Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокими ўринбосари Мирзоҳид Йўлдошевнинг шахсан ўзи ҳар куни электр энергиясини қишлоқлардан узиб қўяяпти. Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган нарпайликларга кўра, чироқнинг ёниб ўчаверишидан музлатгич ва кир ювиш машиналари ишдан чиқмоқда.
Нарпай тумани аҳолиси ёзга чиқиб олган бўлса ҳам электр энергияси тақчиллигидан қутулмади.
Электр энергияни қишлоқларга фақат соатлаб бериш, қиш давридагидек қолмоқда.
Нарпайликлар бу ишнинг бошида шахсан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Йўлдошев турганини айтишмоқда.
Исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бири бу ҳақда шундай дейди:
- Туман ҳокими ва унинг ўринбосари Мирзоҳид Йўлдошев ҳар куни коммунал ва электр тўлови бўйича Горгаз ва Электр тармоқлари идораси ходимларини чақирадида, тўлов қанча бўлганини сўрайди. Кейин светни кечқурун соат 6 да қўшасан, 10да ўчирасан, дейди. Светни пулини эса ҳамма тўлаяпти. Лекин, ҳоким вилоятда тўлов кўп бўлиб, обрў олиши учун халқни шундай қийнаяпти, деди ўқитувчи.
Суҳбатдошга кўра, электр токининг мунтазам ўчирилиб ёқилиши натижасида уйдаги маиший техникалар ишдан чиқмоқда:
- Қишда дефицит экан, деб чидадик. Ёзда ҳам шу аҳвол. Маҳсулотларимиз холодильникда ачиб қоляпти. Дазмолларимиз куйиб қоляпти, кир ювадиган мошиналар ишдан чиқяпти. Яқинда Рамазон ойи бошланади. Кондиционер ишлатиб бўлмаса бу иссиқларда қандай қиламиз, дейди ўқитувчи.
Нарпай тумани электр тармоқлари идорасининг исми сир қолишини сўраган мулозими, электр энергиясининг чекланиши ҳокимиятнинг буйруғи билан бўлаётганини айтди:
“Биз ҳам халқнинг светини ўчирамиз деб, ўлиб турганимиз йўқ. Бизга ҳам ҳар куни ҳоким ўринбосари “ўчир” деб топшириқ беради. Мажбур ўчирамиз, бўлмаса ишдан олдириб ташлайди. Ҳадеб ўчириб ёқавергандан трансформаторларимиз ва бошқа аппаратларимиз ишдан чиқяпти. Ўринбосарга буни айтсак, “мен билмайман, ўчир дедимми, ўчирасан”, деб дўқ қилади”, деди идора мулозими.
Нарпай тумани ҳокими ўринбосари Мирзоҳид Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда нарпайликларнинг бу иддаоларини инкор қилди:
- Светни ўчирасан деб буйруқ берганимиз йўқ. Бизда свет яхши, кечаю кундуз бор. Светда муаммомиз йўқ, линияларимизни янгиладик, саккизта янги трансформатор ўрнатдик. Ҳатто қўшни туманларга қараганда бизда анча яхши. Тўлов бўляпти, свет ҳам ёняпти, деди Мирзоҳид Йўлдошев.
Ўзбекистонда электр энергияси ва газ тақчиллиги мунтазам кузатилмоқда.
Қиш пайтида бир қанча туманлар мутлақо чироқсиз қолган кунлар ҳам кўп бўлади. Бироқ, ёз фасли бўлишига қарамасдан маҳаллий ҳокимлар аҳолидан тўловни ундириш учун электр энергиясини мажбуран уздириб қўймоқда.