Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:52

ОВИР расмийси: Эски паспортларнинг 14 кунлик умри қолди


Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида паспорт учун навбат
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида паспорт учун навбат

Ўзбекистонда нобиометрик паспортлар муддати узайтирилмаслиги ва паспорт олмаганларга жарима солиниши ҳақидаги огоҳлантиришлардан сўнг паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлди. Биометрик паспорт бериш жараёнини бир йилга узайтириш бўйича президентга киритилган таклифнинг жавоби ҳозирча номаълум.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда эски паспортларни биометрикларига алмаштириш муҳлати тугаб бораётганидан ваҳимага тушган фуқаролар паспорт столларига ёприлгани ва тиқилинч юзага келганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошармаси расмийлари йил охиригача эски паспортини янги биометрик паспортга алмаштиришга улгурмаганлар жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантирмоқда:

- Президентнинг фармони бор, уни ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Шу фармонга мувофиқ эски паспортлар йилни охиригача амалда бўлади. Улгурмаганлар жаримага тортилади, - деди Тошкентнинг Миробод тумани Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси расмийси.

Лекин ОВИР расмийлари янги паспорт олишга улгурмаганлар қанча миқдорда ва қандай қонуний асосда жаримага тортилишини айтиб бера олишмаяпти.

Айни пайтда аҳоли орасида эски паспортлар муддати яна бир йилга узайтирилиши ва бу ҳақдаги таклиф мамлакат президентига киритилгани ҳақида гап-сўзлар ҳам бор.

Лекин паспорт бўлимлари расмийлари нобиометрик паспортлар муддатининг узайтирилиши ҳақидаги хабарларни инкор қилишмоқда.

- Эски паспортларни 14 кунлик умр қолди. Одамлар бир кунда келиб бир кунда янги паспортга ҳужжатларни расмийлаштириб кетишмоқда. 31 декабргача улгурса бўлади. Ўзи аслида биометрик паспорт берила бошлаганига беш йил бўляпти. Эски паспортлар 2015 йил охиригача амал қилиши беш йил олдин айтилган. Шунча вақт берилди. Кутиб ўтирмасдан вақтида олиш керак эди, - дейди Самарқанд шаҳар Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими расмийси.

Айни пайтда хорижда яшаётган ўзбекистонликлар ҳам эски паспортларини янгисига алмаштириш учун Ўзбекистон консулхоналарига мурожаат эта бошлаган.

Элчихона расмийлари эса рўйхатдан ўтмаган фуқаролар Ўзбекистонга бориб олишлари кераклигини айтишмоқда.

- Бизда рўйхатдан ўтганларга, талабалар ёки расман элчихонадан рўйхатдан ўтиб ишлаётганларга паспортни берамиз. Рўйхатдан ўтмаганлар Ўзбекистонга бориб олишади. Эски паспортлар муддати шу йил охирида тугайди, - деди Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси расмийларидан бири.

Айни пайтда паспортни олишга улгурмаганлар ҳукуматни айблашмоқда.

- Паспорт вақтида берилмагани бизни айбимиз эмаску. Атайлаб чўзишди. Ойлаб кутганлар бўлди. Ҳозир паспортни вақтида олмадинг деб, бизни айблашаяпти. Белгиланган вақтида берса ҳамма олади паспортни, - дейди хоразмлик Азамат.

XS
SM
MD
LG