Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:52

Қозоғистонда ажнабийларга ер сотилишига қарши митинглар давом этмоқда


Ақтўбе шаҳридаги митингга келган норозилар, 2016 йил 27 апрели.
Ақтўбе шаҳридаги митингга келган норозилар, 2016 йил 27 апрели.

27 апрель куни Қозоғистоннинг Ақтўбе ва Семей шаҳарларида “ер сотилиши”га қарши рухсат этилмаган оммавий митинглар бўлиб ўтди. Ҳар иккала йирик шаҳардаги намойишда юзлаб норози иштирок этгани айтилаяпти.

Ақтўбедаги норозилик акцияси

Чоршанба куни Ақтўбе шаҳридаги Тўнғич президент боғида Қозоғистон Ер кодексига ўзгартиш киритилишига ҳамда расмийларнинг қишлоқ хўжалик ерларини сотиш режасига қарши ўтказилган митингда юзлаб одам қатнашди.

Ақтўбелик ҳуқуқ фаоли Ольга Климонова Озодликнинг қозоқ хизматига митинг ҳақидаги хабар мобил мессенжерлар воситасида тарқатилганини айтди. Митинг бошланадиган пайтда Тўнғич президент боғи “кемирувчиларни ўлдириш учун” ёпиб қўйилган. Ольга Климоновага кўра, митингга келганлар боғнинг очилишини кутиб ўтирмаганлар.

- Митингни йўлакнинг ўзида бошлаб юбордилар. Вилоят ички сиёсат департаменти бошлиғи келганидан кейин одамларнинг боғ ичига киришига рухсат бердилар, - дер экан Ольга Климонова ҳокимият вакили йиғилганларга "Дўстлик уйи" биносига киришни таклиф қилгани, бироқ митингчилар бу таклифни хуштак билан рад этганларини қўшимча қилди.

Ақтўбеда "ер сотилиши"га қарши ўтган митингдан лавҳа
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:50 0:00
Бевосита линк

Ақтўбедаги митингдан лавҳа Facebook тармоғидан олинди.

Ақтўбелик ҳуқуқ фаолининг айтишича, митингда сўзга чиқишни истаганлар кўп бўлган, вилоят марказидаги митингга турли қишлоқлардан одамлар келган. Полиция ходимлари воқеани четдан кузатиб турганлар.

Семейдаги намойиш

Куннинг иккинчи ярмида Семей шаҳридаги Ғалаба боғида ҳам ер масаласига бағишлаган митинг бошланган. Маҳаллий фаол Майра Абеновага кўра, одамлар соат 14 дан кейин боғни кўзлаб кела бошлаганлар.

- Бизнинг биринчи галдаги талабимиз – ер чет элликларга сотилмаслиги керак. Иккинчидан, қишлоқ хўжалик ерлари 1 июлдан кимошдига қўйилади, дейишаяпти. Биз ернинг хусусий мулк қилиб берилишига қаршимиз, - деди митинг иштирокчиларидан бири Гулфайра Жанибекова.

Ер кимошдига қўйилишига қарши Семейда ўтказилган митингдан лавҳа
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:41 0:00

Семей шаҳридаги митингдан лавҳа Озодлик муштарийси томонидан йўлланган.

Маҳаллий фаол Майра Абеновага кўра, митингчилар билан учрашишга шаҳар ҳокими ва прокуратура вакиллари келган. Улар митингчилардан ўз талабларини ёзма шаклда баён қилиб беришни сўраганлар ва мазкур талабнома мазмунини республика расмийларига етказишга тайёр эканларини билдирганлар. Остонага йўлланажак хат остида имзо йиғилиб, ҳокимга топширилганидан сўнг митингчилар тарқаб кетганлар.

“Ер сотилиши”га қарши рухсат етилмаган митинг 24 апрель куни Атирау шаҳрида ҳам бўлиб ўтган, унда, турли ҳисоб-китобларга кўра, 700 кишидан бир неча минг нафаргача норози иштирок этганди. Вилоят марказларида уюштирилаётган оммавий митинглар ҳамда Остона ва Олмаотада ўтказилаётган бир кишилик акцияларга расмийларнинг жорий йил 1 июлидан 1 миллион 700 минг гектар ер кимошдига қўйилиши ҳақидаги баёнотлари сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG