясидаги 33 фоизлик улушини сотиш ниятини билдирди. Норвегия ширкати Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ коррупцион жанжал ортидан даромадли активларидан қутулишга уринаётган ягона ширкат эмас. Ўтган ойда Швециянинг TeliaSonera ширкати ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ активларини сотиш режаларини эълон қилган эди. Telenor ва TeliaSonera ширкатлари Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганликда гумонланмоқда.

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганликда гумон этилаётган учта йирик ширкатнинг яна бири Telenor Group бу мамлакатга алоқадор активларидан қутулиш режаларини эълон қилди. 54 фоизи Норвегия ҳукуматига тегишли телеком ширкат Ўзбекистонда фаолият юритувчи Beeline мобил операторининг эгаси VimpelCom компаниясидаги 33 фоизлик улушини сотувга қўйишни режалаштираётганини билдирди.

Telenor душанба куни эълон қилган баёнотида VimpelCom компаниясидаги активлардан қутулиш ширкат ҳиссадорларининг манфаатларига мос келиши айтилади.

“VimpelComдаги активлар, Telenor учун ширкатда миноритар ҳиссадор сифатида уни тўла назорат қила олмагани боис, муайан қийинчиликларни келтириб чиқарди. Бошқарув кенгаши ва бош директор стратегияни қайта кўриб чиқиб, тегишли муҳокамалардан кейин Telenor Group VimpelCom Ltd.-даги активларини сотишга қарор қилди. Бу улушларимиздан қутулиш ҳиссадорларимизнинг манфаатларидадир ва Telenor Group-нинг узоқ муддатли стратегиясига мос келади”, дея иқтибос келтирилади Telenor Group бошқарув кенгаши раиси Свеин Аазернинг сўзларидан.

Норвегия ширкати ўз қарори Ўзбекистондаги коррупцион жанжал билан боғлиқми, йўқми баёнотда аниқлаштирмаган. Лекин Telenor Гулнора Каримовага пора берганлик гумони билан тергов қилинаётган бир пайтда Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ активларидан қутулиш кетига тушган иккинчи компаниядир. Ўтган ойда Швециянинг TeliaSonera ширкати ҳам Ўзбекистондаги шъубаси UCell мобил операторини сотиш режаларини эълон қилган эди.

Telenor-дан фарқли ўлароқ TeliaSonera ширкати бош директори Йоҳан Деннелинд, Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон телеком бозоридаги даромадли активларидан воз кечиш қарори бу мамлакатдаги коррупцион жанжал билан боғлиқлигини эътироф этди.

Европанинг 10га яқин давлати ва АҚШ тергов идоралари Ўзбекистонда фаолият юритадиган TeliaSonera, Telenor ва МТС ширкатлари йиллар давомида бу мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддаоларини тергов қилмоқда.

Озодлик иштирокидаги журналистик терговлар натижасида учта йирик телеком ширкат Гулнора Каримовага катта миқдорда пора берганига ишора қилувчи ҳужжатлар ошкор бўлиши ортидан, шу йил бошроғида VimpelCom ширкатининг бош директори Жо Лундер истеъфога кетган эди.

Ундан аввал, 2013 йилда Гулнора Каримова билан боғлиқ коррупцион жанжал TeliaSonera бош директори Ларс Нюберг ва яна қатор мулозимларнинг ишдан ҳайдалишига сабаб бўлган эди.

VimpelСom 220 миллиондан ортиқ мижозга хизмат қилувчи дунёдаги еттинчи йирик телеком ширкати ҳисобланади. Унинг асосий ҳиссадорлари россиялик миллиардер Михаил Фридманга тегишли Альфа групп ҳамда Норвегиянинг Telenor компанияларидир.

Telenor ширкати Vimpelcom-даги 33 фоизлик улуш учун 15 миллиард Норвегия кронаси (тахминан 1,8 миллиард АҚШ доллари тўлаган). Ҳисоб-китобларга кўра, бу улушнинг бугунги бозор нархи 20 миллиард норвег кронасига (тахминан 2,4 миллиард АҚШ доллари) тенгдир.

VimpelСom Ўзбекистон бозорига 2005 йилда кириб келган.

XS
SM
MD
LG