Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:04

Бишкекда Ўзбекистон - Қирғизистон сиёсий маслаҳатлашувлари бошланди


Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари совуқлашгани ортидан икки давлат ўртасидаги чегаралар ёпиқлигича қолмоқда.
Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари совуқлашгани ортидан икки давлат ўртасидаги чегаралар ёпиқлигича қолмоқда.

Бугун Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бошланди. Жорий йилнинг март ва апрель ойларидаги воқеалардан сўнг муносабатлари янада совуқлашган икки давлат ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар сўнгги бир неча йил ичида биринчи марта ўтказилмоқда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Озодлик радиосига билдириишча, 11 май куни Бишкекда бошланган Ўзбекистон-Қирғизистон сиёсий маслаҳатлашувларига келган ўзбек делегациясига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Муҳаммаджон Ботиралиев раҳбарлик қилмоқда. Қирғиз томонидан эса маслаҳатлашувларда Ташқи ишлар вазирлигининг Биринчи сиёсий департаменти бошлиғи Айбек Молдагазиев раҳбарлигидаги делегация иштирок этади.

- Бундай сиёсий маслаҳатлашувлар 1990 йилларда ва 2000 йилларда ҳам бўлган эди. Маслаҳатлашувда икки томонлама алоқалар бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинади. Маслаҳатлашувларнинг қачон тугаши ҳозирча аниқ эмас, бу муҳокама қилинаётган масалалар бўйича ечим топилишига боғлиқ. Маслаҳатлашувлар натижалари ҳақида жамоатчиликка қўшимча ахборот берилади, - деди Озодлик радиосига Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Нурлан Суеркулов.

Сўнгги марта ўзбек- қирғиз сиёсий маслаҳатлашувлари 2013 йилнинг 24-25 декабрь кунлари Тошкентда ўтказилган эди.

Қирғизистон ҳукумати ўтган ойда Ўзбекистон фойдаланиб келган йигирмага яқин объектларни, жумладан, каналлар, сув омборлари, пансионатлар ва нефть қазиб олинувчи қудуқларни Бишкек ихтиёрига ўтказиш тўғрисда қарорлар қабул қилган эди.

Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича мутасаддиси Қурбанбай Искандеров 3 май куни Ўзбекистон фойдаланиб келган 20 объектадан 12 таси тўлиғича Қирғизистон ихтиёрига ўтказилганини маълум қилди. Бугунги кунда эса Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга тегишли бўлган 4 пансионатни Қирғизистонга ўтказиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

“Маслаҳатлашувларда мана шу объектлар масаласи ҳам кўриб чиқиладими?” деган саволга Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот департаменти маслаҳатчиси Мелисбек Байсимаков “Йўқ”, деб жавоб берди.

- Бу объектлар масаласида ҳукуматнинг махсус комиссияси бор. Бу масала ўша комиссия орқали муҳокама қилинади. Маслаҳатлашувларда эса икки давлат Ташқи ишлар вазирлиги ўртасидаги алоқалар ва икки давлат ўртасидаги муносабатларга оид долзарб муаммолар ҳақида гап бўлади, - деди Мелисбек Байсимаков.

2016 йилнинг 18 мартида Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган ҳудудга бир неча кунга ҳарбий техника ва аскар киритгани ортдан унча яхши бўлмаган Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари янада совуқлашиб кетган эди. Бу совуқлашув ортидан Бишкек ҳукумати Шўролар давридан бери Қирғизистон ҳудудида жойлашган, аммо Ўзбекистон фойдаланиб келган объектларни Қирғизистонга ўтказиб олиш бўйича кескин қарорларни чиқарган эди.

Ўзбекистон - Қирғизистон муносабатларининг совуқлашувига Бишкекнинг Қамбарота-1 ГЭСини қуриш режаси омил яратгани айтилиб келинади. Ўзбекистон бу ГЭС қурилиши ортидан трансчегаравий сув заҳиралари назорати Бишкек ҳукумати қўлига ўтиб қолиши ва экологик бўҳрон юзага келишидан ташвиш билдириб келмоқда.

2009 ва 2012 йилларда Россия Қамбарота ГЭСи қурилишига деярли 2 миллиард доллар беришни ваъда қилган. Кейинроқ Москва ўз позициясини ўзгартириб, Бишкек Қамбарота масаласида қўшни давлатлар, жумладан, Тошкент билан ўзаро келишиб олиши лозимлигини таъкидлаган.

2015 йилнинг декабрида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев жамоатчиликка Россия ваъда қилинган пулларни бермаслиги аниқ бўлганини айтган. Шундан сўнг қирғиз парламенти Москва билан ҳамкорликдаги лойиҳаларга оид шартномаларни бекор қилган эди.

XS
SM
MD
LG