Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:03

Обидхон қорига суиқасдда айбланган Жуковский 18 йилга қамалди


37 ёшли Юрий Жуковский Остершунд шаҳридаги маҳкамада.
37 ёшли Юрий Жуковский Остершунд шаҳридаги маҳкамада.

Швеция шимолидаги Остершунд (Östersund) шаҳрида ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаров жонига қасд қилишда айбланган Юрий Жуковскийга 18 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Озодликка Обидхон қорининг яқинлари маълум қилди.​ 37 яшар Жуковский шу йилнинг 25 августда Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган эди.

Швед прокурори Кристер Питерссен Жуковскийга бир умрлик қамоқ жазоси сўраганди.

Унинг ишонишича, суиқасдга Обид қорининг фаолияти сабаб бўлган.

Кристер Петерссен Ўзбекистон ҳукуматини суиқасд амали ортида турганликда айблаган эди.

57 ёшли Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилганди.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обид қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада ётибди.

Обидхон қорининг ўғли Довудхон Озодлик билан суҳбатда суд қароридан тўқсон фоиз қониқиш ҳосил қилганини айтди.

- Биз чиқарилган ҳукмдан тўқсон фоиз қониқиш ҳосил қилдик. Бу ҳукм, Швеция қонунларига кўра, энг олий жазо - бир умрлик қамоқ жазосидан бир поғона пастда туради, - деди Довудхон Назаров.

OZOD-VIDEO: Обид қорига суиқасдда айбланган Жуковский 18 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:36 0:00

2006 йилдан бери Швецияда муҳожиратда яшаётган таниқли имом Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февраль куни Стромсунд шаҳридаги уйи йўлагида ҳужумга учраган эди. Ўқ отар қуролдан олинган жароҳатлари боис 57 ёшли Назаров шу кунгача касалхонада кома ҳолатида қолмоқда.

- Адвокат орқали ҳукмни юборишди. Умумий олганда ҳукм бизнинг фойдамизга муносиб бўлди. Маҳкама биз тарафдан тақдим этилган фактларни маъқуллади. Олдинги судларда биз истамаган натижа бўлмагани учун бизда бир оз хавотир бор эди. Аммо, бу галги судда кўплаб далил ва исботларимиз бор эди. Биз илгари сурган ҳамма талаблар амалга ошган эмас.

Энг асосий икки нуқтага эътибор қаратмоқчимиз. Биринчи нуқта, прокурор билан бирга жиноят ортида Ўзбекистон ҳукумати турганига оид ҳужжат ва далиллар тақдим этгандик. Аммо, биз тақдим этган далиллар юзасидан маҳкама конкрет ўз муносабатини билдирмаган. Шу сабабдан биз бу масалани кейинги юқори босқичдаги маҳкамага олиб чиқаришни муҳокама қилаяпмиз.

Иккинчи нуқта, жазо муддатига тегишли. Бизнинг талабимизга кўра, Жуковский бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилиши керак эди. Лекин, маҳкама ҳукмида жиноят ҳақиқатан ниҳоят оғирлиги таъкидланган ва бу ҳақда изоҳлар ҳам келтирилган.

Мисол учун, Жуковский жиноятни кимларнинг буйруғи асосида содир этгани, бу жиноят четдан туриб молиялаштирилгани ва узоқ вақт мобайнида жиддий планлаштирилгани ва Обидхон қори Назаровни ўлдиришга уринилгани ҳукмда қайд этилган. Шунинг учун ҳам маҳкама жиноятга энг оғир жазони беришни ўринли, деб топган.

Швеция жиноий кодексига кўра, бундай турдаги жиноятларга 18 йилгача қамоқ жазоси берилади. Судьяга кўра, Обид қори, оғир жароҳат олганига қарамасдан, тирик қолгани учун жазо бир поғона паст берилади. Бу жиҳатдан бизнинг фикримиз бир оз фарқ қилади.

Прокурор талқинига кўра, Жуковский жинояти қотилликка тенг бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан кейин инстанцияга чиқамиз. Аммо бу борада якуний хулосани прокурор беради.

Умуман олганда бу ҳукм ўзбекистонлик кўпчилик мусулмонлар ва хусусан оиламиз томонидан катта ютуқ сифатида баҳоланаяпти. Бу қарор келгуси тергов жараёнига тегишли бўлган катта ва кенг кўламли ишларимиз учун замина яратади. Ҳали иш охирига етгани йўқ. Асосий ижрочи жазоланди, аммо бу ишнинг орқасида турган кучли гуруҳлар бор. Уларни жавобгарликка тортиш ҳаракатлари ҳали анча давом этади, - деди Довудхон Назаров.

2012 йил май ойида суиқасд ижрочиси Жуковскийга кўмаклашганлик айби билан асли ўзбекистонлик эри-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар Швецияда қўлга олинган ва судга тортилган эди.

Суд Пўлатов ва Аминованинг айбини тасдиқловчи етарли далиллар тақдим этилмаганини айтиб, уларни озод қилган эди.

Ўтган ой Остершунд шаҳар судига айблов хуслосасини топшириб бўлгач, Озодликка гапирган терговчи Петерссен ўз аризасида бевосита Ўзбекистон ҳукуматини айбламаган бўлса-да, Жуковский суиқасдни “Ўзбекистон давлати буйруғига кўра” амалга оширгани хусусидаги иддаоларни илгари сурганини билдирганди.

XS
SM
MD
LG