Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:52

Бекобод цемент заводи ишчиларига икки ойдан буён маош берилмаяпти


Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳридаги цемент заводи ишчилари икки ойдан бери иш ҳақини ололмаяпти. Заводда оддий ишчи бўлиб ишлайдиган ва исми очиқланмаслигини истаган йигитнинг Озодликка айтишича, ойликлар берилмаётгани ходимлар орасида жиддий норозилик уйғотган.

– Ҳозир кўпчилик, ойлик бермаса иш ташлаш қиламиз, деяпти. Раҳбарият эса озгина сабр қилинглар, бўлади, деб икки ойдан бери ойлик берилишини чўзиб келяпти, - дейди завод ишчиси.

Бекобод цемент заводи раҳбариятидаги Озодлик манбаси ҳозирги кунда корхона ходимларидан маош бўйича икки ойлик қарздорлик тўпланиб қолганини тасдиқлади.

Заводдаги манбанинг айтишича¸ вужудга келган муаммо корхона мижозлари бўлган давлат ташкилотларидан пул тушмагани билан боғлиқ.

–Завод ҳисобида етарли маблағ бўлмай қолди, ойликлар кечикиши шунинг учун. Нақд пулнинг йўқлиги билан боғлиқ бу. Лекин, бу эрта-индин ҳал бўладиган масала. Пластик карталарига ойлик маошнинг бир қисми ўтказилган, - деди Бекобод цемент заводидаги манба.

Завод ишчиларининг таъкидича¸ Бекобод шаҳридаги цемент заводида иш ҳақининг вақтида тўланмаслиги сўнгги бир йил ичида одатий ҳолга айланмоқда.

– Олдинги директор Ҳамза Алиев пайтида ойликларни вақтида олганмиз, мукофот пуллари берилар эди. Мана бир йил бўлди янги директор Макар Яковлев келди, на мукофот бор, на ойлик. Олдин бир миллион сўмгача ойлик берилар эди, ҳозир беш юз минг сўм, уни ҳам кечиктириб беради. Мана икки ой бўлди ойлик олганимиз йўқ, - дейди Бекобод цемент заводининг исми очиқланмаслигини истаган яна бир ишчиси.

Заводнинг бир гуруҳ ишчилари айни пайтда ойликлари берилмаётгани хусусида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига ҳам шикоят қилишгани, лекин самара чиқмаганини айтишди.

Бекободдаги цемент заводи Ўзбекистоннинг энг йирик корхоналаридан бири ҳисобланади.

1929 йилдан фаолият қилиб келаётган заводда 1700дан зиёд ишчи ишлайди ва йилига 1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади.

- Қаранг-да, заводдан кунига қанча цементовоз кетади, Тонна-тонналаб цемент чиқарамиз, қаёққа кетяпти пули, ҳеч ким билмайди. Завод раҳбарияти қарзимиз кўпайиб кетди, сабр қилинглар, дейишдан нарига ўтмайди, - дейди завод ишчиси.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлатга қарашли корхоналарда маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда.

Мустақил иқтисодчилар бу ҳолатни мамлакат иқтисодида жиддий қийинчиликлар, хусусан нақд пул тақчиллиги юзага келгани билан изоҳламоқда.

Жорий йил ўрталарида Озодликка сиздирилган Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботда мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

XS
SM
MD
LG