Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:43

Ўзбекистонда Coca-Cola ишлаб чиқариш яна тўхтади


Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг Бектемирда жойлашган мегазаводи ва бошқа цехларида Coca-Cola ичимлиги ишлаб чиқариш яна тўхтади. Натижада, бозорларда ичимлик нархи ошди ва пештахталардан қарийб ғойиб бўлди.

Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ пойтахт Тошкент ва вилоят бозорларида нархи кўтарилган Coca-Cola ва Fanta чанқоқбосди ичимлиги айни кунларда бозор ва дўконларда сийраклашиб қолган.

- Бир ярим литрлиги 6000 сўмга чиқди, янги йилда нима қилар эканмиз, - дейди тошкентликлардан бири.

Вилоятларда эса нархлар бундан ҳам баланд.

- Ҳозир тўй мавсуми, Coca-cola йўқ. Завод ишламаяпти экан. Четдан келаётгани бор, у қиммат, 7 минг сўм, - дейди Бухоро шаҳридаги озиқ-овқат дўконининг эгаси.

Ўзбекистонда яқинларгача президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова бизнес империяси таянчларидан бири саналган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда "профилактика" сабаб заводда Coca-cola ишлаб чиқариш вақтинча тўхтаганини айтди.

- Ҳозир линияда профилактика, шу сабаб ишлаб чиқариш тўхтаган, айнан Coca-cola чиқмаяпти. Fanta ва бошқа ичимликлар чиқаяпти. Coca-cola ишлаб чиқариш қачон бошланишини биз билмаймиз, - деди ширкатнинг ўзини таништирмаган ходими.

Заводдаги Озодлик манбалари эса таъминот билан боғлиқ муаммолар сабаб Coca-cola ичимлигини ишлаб чиқариш тўхтаганини айтди.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатида ўтган йилнинг айни даврида ҳам Coca-cola ишлаб чиқариш тўхтаган ва ўшанда ҳам профилактика сабаб қилиб кўрсатилган эди.

Тошкентликлар эса бунга кўникиб қолганликларини айтишади.

- Ҳар йили янги йил арафасида атайлаб тўхтатиб туришади. Бозорда нархи кўтарилганидан сўнг қўйиворишади, ҳар йили бўладику бу, - дейди тошкентлик Баҳодир.

Ўзбекистондаги Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD маркази Атлантада жойлашган Coca-Cola ширкатининг франчайзи ҳисобланади.

Ўзбекистонда 1993 йилдан фаолият бошлаган бу ширкат аввалига президентнинг қудаси¸ АҚШ фуқароси Мақсудийлар оиласига қараган бўлса¸ Гулнора Каримова Мансур Мақсудий билан ажрашганидан кейин¸ бу ширкатни тўлиғича ўз назоратига олгани айтилади.

Каримова назоратида бўлиб келган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг икки бошқарувчиси Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар 2012 йил июлида Швейцария прокуратураси бошлаган жиноят ишда расман гумонлан қилинувчилардир.

Ўзбекистондаги Coca-Cola менежерлари¸ қолаверса¸ унинг расмий эгаларидан бири бўлган Гаяне Авакян ҳам Швейцария прокуратураси томонидан катта миқдорда пул ювиш амалиëтларида гумонланмоқда.

Ҳозирда Авакяннинг Ўзбекистон қамоғида экани айтилади.

XS
SM
MD
LG