Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Ўзбекистон коллежларида турникет ўрнатиш ҳам ота-оналарга юклатилди


Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бир қатор коллежларда ўқувчининг коллеж биносига қачон келиб¸ қачон кетишини электрон тарзда қайд қилиб борувчи турникет ўрнатиш ота-оналар ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Коллежларда ҳар бир ўқувчи учун 20 минг сўм миқдорида “турникет солиғи” белгиланган.

Пул бермаган ўқувчиларга ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинмоқда.

Ўқувчилар эса турникетларнинг ота-оналар ҳисобидан ўрнатилиши қанчалик тўғри экани борасида коллеж раҳбариятини саволга тутмоқда.

- Келаси ўқув йилидан турникет ўрнатишар экан. Шунга ҳар бир ўқувчи 20 минг сўмдан пул йиғилмоқда. Нега энди коллеж турникети бизни ҳисобимиздан ўрнатилиши керак, коллежлар давлат қарамоғидаку? Шундай десак, коллеж раҳбаримиз юқоридан шундай буйруқ бўлганини айтди, - дейди исми сир қолишини истаган тошкентлик коллеж ўқувчиси.

Тошкент вилояти Бекобод туманидаги Саноат коллежи раҳбарларларидан бири турникет ўрнатиш учун ўқувчиларнинг ота-оналаридан пул йиғилаётганини тасдиқлади.

- 20 минг сўм турникет ўрнатиш учун, 7 минг сўм SMS учун. Чунки SMS-турникет ўрнатиляпти. Ўқувчи, уч йил учун 20 минг сўм тўлаб қўяди, кейин ҳар йили учун 7 минг сўмдан тўлайди.Ўрнатилган тизимдан фойдаланиш учун ҳар бир ўқувчига электрон карталар тарқатилди. Шу орқали уларни кирди-чиқдиси қайд этиб борилади, ўқувчиларимизнинг қачон келгани ва қачон кетгани ҳақидаги SMS хабар ота-онасининг мобиль телефонига жўнатилади. Улар доимий назоратда бўлади, - дейди исми сир қолишини истаган коллеж раҳбари.

Айрим коллежларда эса турникет учун йиғилган пуллар талон-тарож қилинаётгани ҳақида хабарлар бор.

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети қошидаги 2-Академик лицейда ўқувчилардан турникет ўрнатиш учун 30 миллион сўм пул йиғиб олингани, лекин ҳозирга қадар ўрнатилмагани ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берган эди.

“Турникет солиғи” 1500 нафар ўқувчи бошига 20 минг сўмдан тўғри келган. Пул ўқув йили бошида йиғиб олинган, ҳозиргача бу борада амалий чора кўрилмаган”, деб хабар берган эди “Новий век” нашри.

Тошкентлик коллеж ўқувчиси Жамшид турникетларнинг талабалар ҳисобидан ўрнатилаётганини нотўғри деб билади.

- Биринчидан бунақа пул йиғишлар коррупция учун йўл очади. Ким қанча йиққанини қандай назорат қилиш мумкин. Иккинчидан, нега талабалар ҳисобидан бўлиши керак бу. Кимнидир қурби етади, кимни қурби етмайди. Буни давлат ўз зиммасига олиши керакку, - дейди Жамшид.

Охирги йилларда Ўзбекистонда 1500 дан зиёд профессионал коллеж ва академик лицейлар қурилди.

Мамлакатда касб-ҳунар коллежи, академик лицей қуриш маҳаллий амалдорларнинг қурилиш учун мўлжалланган давлат маблағини ноқонуний ўзлаштириши йўлига айлангани сир бўлмай қолган.

Айнан шу жиноятлари учун бир қанча мансабдорлар жавобгарликка тортилгани маҳаллий матбуотда аввал хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG