Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:44

Янги йил арафасида Ўзбекистон бўйлаб хавфсизлик чоралари янада кучайтирилди


Янги йил олдидан Ўзбекистон бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғининг маҳаллалар, корхона ва бошқа объектларда аҳолини огоҳоликка чақирувчи тадбирлар уюштирилаётгани тўғрисидаги сўзлари маҳаллий нашрлар келтирмоқда. Ички ишлар идорасидаги Озодлик манбаси маҳалларда уюштирилаётган махсус суҳбатлар чоғида диний экстремизм ва террорчиликни олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши уқтирилаётганини билдирди. Бундан ташқари, давлат муассасаларидан янги йил байрами кунлари кечаю кундуз навбатчилик ташкил этиш талаб этилмоқда. Бундан аввал Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг террорчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи мамлакатда террорчилик таҳдиди йўқлигини таъкидлаб, аҳолини ваҳимага берилмасликка чақирган эди.


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғуновнинг маҳаллий матбуотда келтирилаётган сўзларига кўра, Янги йил байрами арафасида мамлакат бўйлаб “тегишли хавфсизлик чоралари” кўрилмоқда.

Турғуновнинг айтишича, байрам кунлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун ишлаб чиқилган тадбирлар режаси амалга оширилмоқда.

Жумладан, “кутилмаган вазиятларга йўл қўймасликка қаратилган махсус рейдлар” уюштирилаётганини билдирган мулозим маҳалла ва корхоналарда “огоҳликка чақирувчи” тадбирлар уюштирилаётганини қўшимча қилди.

Ўзбекистон бўйлаб кейинги ойларда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, хусусан, Тошкент шаҳри ва вилоятида ички ишлар идоралари “казарма ҳолати”га келтирилгани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Тошкент ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбаси Янги йил байрами кунлари шу пайтгача жорий этилган чораларни янада кучайтириш топшириғи юқоридан туширилганини айтади.

“Режим янада кучайтирилди. Янги йил кунлари учун махсус тезкор гуруҳлар сони кўпайтирилди. Ҳар бир туманда одатда биттадан оператив гуруҳ бўлади одатда, шуларни иккитага кўпайтирдик. Байрам олдидан профилактика ишлари ҳам кучайтирлди. Ҳар куни маҳаллаларга чиқиб, йиғилишлар ўтказиляпти. Ҳар бир маҳаллада туман бўлимлари бошлиқлари, ҳокимиятлар вакиллари иштирокида ҳафтада икки марта йиғин уюштириляпти”, дейди суҳбатдош.

Ички ишлар бошқармаси мулозимининг айтишича, бу суҳбатлар пайтида диний экстремиз ва террорчилик ҳолатлари олдини олиш масаласига алоҳида урғу берилмоқда.

“Биласиз, террорчиликка қарши кураш ҳозир асосий мавзуга айланган. ИШИД ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Бундан ташқари кейинги пайтларда Тошкент бўйича ёшлар орасида жиноятчилик ошиб бормоқда, бу масалага ҳам эътибор қаратяпмиз”, дейди ички ишлар бошқармаси мулозими.

Хавфсизлик чоралари вилоятларда ҳам кучайтирилаётгани тўғрисида Озодликка хабар келмоқда.

Жума куни Whatsapp орқали келган хабарда “Жиззахда соат 21:00дан кейин кўчада юриш тақиқланди. Арча олдида оддий халқдан милиция ходимлари кўпроқ”, дейилади.

Давлат муассасалари ходимларидан Янги йил кунлари кечаю кундуз навбатчилик ташкил этиш тўғрисида тихлат олинмоқда
Давлат муассасалари ходимларидан Янги йил кунлари кечаю кундуз навбатчилик ташкил этиш тўғрисида тихлат олинмоқда

Бундан ташқари вилоятларда, давлат муассасалари ходимларидан байрам кунлари тунги навбат ташкил этиш талаб этиляпти.

Қашқадарё вилоятида таълим муассасалари раҳбариятидан бу ҳақда тилхат олинмоқда. Озодликнинг Telegram муштарийлари жўнатган тилхат нусхасига кўра, раҳбарлар “Янги йил штабини тузаман” ва “2015 йил 30-31 декабрь кунлари ҳамда Янги йил байрами арафасида 2016 йил 1-2 январь кунлари кечаю кундуз шахсан ўзим бошчилигимда узлуксиз наввбатчилик ташкил этаман”, деган мазмундаги кафолат хатига имзо чекишга мажбурланмоқда.

Ўзбекистон расмий идоралари мамлакатдаги хавфсизлик вазияти хусусида бир-бирига зид баёнотларни бераётганини қайд этиш жоиз. Шу ҳафта бошида Ички ишлар вазирлигининг бошқа бир мулозими, террорчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи подполковник Ўктам Муродов ўзбекистонликларни ваҳимали миш-мишларга учмасликка чақириб, мамлакатда вазият “умумиятла тинч” эканини алоҳида таъкидлади.

Озодлик бир неча кун аввал Тошкент халқаро аэропортида ҳам хавфсизлик чораралари кучайтирилиб, “Исломий давлат” экстремист гуруҳига алоқадорлиги эҳтимоли бўлган шахсларни аниқлаш билан шуғулланаётган “ИГИЛ-контроль” гуруҳлари жорий этилгани ҳақида хабар қилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти эса, пойтахтликларни Янги йил байрамини ўз уйларида нишонлашга чақирган эди.

XS
SM
MD
LG