Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:13

Вилоятлардан Тошкентга меҳмонга келганлар милиция ҳисобида турмаса жаримага тортилади


1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи қариндошиникига 5 кундан зиёд вақтга меҳмонга келган вилоятликлар милиция бўлимларида ҳисобга туришлари шарт. Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига кўра, эндиликда Тошкентдаги санаторийларга дам олиш учун келганлар ҳам милиция ҳисобида туришлари мажбурий қилиб белгиланган. Бу тартибни бузганлар жаримага тортилади ва Тошкентдан мажбуран чиқариб юборилади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи таниш-билиши ёки қариндошиникига меҳмонга келган вилоятликлар эндиликда пойтахтда фақат 5 кун мобайнида яшашлари мумкин. 5 кундан узоқ қоладиган одам милиция бўлимига бориб ҳисобга туриши лозим.

Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш Республика бўлими (халқ тилида ОВИР)дан олинган маълумотга кўра, вилоятлардан келганлар ҳисобда туриш учун 5 кун муддат ичида Тошкент шаҳри ва вилоятида вақтинча турган жойидаги милиция таянч пунктига бориб, ҳужжат топшириши шарт.

Янги тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 26 февралдаги 54-сонли қарорига асосан амалга тадбиқ қилинмоқда.

Мазкур ҳужжатга кўра, Тошкентга 5 кундан ортиқ муддатга меҳмонга келган одамдан милиция бўлимида ҳисобга туриш учун қариндоши ёки танишининг уйида яшаш учун тузилган ижара шартномаси талаб қилинади. Вилоятдан келган киши Тошкентдаги танишикида текинга яшаса ҳам шундай шартномани милиция бўлимига топшириши лозим.

Агар вилоятлик Тошкентда яшовчи фарзанди ёки бошқа жуда яқин қариндошиникига келса, ижара шартномаси талаб қилинмайди. Бу ҳолатда фуқаро қариндошлик даражасини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этиши керак бўлади.

Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш Республика бўлими (ОВИР) расмийсига кўра, Тошкентда яшовчи шахс билан вилоятдан келган меҳмоннинг қариндошлиги даражаси жуда узоқ бўлса, уни ҳисобга олиш рад қилиниши мумкин.

Шунингдек, агар вилоятдан келган шахс аввал пойтахтга келиб бирор ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса ёки унинг жамоат тартибини бузиши мумкинлиги ҳақида милиция бўлимида маълумот бўлса ҳамда ҳужжатларида нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги аниқланган тақдирда ҳам ҳисобга олиш рад қилиниши мумкин.

Янги тартибга кўра, эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, санаторийлар, дам олиш уйларига келган вилоятликлар ҳам милиция ҳисобига туришлари шарт қилиб белгиланган.

Бу ҳолатда ушбу муассасаларнинг масъул шахслари бир сутка мобайнида вилоятдан келган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни милиция бўлимларига жўнатиши лозим.

Республика ОВИР бўлими расмийси вилоятдан Тошкентга келганларни меҳмонхонада туришларини тавсия қилади. Унга кўра, бу ҳолатда ҳисобга олиш жараёни осон кечиши мумкин.

Расмийнинг айтишича, Тошкентга келиб белгиланган муддат ичида милиция ҳисобига турмаганлар жаримага тортилади.

“Вилоятдан келган фуқаро ҳисобдан ўтмаган ҳолда яшаётгани аниқланса, унга энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан 3 баробаригача жарима солинади. Уй эгаси ҳам меҳмонни милиция ҳисобидан ўтмаган ҳолда яшашига рухсат бергани учун жаримага тортилади”, деди расмий.

Янги тартибга кўра, ҳисобга турмаган ва ҳисобга олиниши рад қилинган фуқаро Тошкентдан мажбуран чиқариб юборилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG