Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:14

Рассомларнинг "президент трассаси"га қараган устахоналари тортиб олинмоқда


Тошкент шаҳри Нукус кўчасида жойлашган уйлар фасади.
Тошкент шаҳри Нукус кўчасида жойлашган уйлар фасади.

Тошкентлик рассомлар "президент трассаси"¸ қолаверса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти президентлари автокарвони ўтадиган кўчалардаги устахоналаридан маҳрум бўлмоқда.

Тошкентнинг "Буюк ипак йўли" метро бекати ёнидаги халқ орасида "Горький уйи" номи билан машҳур бинонинг юқори қаватида жойлашган рассомлар устахонасининг кўчага қараган қисми тунука билан ëпиб қўйилди.

Бундан ташқари¸ Буюк Ипак йўли метросини Қуролли кучлар музейи билан боғлайдиган Мирзо Улуғбек шоҳкўчасидаги рассомларнинг устахоналарини ëпиш ҳақида ТСЖ ( Бинолар бошқарув идораси) вакиллари қоғоз олиб келиб беришган.

Бу кўчада таниқли ўзбек рассомлари Неъмат Қўзибоев¸ Исфандиëр Ҳайдаров ва Леким Иброҳимов устахоналари бор.

Бундан олдин деразалари "трасса" га қарагани сабабли Ўзбекистон Халқ рассоми Ғафур Қодиров¸ Рональд Клеер, Хуршид Зиёхонов каби 12 нафар рассом ўз устахонасидан маҳрум қилинган эди.

Озодлик манбасининг айтишича¸ рассомлик устахоналарини катта кўчадан сиқиб чиқариш бир йилдан бери давом этмоқда ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида янада кучайган:

- Бугун ШҲТ деб келишди. Кеча эса қандайдир саммитга тайергарлик деган баҳонада, лекин аслида ИШИД кириб келади, деган ваҳимада "трасса" (президент ҳаракатланадиган йўлнинг шартли номи -таҳр.) бўйлаб қўшимча чоралар нуқтаи назаридан, "перестройка" кетаяпти. Устахонани бўшатинглар¸устахона шаҳарни портит қилаяпти¸ деб рассомларга тазйиқ қилишмоқда. "Горький-Дом"нинг тепасидаги тўртта блокнинг ҳар бирида рассомлар устахоналари мавжуд. Деразалари "трасса" га қарагани сабабли Ғафур Қодиров устахонасининг ҳамма ойналарини алюкабонд билан қоплаб ташлашди. Рассомга нур керак¸ табиий қуëш нури. Мулозимлар буни тушунмайди¸" дейди манба.

Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбариятига яқин Озодлик манбасининг билдиришича¸ аслида саммит ва хавфсизлик баҳонасида¸ рассомлик устахоналари жойлашган жойга харидор чиққани боис ҳар хил баҳоналар билан уларни сиқиб чиқариш ишлари кетмоқда:

- Шаҳар марказидаги Дипломатия институти ëнида рассомлик устахоналари бор. Элитний жойлар булар. ТСЖ ҳам¸ архитектура ҳам ўша ерни сотиб олмоқчи бўлган бойваччаларни обслуживать қилади. Шу пайтгача чет элга кўчиб кетган ëки ўлиб кетган рассомларнинг устахоналарини тортиб олиб¸ бузиб ўрнига бошқа бино қуришди. ШҲТ¸ ëки президент трассаси¸ деган гап баҳона¸ дейди суҳбатдош.

Пенопласт кўзбўямачилиги

ШҲТ саммити арафасида нафақат рассомлар¸ балки деразаси кўчага қараган оддий шаҳарликлар ҳам ТСЖ мулозимлари хархашасини бажариш мажбуриятида қолмоқда.

ШҲТ тадбирлари арафасида биноларнинг ташқи кўринишини қайта реконструкция қилиш ишлари бошланиб, турар жой ва ташкилотлар биноларининг қорайтирилган ойналари, кондиционер ва сунъий йўлдош антенналари олдириб ташланди.

Озодлик манбасининг айтишича Нукус кўчасининг Бобур кўчасидан бошлаб Абдулла Қодирий кўчасигача бўлган ҳудуди, сўнгра Мустақиллик кўчасигача бўлган ҳудуддаги уйлар фасади пенопластдан ясалган декоратив безаклар билан қопланган.

Миробод туман ҳокимлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ бу кўчани кенг кўламли ободонлаштириш борасида Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори мавжуд:

- ШҲТ тадбири асосий сабаб эмас. Умуман президент трассасидаги кўчага ёндош ҳудудларнинг архитектура қиёфаси янгилаш¸ кўчанинг ёритиш тизимлари, тротуарлари, фаввораларини таъмирлаш ҳақида қарор бор¸ дейди Озодлик манбаси.

Озодликка маълум бўлишича¸ гап Вазирлар маҳкамасининг “Тошкент шаҳри магистрал кўчаларини реконструкция ва модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 227-сонли қарор ҳақида кетмоқда.

Ана шу қарорни тез бажариш учун кўп қаватли совет уйларининг фасади пенопласт модуллар билан хўжакўрсинга безатилмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган тошкентлик дизайнер Ренат Абдуллаев вазиятнинг кулгили тарафига эътибор қаратди:

- Дипломатия институти ëнидаги уйни пенопласт билан безатиб қўйишибди. Агар билсангиз илгари унинг пастида “Туркуаз” дўкони бор эди. Дўкон эгалари қамалиб¸ бино бўш ëтган эди. Хуллас¸ ўша бино деразаларининг тагига ҳам пенопласт токча қилишиб жигар рангга бўяб қўйишибди. Худди мармардан қилинган¸ дегандай. Кимдир унинг устига гултувак қўйган экан¸ синиб кетган. ТЖК дан келиб¸ "тузатиб қўй"¸ дейишди. ПВА клей билан ямаб қўйишди. Эртага иссиқда эриб кетади бу пенопласт. Эсингизда бўлса¸ шу кўчага соатлар ўрнатушувди. Кўчада тик турадиган соат. Ўша соатлар ҳам иссиқда қийшайиб эриб кетган эди¸ дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG