Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:34

Жиззахда фермерларнинг кўкариб турган экин майдонлари ҳайдаб ташланди


Ўтган йили Шаҳрисабз прокурори фермерларнинг бедазорларини ҳам буздириб ташлаган эди.
Ўтган йили Шаҳрисабз прокурори фермерларнинг бедазорларини ҳам буздириб ташлаган эди.

Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги фермерларга қарашли ерларда бир қарич бўлиб ўсиб қолган пиёз, кунгабоқар ва бошқа экинлар тупроқ тагида қолди. Ҳоким буйруғи билан пахта майдонларини кенгайтириш мақсадида қилинаётган бу тадбир деҳқонларни сўнгги нонидан маҳрум қилди. Расмийлар бу ҳолатни фермерлар пахта майдонларида ўз манфаати учун бошқа экинлар етиштираётгани билан изоҳламоқда.

Ўтган бир ҳафта давомида Мирзачўл туманининг “Меҳнат-роҳат”, “Қўнғирбой” ва бошқа фермер хўжаликларидаги пиёз, кунгабоқар экилган майдонларига туман ҳокимининг буйруғи билан трактор солинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган мирзачўллик манбага кўра, гуркираб ўсаётган экинлар тупроқ тагида қолиб увол бўлган:

“Меҳнат-роҳат” фермер хўжалиги ерига экилган уч гектардан ортиқ пиёзни ер билан битта қилиб ҳайдаб ташлашди. Буни кўриб ичларим эзилиб кетди. Бунга қанча меҳнат сарф бўлган, қанча харажат бўлган. Фермер Неъмат ака ҳам дод деворди. Лекин ҳокимият шафқат қилмади”, деди манба.

Исми сир қолишини сўраган мирзачўллик фермерлардан бири, “Олтин Водий" қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли ҳудуддаги фермерларнинг ерлари ҳам бузиб ташланганини айтди:

- Бу ҳудудда ҳам бир қанча фермерлар бармоқ тишлаб қолишди. Энди кўкариб чиққан кунгабоқар майдонларини бузиб ташлашди. Нори деган фермер йигитнинг тўрт гектар семичкасини бузишга келишганда қаттиқ қаршилик қилди. Ҳозирча шу бузилиши гумон бўлиб турибди. Қолганларини ҳайдаб ташлашди. Буздирмасанг аризангни ёз, деб пўписа қилишди,- дейди фермер.

Унинг айтишича, пахта майдонларини кенгайтириш учун энди ҳосилга кирган боғлар ҳам бузиб ташланяпти:

- "Олтин водий" ҚФЙга қарашли битта мевали дарахтлар боғи бор эди. Бу боғнинг дарахтлари бир-икки йилдан буён ҳосилга кирган, жуда яхши боғ бўлаётган эди. Ҳоким дарахтларни кестириб, коллеж ўқувчиларини олиб келиб кундаларни ковлаб тозалаттирди. Энди шу ерни ҳам пахтазор қилишмоқчи,- деди фермер.

Ўзини Мирзачўл тумани ҳокимининг ёрдамчиси Равшан деб таништирган мулозим Озодлик билан суҳбатда, фермерларнинг экин майдонлари бузиб ташланаётганини тасдиқлади:

- Улар пахта ерига экин эккан. Шунинг учун бузиб ташламасдан нима қилиш керак? Бошқа маълумот беролмайман,- деди ҳоким ёрдамчиси.

Ўн йил фермерлик қилиб, кейин бу ишидан воз кечган жиззахлик собиқ фермернинг айтишича, бугунги кунда қўшимча экин экмай туриб фаолият юритиш мумкин эмас:

“Мен ҳам узоқ йиллар фермерлик қилдим. Лекин бирим икки бўлмади. Бор мол-ҳолимни сотиб зўрға қутулдим. Илгари фермерларга қўшимча экин учун ижозат бор эди. Биз ишчиларимизга ишлагани учун беш-олти сўтих ер берардик. У ўшани ҳисобидан бизга ишлаб берарди, ҳам тирикчилик қиларди. Кейин тобора қисиб-қисиб, энди батамом буни йўқ қилишди. Энди эса деҳқонга берадиган ер йўқ, маош ҳам йўқ. Ҳеч ким ишламайди. Ахир, ўша кўкариб турган экинларни ҳайдаттириб ташлаш уволку. Ўшани бузмасдан шартнома қил, давлат бунча фоизини топширасан десин. Йўқ, уларда инсоф ҳам, имон ҳам қолмаган, каттасидан қўрқса қўрқадию, лекин Худодан қўрқмайди”, деди собиқ фермер.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг ердан ноқонуний фойдаланаётгани иддаосида деҳқонларнинг кўкариб турган полиз экинларини ҳайдаттириб ташлаши тез-тез кузатилади.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани прокурори ва ҳокими ўтган йилнинг август ойида сабзавотчилик ҳамда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг пишай, деб қолган маккажўхори, помидор, бедасини трактор солиб, пайҳон қилдирган эди.

2015 йилнинг 24 июль куни Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳокимининг буйруғи билан Беш йиллик қишлоғи аҳолисининг бошоқ тортиб қолган ўнлаб гектар шолиси керосин сепиб йўқ қилинган эди.

XS
SM
MD
LG