Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:00

Каримов апрелда фақат мевани ўйлади. Сабзавотниям


Апрель Ўзбекистонда мева-сабзавот экспортига доир қарорлар учун серҳосил ой бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг мева-сабзавотни юк машиналарида экспорт қилишга рухсат берувчи 1 апрелдаги қароридан сўнг мамлакат Президенти шу соҳага оид 3 та қарор қабул қилди.

Ислом Каримов имзолаган қарорлардан бири асосида ташкил қилинадиган тузилмага мамлакат ички бозорини мева-сабзавот билан таъминлаш юклатилса, иккинчиси билан ташкил қилинадиган тузилма мева-сабзавотни экспорт қилиш билан шуғулланади.

Валюта келтирадиган “Ўзагроэкспорт”

2016 йилнинг 1 майидан бошлаб, мева-сабзавотни экспорт қилувчи ташкилот ва муассасалар, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва қайси идорага тааллуқли эканлигидан қатъиназар, жумладан микрофирмалар, кичик корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликлари мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишдан келадиган валюта тушумларининг 50 фоизини мажбуран давлатга сотади.

Бу меъёр Президент Каримов 7 апрелда имзолаган қарордаги энг муҳим гапдир.

Тилга олинган қарор билан тар ва қайта ишланган мева-сабзавотни экспорт қилувчи “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси тузиладиган бўлди.

Айтилишича, бу қарордан мақсад рақобатбардош мева-сабзавотнинг ташқи бозорлардаги улуши ва ассортиментини кенгайтиришдир.

Ҳужжатда “Ўзагроэкспорт” компаниясининг вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб қўйилган.

Мамлакатдаги савдо-харид базалари, совутгич омборлар ҳамда “Ўзулгуржисавдоинвест” ассоциацияси, “Ўзтадбиркорэкспорт” акциядорлик жамияти таркибидаги савдо уйлари “Ўзагроэкспорт” тасарруфига ўтказилажаги ҳам белгилаб қўйилган қарорда.

7 апрелда имзоланган қарор Президент апрелда имзолаган уч қарордан биридир.

Улардан бири ҳақда (2016 йилги ҳосилдан бошлаб ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий тўғрисида) аввал ёзган эдик.

Ички бозорни "Ўзбекозиқовқатзаҳира" "назорат қилади"

Ўзбекистон президенти 8 апрелда имзолаган яна бир қарор билан мева-сабзавот маҳсулотини тайёрловчи ва сақловчи корхоналар ассоциацияси - “Ўзбекозиқовқатзаҳира” тузиладиган бўлди.

“Ўзбекозиқовқатзаҳира” шу пайтгача мавжуд бўлган “Ўзулгуржисавдоинвест” ассоциацияси базасида ташкил этилажаги айтилган қарорда.

Ҳужжат мазмунига қараганда, “Ўзбекозиқовқатзаҳира” зиммасига мамлакат ички бозорини қишин-ёзин мева-сабзавот билан таъминлаш юклатилади.

Қарорда айтилишича, “Ўзбекозиқовқатзаҳира” ички бозорни қишки-баҳорги мавсумда мева-сабзавот билан ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар билан тар мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум сотиб олиш тўғрисида шартномалар тузади.

Мутахассис шарҳи

Мева-сабзавот экспортига оид Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон президенти қарорларини шарҳлаб беришни Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, ҳозирда Астанадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаевдан илтимос қилдик:

Сапарбой Жубаев мева-сабзавот экспортига оид қарорлар тўғрисида:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:47 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG