Андижон шаҳрида 19 ноябрь куни Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан аксил-террор машқи ўтказилди. Андижондан келган хабарларга кўра, пайшанба куни шаҳарда ўқ овозлари эшитилган, шаҳарнинг айрим йўллари тўсиб қўйилган. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси аксил-террор машқлари ўтказилганини тасдиқлади. Айни пайтда, қўшни Фарғона вилоятида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, жумаладан фуқаролар паспортлари текширилаётгани ва чегарага яқин туманларда қўшимча постлар ўрнатилгани айтилмоқда. Кейинги ҳафталар ичида Ўзбекистон бўйлаб эҳтимолий террор хуружларига қарши чоралар кучайтрилгани кузатилмоқда.
Андижон шаҳрида 19 ноябрь куни ўқ овозлари эшитилиб, айрим йўллар тўсиб қўйилгани тўғрисидаги хабарни Озодликнинг WhatsApp муштарийлари юборди.
“Анджионда тинчликмикин? Бугун ўқ овозлари эшитилди. Йўлларни беркитиб қўйишган”, дея хавотирланиб ёзди муштариймиз.
Озодликка маълум бўлишича, Фарғона водийсининг энг йирик шаҳри ҳисобланган Андижонда пайшанба куни куч ишлатар идораларининг қўшма машқлари ўтказилган. Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасининг билдиришича, аксил-террор машқларида Миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар бошқармаси ходимлари иштирок этган.
“Кеча (19 ноябрь куни-таҳр.) Андижонда Миллий хавфсизлик хизмати билан Ички ишлар бошқармаси ходимлари биргаликда ўқув машғулоти ўтказилди. Шунга шаҳарнинг айрим ҳудудлари тўсиб қўйилди. Фуқароларнинг хавотирланишига ҳожат йўқ. Аҳоли машғулот ўтказилиши тўғрисида олдиндан огоҳлантирилган. Машғулотни Миллий хавфсизлик хизмати ташкиллаштиргани боис, тафсилотларни ўша идорадан олишингиз мумкин”, деди Озодлик манбаси.
Маълум бўлишича, тадбир Андижоннинг арйим ҳудудларинигина қамраб олган ва аксил-террор машқлари ўтказилганидан шаҳарликларнинг кўпчилиги бехабар қолган. Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича, шаҳарда бир кун олдин машқ ўтказилганидан дарак берувчи ёки фуқаролар ташвишига сабаб бўлиши мумкин бўлган манзара жума куни кузатилмаган.
- Одамлар буни билмайди-ю. Масалан, мен кеча кун бўйи Андижоннинг эски шаҳарида юрдим, унақа гап йўқ эди. Балки кечаси машқ ўтказилган бўлса, билмадим. Кундузи унақа гап йўқ эди. Мана бугун ҳам янги бозорга бордим, велосипедда шаҳарни ярмини босиб ўтдим. Ҳозир ҳам кўчада юрибман, ҳеч гап йўқ,- дейди андижонлик фаол.
Айни пайтда қўшни Фарғона вилоятида ҳам хавфсизлик чораларини кучайтирилгани тўғрисида хабарлар келмоқда. Вилоят туманларининг биридан Озодликка қўнғироқ қилган суҳбатдошга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фуқаролар паспортларини текшириш амалиёти ўтказилмоқда.
“Қишлоғимизда уйма-уй юриб, паспортлар текширилмоқда. Мен турадиган уйда пропискам бўлмагани учун жарима ёзиб, паспортимни олиб кетишди. Бу уйни сотиб олиб, кадастрдан рўйхатда ўтказмаганимиз учун прописка эски уйда қолган. Лекин мен ички ишлар ходимларига тушунтиришимга қарамасдан, ярим миллион сўмлик жарима ёзди. Битта менга эмас, маҳалладаги кўпчиликнинг ҳам паспортлари олиб қўйилди. Лекин паспорт текшириш фақат уйма-уй юриб ўтказилмаяпти, туман марказида ҳам кўчада одамларда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини сўрашяпти”, дейди фарғоналик суҳбатдош.
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев, кейинги ҳафталар ичида вилоят бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилгани кузатилаётгани айтади.
- Бу олдин ҳам бор эди, лекин кейинги кунларда сал кучайгани сезиляпти. Милиция ходимлари кўзига таниш бўлмаган, озгина гумонлироқ кўринган ёки ўзини шубҳали тутган одамларнинг ёнига боришиб, паспортлари текширилаётганига кейинги кунларда кўзим тушиб турибди. Бундан ташқари чегарага яқин ҳудудлар, айниқса, Фрағона тумани маркази Водилга кираверишда қўшимча пост ўрнатилган. Бунга бир ҳафтача бўлиб қолди чамаси. Ўша постдан ўтаётган ҳар бир фуқародан паспорти сўралиб, кейин ўтказиляпти. Ёнида паспорти бўлмаганлар туман ички ишлар бўлимига олиб кетилиб, шахслари аниқланганидан кейин қўйиб юборилаётганини айтишяпти,- дейди фарғонгалик фаол.
Ўзбекистон бўйлаб кейинги ҳафталар давомида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани кузатилмоқда.
Хусусан, ўтган бир ҳафта ичида Тошкент шаҳри ва вилоятида “Исломий давлат” экстремист гуруҳига алоқадорлик иддаолари билан 200дан ошиқ одам ҳибсга олингани тўғрисида Озодлик хабар қилди. Шу ой бошида Тошкент шаҳар ва вилоятида куч ишлатар идорлари кучайтирилган режимга ўтказилган эди.
Пайшанба куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида институт талабаси ижтимоий тармоқларда экстремистик материалларни тарқатганлик айби билан ҳибсга олинди. Ўтган ойда Қўқонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ўрта мактабнинг икки аёл ўқитувчисини “Исломий давлат” экстремист гуруҳи варақаларини тарқатганлик айби билан ҳибсга олгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.