Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:15

"GM Uzbekistan раҳбарларининг қамоққа олинишига Россиядаги инқироз сабаб бўлган"


GM Uzbekistan собиқ бош директори Тоҳир Жалилов.
GM Uzbekistan собиқ бош директори Тоҳир Жалилов.

GM Uzbekistan раҳбариятининг қамоққа олинишига Ravon автомашиналарини Россияга экспорт қилишдаги қонунбузарликлар сабаб бўлгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ravon бренди Россия ваколатхонаси расмийси Елена Кузнецова мана шундай баёнот билан чиқди. Аввалроқ GM Uzbekistan раҳбарияти Ravon автомашиналарини Россияга эскпорт қилиш жараёнида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликда гумонланиб қамоққа олингани хабар қилинган эди.

"GM Uzbekistan раҳбарларининг қамоққа олинишига Россиядаги инқироз сабаб бўлган"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:41 0:00
Бевосита линк

Ravon бренди Россия ваколатхонаси расмийси Елена Кузнецованинг билдиришича, Ravon автомашиналарини Россияга экспорт қилишдаги қонунбузарликлар GM Uzbekistan раҳбариятининг қамоққа олинишига сабаб бўлгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

“Ravon брендининг тақдимоти ўтган йилнинг октябрида бўлиб ўтган. Бу бренд бўйча катта миқдордаги қарздорлик йўқ. Алоҳида таъкидламоқчиманки, тергов жараёнида айтилаётган автомашинлар Uz-Daewoo бренди остида 2014-2015 йилларда ишлаб чиқарилган. Ravon R2 автомашиналарининг биринчи партиясини ишлаб чиқариш эса фақат 2016 йилнинг 25 мартида якунланган. Шунинг учун терговга Ravon, жумладан, Ravon R2 машиналарининг алоқаси йўқ. Айниқса, R2 фақат Россияга жўнатилиш учун ишлаб чиқилган, бу машинани ҳеч ким Ўзбекистон ички бозорида сотган эмас”, деб билдирган Елена Кузнецова Озодлик радиоси билан телефон орқали суҳбатда.

Озодлик манбалари 2010 йилдан бери ўзбек автоконцернини бошқарган Тоҳиржон Жалиловнинг қамоққа олинишига айнан Ravon автомашиналарини Россияга экспорт қилишдаги қонунбузарликлар сабаб бўлганини айтмоқдалар.

Озодлик манбаларига кўра, Жалилов GM Uzbekistan корхонаси ишлаб чиқарган машиналарни Россияга эскпорт қилишда ноқонуний схемалар ёрдамида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликда гумонланмоқда.

Бу маълумотларда иддао қилинишича¸ Жалилов “Россияга жўнатилган автомобилларни криминал схема асосида сотган ҳамда пулларни оффшор банкларга ўтказган”.

- Бу машиналар олдин қоғозда Россияга “экспорт” қилинган¸ аслида эса Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги отстойникка (машиналарни вақтинча сақлаш учун ташкил этилган майдон-таҳр.) вақтинча олиб бориб қўйилган. Кейин эса ими-жимида бу машиналар “реэкспорт” бўлиб (мамлакатга қайта олиб кирилиб-таҳр.), Ўзбекистонда қайта сотилган,- деб билдирган Озодлик манбаси.

Ravon бренди Россия ваколатхонаси расмийси Елена Кузнецованинг иддао қилишича, Ўзбекистонда GM Uzbekistan раҳбариятига нисбатан бошланган терговга 2008 йилдан 2015 йилгача юз берган воқеалар асос бўлган.

“Мен бу иш ким томонидан ва нима учун ўйлаб топилганини билмайман. Балки қандайдир одамлар ишлаб чиқаришдаги раҳбарларни ўрнини алмаштиргиси келгандир. Аслида бу воқеалар долларнинг рублга нисбатан курси кескин кўтарилиб кетиши билан боғлиқ. 2014-2015 йилларда Россияда ишлаб турган автомобиль ишлаб чиқарувчилар машиналар нархини сунъий равишда ушлаб туришга мажбур бўлганлар. Бунинг ортидан биргина Россиянинг АвтоВАЗ ширкати 73 миллиард рубль зиён кўрган. GM Uzbekistan ҳам бундан истеъсно эмас. Бироқ бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилардан фарқли ўлароқ зиён GM Uzbekistan ширкатига эмас, балки унинг Россиядаги расмий дистрибютери зиммасига юкланган”, деди Елена Кузнецова.

Унинг айтишича, аввалги тартиб бўйича Ўзбекистондан Россияга экспорт қилинган машиналарга дистрибютерлар 180 кун ичида ҳақ тўлаши керак бўлган. Аммо GM Uzbekistan АвтоВАЗ каби дистрибютерлар кўрган зиённи ўз зиммасига олмай, аксинча қарз сифатида кўрсатгани оқибатида банклар дистрибютерларга кредит беришдан воз кечган.

Унинг айтишича, бунинг ортидан 2016 йилнинг март ойига келиб, дистрибютерлар GM Uzbekistan ширкатига 2015 йилда экспорт қилинган машиналар учун ҳақ тўлаш имкониятидан маҳрум бўлган.

“Завод бу зиённи ўз зиммасига олган эмас, бунинг ортидан мана шу тергов бошланди. Қозоғистонга ҳеч қандай машиналар олиб кирилмаган ва олиб чиқилмаган. Экспорт қилинган машиналар учун тўланиши керак бўлган ҳақнинг ширкат бюджетидан топилмагани GM Uzbekistan раҳбариятига нисбатан терговнинг бошланишига асос бўлган”, деб ҳисоблайди Елена Кузнецова.

Унга кўра, бугунги кунда Ravon R2 хэтчбеклари юкланган 10та автомобил ташувчи машина Ўзбекистон чегарасидан Россияга ўтказилмай, ушлаб турилибди.

“Бунинг сабаби пулга боғлиқ бўлаяпти, чуни автомобилларга аввалдан тўлаб қўйилган ҳақ машиналарнинг тўла қийматини қопламайди. Яқиндагина ўзбек томони тўлаб қўйилган пул ҳисобидан автомобилларни Россияга жўнатишга тайёр эди. Машиналар чегарага етиб келганида, уларга тўлиқ пул тўланиши шартлиги аён бўлди. Россияда нақд пул топиш жуда қийин, шунинг учун бизга пул топишга вақт керак бўлди. Автомашиналарни яқин кунларда чегарадан олиб ўтишга рухсат берилишини кутиб турибмиз, лекин улар Россияга қачон етиб келишини фақат машиналар чегарадан олиб ўтилганидан сўнггина аниқ айта оламиз”, деди Елена Кузнецова Озодлик билан суҳбатда.

Март ойида Озодлик радиоси Ravon R2 хэтчбекларининг Россияга экспорт қилинадиган биринчи партияси ҳали мамлакатга етиб келмасданоқ сотиб бўлингани, харидорлар камида 250та автомашина учун пул тўлаб қўйгани ҳақида хабар берган.

Автомашиналар Россиядаги дилерларга апрель ойининг охиригача етказиб берилиши шарт эди. Ravon R2 хэтчбекининг базавий комплектациясига Россияда 369 минг рубль нарх белгиланган. Хэтчбекнинг Optimum ва Elegant комплектациялари эса 429 минг ва 469 минг рублдан сотилади. Аммо Ravon R2 учун пул тўлаб қўйган россияликлар икки ойдан бери ваъда қилинган автомашиналарини ололмаяпти.

“Ўзавтосаноат” ва GM Uzbekistan расмийлари Озодлик радиоси билан суҳбатда Елена Кузнецова берган маълумотларни тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ.

GM Uzbekistan расмийси эса Озодлик радиоси мухбири ширкат бош директори номига расмий сўров билан мурожаат қилган тақдирдагина қонунда белгиланган муддатларда бу маълумот юзасидан изоҳ берилишини билдирди.

GM Uzbekistan расмийсининг айтишича, қамоққа олинган Тоҳиржон Жалиловнинг ўрнига бош директор вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Рустам Ражабов тайинланган.

XS
SM
MD
LG