Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:20

Андижонлик расмий: Бутун вилоят ошқовоқ экишга сафарбар этилган!


Суратда: Асака туманида боғдаги дарахтлар орасига ошқовоқ экиляпти.
Суратда: Асака туманида боғдаги дарахтлар орасига ошқовоқ экиляпти.

Андижон вилоятидаги бир қатор дон маҳсулотлари комбинатлари ишчилари оммавий равишда ошқовоқ экишга сафарбар қилинди. Ҳар куни ҳар бир комбинатдан юзлаб одамлар туманларда ўзлари учун ажратилган ерларга бориб ошқовоқ экаяпти. Расмийларнинг айтишларича, Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи билан экилаётган ошқовоқдан тайёрланадиган пюре Россияга экспорт қилинади.

Асака дон маҳсулотлари очиқ акциядорлик жамияти ишчилари Улуғнор туманида 40 гектар ерга ошқовоқ экиш ишларини якунладилар.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган улуғнорлик манбага кўра, икки ҳафта давомида комбинатнинг юзлаб ишчилари туманда уларга ажратилган ерга ошқовоқ экиш билан машғул бўлишган:

“Ҳар куни юзлаб одамни олиб келиб, далага қўйворишади. Улар кечгача уймаланиб ошқовоқ экишади. Нега бу йил бирданига ошқовоққа бунча қизиқиб қолишди, ҳайронман”, деди улуғнорлик манба.

Асака дон маҳсулотлари комбинатининг исми сир қолишини сўраган ишчиларидан бири, Улуғнор туманида ошқовоқ экишни тугатиб, бу ишни энди ўзларининг туманида давом эттираётганини айтди:

“Комбинатимизга ҳар жойдан ер ажратиб беришган. Куни-кеча Улуғнорда ошқовоқ экишни тугатдик. Энди ўзимизда боғ ораларидаги ерларга ошқовоқ экяпмиз. Бу ишга қарийб икки юз киши сафарбар қилинган. Мана ҳозир сиз билан боғдан гаплашиб турибман”, деди ишчи.

Андижон дон маҳсулотлари очиқ акциядорлик жамиятининг ишчилари эса вилоятдаги бешта туманга сафарбар қилинган.

Бу ҳақда Озодликка гапирган ишчилардан бирининг айтишича, ошқовоқ экиш учун комбинат махсус агрономлар ёллаган:

“Менимча, комбинат беш-олтита агроном ёллаган. Ўшалар билан ҳар сафар турли туманларга чиқиб ошқовоқ экяпмиз. Мажбуран олиб чиқишяпти. Чиқмасак, ишдан бўшайсан, деб қўрқитишяпти. Биз ҳозир, 40 чоғли ишчи Асака туманидамиз. Бошлиқларимизнинг айтишларича, биз узунлиги қарийб икки минг километр масофадаги эгатга ошқовоқ экиб чиқишимиз керак экан. ”, деди ишчи.

Андижон вилояти ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, ошқовоқ экишдан мақсад, ундан пюре тайёрлаб Россияга экспорт қилиш эканлигини айтди:

“Бу - Вазирлар Маҳкамасидан бутун республика бўйлаб бўлган топшириқ. Хабарингиз бор, яқинда президентимиз Россияга бориб шартномалар қилиб келдилар. Шунинг учун ҳар куни селектор йиғилишларида ҳам шу гап бўляпти, яъни ҳамма ташкилотларга ер ажратилсин ва улар ошқовоқ эксин, деган. Ҳар бир вилоятда ошқовоқни пюре қиладиган МЧЖлар тузиляпти. Катталар "сенлар ошқовоқни етиштириб бер, қолгани билан ишинг бўлмасин", дейишяпти. Шунинг учун бутун вилоят ошқовоқ экишга сафарбар этилган”, деди ҳокимлик мулозими.

Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия билан мева-сабзавотни экспорт қилиш ҳақидаги шартномани имзолаганидан сўнг, бутун республика бўйлаб сабзавот, полиз экинлари экиш кўпайтирилди.

Айни пайтда, Озодликка боғбон-фермерлардан келган шикоятлар сони кўпайиб бормоқда.

Жумладан, яқинда Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳокими аҳоли экинларни ҳимоя қилиш мақсадида аҳоли чорвасини “уй қамоғи”га олгани хабар қилинди.

Самарқандлик боғбон фермерлар эса ҳокимият мевага кирган янги боғларни ҳеч бир асоссиз буздириб ташлаб, ўрнига сабзавот ва полиз экинлари эктираётганидан шикоят қилмоқда.

XS
SM
MD
LG