Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:15

АҚШ Ўзбекистон "мустақиллигини мустаҳкамлаш"га ажратиладиган маблағни кўпайтирмоқчи


АҚШ Давлат департаменти Конгрессдан янги молия йилида Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида мустақиллик ҳамда барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағ миқдорини кўпайтиришни илтимос қилди.

Розенблюм Ўзбекистон АҚШнинг муҳим ҳамкори эканини таъкидлади

Конгресснинг Яқин Шарқ, Жанубий ва Марказий Осиё бўйича қўмитасида чиқиш қилган давлат котиби ўринбосарининг ёрдамчиси Дэниел Розенблюм бу мақсадлар учун бюджетни 164,1 миллион долларга кўпайтириш лозимлигини таъкидлади.

Розенблюмга кўра, “минтақада ягона парламент демократиясига эга бўлган” Қирғизистонга бюджетнинг асосий қисми, яъни 51 миллион 800 минг доллари ажратилади. Бу 2015 йилдагига нисбатан 39 фоизга кўпдир.

Тожикистонга 41,6 миллион доллар, Ўзбекистонга 11,6 миллион доллар, Қозоғистонга 8,8 миллион доллар ажратилиши назарда тутилган.

Ўзбекистонга ажратиладиган маблағ миқдори ўтган йилга солиштирганда 9 фоизга кўпдир.

“АҚШнинг мазкур минтақада иккита фундаменталь ва узоқ муддатли миллий манфаати мавжуд. Улардан биринчиси СССР тарқаб кетганидан бери амалга оширилаётган мустақилликни қўллаб-қувватлаш. Иккинчиси, АҚШга нисбатан душман кайфиятдаги террорчилик ўчоқлари пайдо бўлишининг олдини олиш эҳтиёжидан келиб чиқиб, мазкур мамлакатлардаги барқарорликни қўллаб-қувватлашдир”, деди Дэниел Розенблюм.

Розенблюм ўз сўзида Ўзбекистон масаласига ҳам тўхталди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг географик ва геосиёсий жойлашуви мазкур мамлакатни минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, уюшган жиноятчиликка ва террорчиликка қарши кураш соҳаларида АҚШнинг муҳим ҳамкорига айлантиради.

АҚШ "Россия пропагандаси"га қарши минтақа матбуоти билан ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Давлат департаменти расмийси Марказий Осиё матбуоти билан ҳам ишлашни кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Унга кўра, бугунги кунда Марказий Осиё матбуоти “Россия пропаганда машинаси актив фаолият юритаётган жабҳа”га айланган.

“Яхши молиялаштирилаётган Россия пропаганда машинаси Марказий Осиёда жамоатчилик фикрига сезиларли даражада таъсир ўтказди”, деб таъкидлаган Розенблюм сўзи давомида: "Шунинг учун ҳам мазкур бюджет сўровида биз Марказий Осиё нашрлари билан ҳамкорликни давом эттириш мақсадида молиялаштиришни назарда тутганмиз”,деб айтди.

Розенблюм АҚШ Марказий Осиё минтақасида суд ислоҳоти ва иқтисодий дастурларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳам таъкидлади.

Россия матбуоти Розенблюм сўзларига тезкор муносабат билдирди

АҚШ Конгрессидаги ушбу муҳокамага ҳозирча Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ва матбуоти муносабат билдиргани йўқ. Бироқ Россия матбуотида мазкур муҳокамага оид муносабатлар пайдо бўлди.

Масалан, “Регнум” агентлиги: “... Американинг оммавий ахборот воситаларига кучли таъсири ортидан Грузия, Қирғизистон ва Украинадаги рангли инқилобларга гувоҳ бўлган Марказий Осиёнинг кексайиб қолган лидерлари америкалик “партнерлар” билан ҳамкорликни кучайтиришга интилмайдилар”, деб ёзди.

Москвада нашр этиладиган “Взгляд” газетаси эса “Марказий Осиёда АҚШ пропагандасининг кучайтирилиши “рангли инқилоблар” учун замин ҳозирлайди”, сарлавҳали мақолани эълон қилди. Мақолада Розенблюмдан олдинроқ Конгресс қўмитасидаги муҳокамада қатнашган Давлат департаменти расмийси Виктория Нуланд нутқига алоҳида эътибор қаратилади.

“Россияни ўз таъсирини кучайтираётганликда айблаган Виктория Нуланд АҚШ ҳам ўз нуқтаи назарини мажбурий тарзда жамоатчиликка сингдиришга уринаётганини яшириб ўтирмади”, деб ёзган муаллиф мақола давомида қуйидагиларни ёзади:

“Давлат котиби ёрдамчиси “АҚШ давлат департаменти, АҚШнинг халқаро тараққиёт бўйича агентлиги, Эшиттиришлар бўйича бошқарувчилар кенгашига Россия пропагандасига қарши кураш учун ажратилган бюджет маблағи 100 миллион долларга яқин”, деб санаб ўтди. Нуланд фикрича, бу маблағни Россия худди шундай мақсад учун ажратаётган пул билан тенглаштириб бўлмайди. Нуланд Россия 400 миллион доллар сарфлаётганини айтди”

XS
SM
MD
LG