Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:38

Ўзбек божхоначиларига курьерлик жўнатмаларини очишга рухсат берилди


Ўзбекистонга юборилаётган почта жўнатмаларига қўшиб, курьерлик жўнатмалари ҳам божхоначилар томонидан очилиши мумкин. Бу ҳақда қабул қилинган қарор матнида шахсий корреспонденция мустасно дейилган. Аммо, бу янгилик ортидан суриштирув жараёнида амалда Ўзбекистон ҳудудига кириб бораётган ҳар бир корреспонденция шу кунгача ҳам божхона текшируви вақтида очилаётгани ва ўқилаётгани маълум бўлди. Божхоначилар буни хавфсизликни сақлаш сабаби билан изоҳлади.

Қарор

Давлат Божхона хизмати ва Адлия вазирлигининг 11 декабрь куни таслиқлаган 896-1 сонли қарори билан «Халқаро почта жўнатувлари устидан божхона назоратининг вақтинчалик қоидалари»га қатор ўзгартишлар киритилди.

Қонунчиликка биноан шу кунга қадар почта жўнатмалари Божхона хизмати назоратидан ўтказилган бўлса, бундан буён Ўзбекистон ҳудудига кириб бораётган курьерлик жўнатмалари - алоҳида манзилга жўнатилаётган корреспонденция, посилка, матбаа нашри, бандероллар ҳам божхоначи томонидан очилиши ва ўқилиши мумкин.

Norma.uz сайтида эълон қилинган қарор матнида бу ўзгартишлар "ёзма корреспонденция (майда халталардан ташқари) ва дипломатик почтага дахлдор эмас"лиги қайд этилган.

Шунингдек, қарорга Norma.uz сайтида берилган шарҳда Ўзбекистонга хориждан кирган почта ва курьерлик жўнатмалари божхона учун тўлдирилган ҳужжатларда жўнатмага оид маълумотлар тўлиқ баён қилинмаган тақдирдагина божхоначилар томонидан очилиши мумкин, дейилган.

Бу ҳолатда божхона хизмати масъуллари жўнатмаларни аввалига техник воситалар ёрдамида текширади ва саволлар туғилса, уларни очади. Жўнатмаларни очиш жараёни махсус ажратилган ва тегишли ускуналар ўрнатилган жойларда курьерлик ширкати вакили ва Божхона хизмати мутасаддиларидан бирининг гувоҳлигида ўтказилади.

Муҳими, янги тартибга биноан текширувни ўтказган божхоначи жўнатма таркиби, ҳажми, оғирлиги ва ҳоказо маълумотларни қоғозга туширади ва бу ҳужжатнинг бир нусхаси адресатга йўлланади.

Қарор мантида бу ўзгариштирлар қарор матбуотда эълон қилинганидан 3 ой ўтиб, кучга кириши айтилган.

Амалиёт

Бу ўзгартишлар ортидан ўтказилган кичик суриштирув жараёнида эса аслида божхона хизмати Ўзбекистонга кириб бораётган ҳар бир жўнатма - почта жўнатмалари, курьерлик жўнатмалари, хусусан, алоҳида шахсларни номига жўнатилаётган корреспонденцияларни ҳам шу вақтгача очаётгани, ўқиётгани маълум бўлди.

"Ўзбекистон почтаси" акционерлик жамияти "Халқаро почтамт" филиалининг Божхона постига мижоз тариқасида боғланган Озодлик мухбирига ўзини таништирмаган ҳолда жавоб берган ходим мамлакат ҳудудига кираётган ҳар бир жўнатма очилишини айтди:

"Юз фоиз посилка бизда о-чи-лади. Божхона тўғрисидаги кодекснинг 45-моддасига кўра, юк эгасисиз очилиб, божхона назоратидан ўтказилади. 896 сонли қарор билан бунга курьерлик почта жўнатмалариям қўшилди, 10 килодан ошмаслик керак. Ошса, божхона декларацияси тузилади ва бож ундирилади. Энди ҳозир Ўзбекистон хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳаммаси очиб ўқиляпти. Сиз унинг ичида нима информация бераётганингизни билмайсизку?! Сизнинг шахсингизга оид маълумотни ҳеч ким тарқатмидику? Сизга ҳеч кимнинг ғарази йўқ, сизнинг шахсий маълумотингизни бировга сотмайди ҳам. Давлат миқёсида хавфсизликни сақлаш учун почталарнинг ҳаммаси очиб кўрилади, бу Божхона кодексида ҳам ёзилган", деди "Халқаро почтамт" филиали Божхона постининг ўзини таништирмаган ходими мижоз тариқасида боғланган мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистон Республикаси Божхона Кодексининг 45-моддасида эса шундай дейилган:

"Шахсни кўздан кечириш божхона чегараси орқали ўтаётган ёхуд божхона назорати зонасида ёки халқаро алоқа учун очиқ аэропортнинг транзит зонасида турган жисмоний шахс қонун ҳужжатларини бузиш объектлари ҳисобланувчи товарларни ўз ёнида яширяпти ва кўрсатмаяпти деб ҳисоблашга асослар бўлган тақдирда, божхона органи мансабдор шахсининг қарорига биноан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади".

Кодексда "белгиланган тартиб" «Ўзбекистон Республикаси МХХ-МХХБ авиация хавфсизлиги бўлинмалари томонидан қўлда олиб юриладиган юкни, багажни кўздан кечириш ва йўловчиларни, фуқаро ҳаво кемалари экипажи аъзоларини, аэропортлар ходимлари ва бошқа мансабдор шахсларни шахсан текшириб чиқишни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги йўриқномага асосланган.

Номидан ҳам кўриниб турганидек, божхоначилар шубҳали туюлган йўловчини қўлидаги сумкаси, чўнтакларидан ташқари ўзини ҳам алоҳида хонада пайпаслаб ёки ечинтириб текшириши мумкин.

Аммо, бу модданинг божхоначилар исталган шакл ва ҳажмдаги жўнатма, жумладан, алоҳида шасхга жўнатилган шахсий корреспонденцияни бирор асоссиз ёппасига текшириши мумкин, деган қисми йўқ.

Демак амалда, "Халқаро почтамт" филиалининг Божхона пости ходимига кўра, шу кунда Ўзбекистонга кириб бораётган барча почта ва курьерлик жўнатмалари, шу жумладан 896-1 сонли қарорда истисно қилинган шахсий корреспонденциялар ҳам ҳеч бир асоссиз "юз фоиз о-чи-лади, ўқилади".

Муҳими, жўнатмалар очилгани ҳақида адресат ёки жўнатувчи томонга ҳеч қандай маълумот берилмайди.

Курьерлик хизматлари

DHL EXPRESS ва TRANSCONTINENTAL халқаро почта ва курьерлик хизматлари Ўзбекистонга кириб бораётган почта жўнатмалари очилиши ва адресатга бу ҳақида расман маълумот берилмаслигини тан олдилар.

Жумладан, DHL EXPRESS хизматига мижоз тариқасида боғланган мухбирга маълумот берган ходим шахсий корреспонденциялар очилишидан бехабарлиги, аммо бу амалиётдан хабар топган тақдирда ҳам унинг ширкати бунга ҳеч қандай эътироз билдиролмаслигини айтди.

"11 декабргача ҳам уларнинг исталган хатни очиб текширишга ҳаққи бор эди. Таможняни бунга ҳаққи бор. Биз ҳамма жўнатмаларни божхона кўригидан ўтказамиз. Биз жўнатмаларни ичида нима борлигини билмаймиз, очмаймиз. Биз сизнинг жўнатмангизни эгасига айтилган вақтда етказиб берамиз, аммо очиш-очмаслик бу таможняни қўлида-да. Агар очиб текширишгани ҳақида МХХ қоғоз бермаса, биз беролмаймиз. Таможня очиб, нима қилса, биз ҳеч нарса қилолмаймиз, чунки, биз шу мамлакат доирасида ишлаймиз", деди халқаро курьерлик жўнатмалари хизматининг ўзини таништирмаган ходими.

Жавобдан тушунилишича, Ўзбекистон ҳудудига халқаро почта ва курьерлик хизматлари олиб кираётган ҳар битта жўнатма божхона хизмати кўригидан ўтказилади ва жўнатмани очиш-очмаслик мутлақо божхона хизматининг ихтиёрида.

Муҳими, шахсий жўнатмага дахл қилингани - яъни, очилгани ҳақида жўнатувчи ёки олувчига расман маълумот берилмайди.

11 декабрда қабул қилинган 896-1 сонли қарор билан эса мавжуд амалиёт, гўёки, расмийлаштирилди ва бундан кейинги биргина ўзгариш жўнатмаларнинг очилгани ҳақида адресатга ёзма равишда маълумот бериш бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG