Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:33

Жиззахлик талабалар обунага мажбурланяпти


Жиззах Давлат педагогика институти табиий фанлар факультетининг ўтган йилги имтиҳонлардан қарздор бўлиб қолган талабаларига имтиҳонларни қайта топшириш учун деканат йўлланма бермаяпти. Талабаларнинг иддао қилишича, улар пахта теримида яхши иштирок этмагани учун деканат талабаларни газета ва журналларга обуна бўлишга мажбурламоқда. Аммо факультет расмийлари бу иддаоларни инкор қилмоқда.

Жиззах Давлат педагогика институти табиий фанлар факультети бир гуруҳ талабаларининг Озодликка ёзишича, ўтган йилдан қолган имтиҳонларини қайта топшириш учун деканат йўлланма бермаяпти:

“Ўтган йил ёзда курсдан курсга ўтиш пайтида баъзи имтиҳонларни топшира олмаган қирққа яқин талаба бор. Шу талабаларга қайта топшириш варақалари берилмаяпти. Деканат имтиҳонни топширишга йўлланма бериши керак. Асосан, пахтани рўкач қилишяпти. Яъни пахтада тўлиқ иштирок этмагансан деган баҳона қилиняпти. Масалан, баъзилар пахтада ўн беш кун қатнашиб, кейин мазаси бўлмай уйига қайтиб келган ёки бир-икки кун маълум сабаблар билан пахтага чиқмаган талабаларга шундай усул қўлланиляпти”, дейилади талабалар ёзган мактубда.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан суҳбатлашган талабалардан бирининг Озодликка айтишича, деканат бундай талабаларга газеталарга мажбурий обуна бўлиш талабини қўймоқда:

“Деканат энди ҳар биримизга газеталарга 200-250 минг сўмга обуна бўлиш талабини қўймоқда. Унда ҳам фақат деканат айтган газеталарга обуна бўлиб, квитанциясини олиб келиб кўрсатишимиз керак экан. Шундан кейин бизга имтиҳонни қайта топширишимизга рухсат берар экан”, деди талабалардан бири.

Унинг айтишича, ўтган йили жамоат ишларида яхши қатнашмаган талабалар имтиҳонга қўйилмаган ёки йиқитилган.

Олийгоҳнинг табиий фанлар факультети декани Нурилла Умиров Озодлик билан суҳбатда, талабаларнинг бу иддаоларини инкор қилди:

“Бу бўлмаган гап. Абсолютно ҳаммасига бериляпти. Нечтаси келса ҳам мен қўл қўйиб беряпман. 10 ноябргача тугатишимиз керак. Мен ўзим назорат қилиб турибман”, деди декан Нурилла Умиров.

Жорий йилнинг июнь ойида ҳам Жиззах Давлат педагогика институти табиий фанлар факультетининг 4-курс талабалари давлат имтиҳонлари учун битирувчилардан юз минг сўмдан пул йиғилаётганини иддао қилган эди.

Талабаларга кўра, бу пуллар бошқа олийгоҳлардан давлат имтиҳони олиш учун келган домлаларни боқиш, биноларни ремонт қилиш баҳонасида йиғиган. Бироқ, факультет раҳбарияти ўшанда ҳам имтиҳонлар учун пул йиғилаётганини кескин инкор қилган эди.

XS
SM
MD
LG