Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:36

Нақд пул тақчиллиги боис омонатчилар ўз пулларини ололмаяпти


Ўзбекистон тижорат банклари фуқароларнинг нақд пулда қўйган омонатини нақдсиз кўринишда қайтаришни таклиф этмоқда. Озодликка маълум бўлишича, мамлакат иқтисодида юзага келган нақд пул тақчиллиги энди банкларнинг омонатчилар пулига ҳиёнат қилишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон қонунларига кўра, тижорат банклари фуқаролар омонатини вақтида қайтариш учун маъсулдир ва бу талабни бузгаy молия муассасалари жаримага тортилиши кўзда тутилган. Озодлик суҳбатлашган банк ходимларига кўра, нақд пул муаммосини ҳал этиш бўйича ҳукумат тарафидан амалий чоралар кўрилмаётир.

Ўзбекистонликлар бошдан кечираётган иқтисодий қийинчиликларни янада оғирлаштирган нақд пул тақчиллиги муаммоси билан боғлиқ вазият кун сайин кескинлашаётганини кузатиш мумкин.

Сўнгги икки йилнинг асосий иқтисодий муаммосига айланган нақд пул тақчиллиги энди фуқаролар тижорат банкларига қўйган омонатларини ололмаётганига сабаб бўлмоқда.

Озодликка мурожаат қилган Агробанк мижози бир неча йил аввал нақд пул кўринишида қўйган омонатини олиш муддати келиб, банкка борганда унга нақд пул йўқлиги айтилиб, омонатни банк тўлов картасига тушириб бериш таклиф этилганидан шикоят қилди.

“Масалан, бизнинг Агробанк мисолида буни кўриш мумкин. Муддати келган омонатни пластик картада қайтаришни таклиф қилишяпти. Нима учун нақд пулда қўйилган омонатни пластикда олишимиз керак?” деб ёзди Агробанк омонатчиси.

Ўзбекистондаги йирик тижорат банкларидан бирининг мулозими Озодлик билан ўзаро суҳбатда, нақд пул тақчиллиги омонатларнинг вақтида қайтарилмаётгани ва нақдсиз кўринишда қайтариш таклиф этилишига сабаб бўлаётганини тасдиқлади.

“Ҳозир нақд пул муаммоси кун сайин оғирлашаётганини биласиз. Нақд бўлмагандан кейин пластикка тушириб бериш таклиф этиляпти, бу тўғри. Лекин банкларнинг бунга ҳаққи йўқ. Банкда пул бўлса, биринчи навбатда омонатчиларга қайтарилиши керак, деган талаб бор. Бу талабни бузга банкларга жарима солинади. Лекин нақд пул бўлмаса, банк нима қила олади. Йўқ деганда пластикка тушириб берайлик дейдида”, дейди банк мулозими.

Яна бир тижорат банкининг шахсини очиқлашни истамаган ходими ҳам банкларнинг омонатни нақд пулда қайтариши шарт, банк картасига тушириб бериш таклифи эса мижозни алдашга уринишдан бошқа нарса эмас, дея таъкидлади.

“Бундай таклиф қонунга хилофдир. Бу ҳақда президентнинг махсус фармони бор – омонат қандай кўринишда қўйилган бўлса, ўша кўринишда қайтарилсин, деган. Бу ерда, шунчаки, нақд пул танқислиги вазиятидан чиқиш мақсадида тижорат банклари шундай таклифларни қилмоқда, кимдир рози бўлса, ўхшаб қолса, деган умид билан. Лекин бу мижозни алдашдир. Пулни мажбуран картага ўтказишга ҳаққи йўқ”, дейди банк ходими.

Нақд пул тақчиллиги вазияти кун сайин мушкуллашаётганига қарамасдан, ҳукумат тарафидан муаммони ҳал этиш борасида чоралар кўрилмаётгани кўпчиликни ҳайрон қолдирмоқда, дея давом этади суҳбатдош.

“Нақд пул тақчиллиги оқибатида маошлар, пенсиялар вақтида берилмаётганини кўряпмиз. Пенсияларни оммавий тарзда пластикка ўтказишяпти. Энди омонатларни пластикка ўтказишни таклиф қилишяпти. Агар шу чора билан муаммони ҳал қилишга умид қилишаётган бўлса, демак вазият янада оғирлашишини кутишимиз мумкин. Бу тизимли муаммо, уни ҳал этиш учун банк тизимини, солиқ тизимини, пул сиёсатини ислоҳ қилиш керак. Лекин бундан дарак йўқ. Ислоҳотлар қанчалик кечиктирилса, вазият ёмонлашишда давом этаверади”, дейди банк ходими.

Унинг айтишича, Ўзбекистон банкларига омонат қўювчилар шундоқ ҳам йилдан йилга камайиб бормоқда. Омонатчилар асосан пулларини уйда сақлашни одат қилмаган қариялар ҳамда банкда ишлайдиган қариндошлари илтимосига кўра, омонат қиладиган фуқаролардан иборат, дейди у.

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги айниқса кейинги икки йилнинг ҳодисасига айланди. Бу муаммо маош ва пенсияларнинг бир неча ойлаб кечиктирилишига сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.

Шу ҳафта бошида биргина Тошкент вилоятида февраль ойи пенсияларини тўлаш учун 90 миллиард сўм етишмагани ҳақида Озодлик хабар қилди.

Ўтган йилнинг апрел ойида Марказий Банк раҳбарияти мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида юзага келган нақд пул тақчиллиги тез орада ҳал этилмаса, олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG