Озодликка маълум бўлишича ва мустақил гуруҳлар олиб борган кузатув хулосаларига кўра, жорий йил Ўзбекистонда пахта терими билан боғлиқ бахтсиз воқеаларда вафот этганлар сони ўн тўққиз кишига етган. Пахта мавсумида ўлганлар учун кимни жавобгарликка тортиш керак? Бу савол жавобини Озодликнинг Қурултой дастурида изладик.
Озодликка маълум бўлишича, пахта мавсуми қурбонларининг аксариятини вояга етмаганлар ташкил қилади.
Бундан ташқари пахта теримига жалб қилинган ўқувчи ва талабалар ўрасида жиддий тан жароҳати олганлар ёки касалликка чалинганлар сони ҳам талайгина.
Озодликнинг Қурултойида қатнашган экспертлар пахта даласида нохуш воқеа содир бўлиши оқибатида теримчилар азият чеккан ҳолатларда ким қандай жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида мунозара юритишди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши юридик жавобгарлик учун асос бўлади.
Ўзбекистон Жиноят Кодекси билан тақиқланган ҳар қандай жиноятни содир этиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Жиноий жавобгарлик энг оғир юридик жавобгарлик ҳисобланиб, бундай хатти-ҳаракатни содир этган шахс озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Масалан, пахта далаларида учрайдиган айрим нохуш воқеалар учун Жиноят Кодексининг қуйидаги моддаларини қўллаш мумкин:
102-модда (эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлдириш); 116-модда (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик); 117-модда (хавф остида қолдириш); 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш); 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш); 207-модда (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги).
Пахта даласида содир бўлган нохуш воқеага алоқаси бўлган ҳар қандай жисмоний ва юридик шахсга нисбатан юқорида санаб ўтилган жавобгарлик қўлланилиши мумкин.
Лекин Ўзбекистондаги реалликдан келиб чиқилса¸ пахтада одам ўлишига сабаб бўлган мулозим ва идоралар жазосиз қолмоқда.
Қандай қилиб пахтада одам ўлишига сабаб бўлганларни жазога тортиш мумкин? Бу савол жавоби изланган Қурултой эшиттиришини қуйида тинглашингиз мумкин: