Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:23

Аҳоли карантин боис чорвасини боқа олмай қолди. Баъзилар муаммо ечимини топяпти


Айримлар озуқа йўқлиги сабаб молларини энди қандай боқишга ҳайрон.
Айримлар озуқа йўқлиги сабаб молларини энди қандай боқишга ҳайрон.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин жорий қилинганидан қарийб беш ҳафта ўтиб, чорваси бор айрим хонадонларда ем тугагани тўғрисида хабарлар келмоқда.

Қўй-сигири учун ғамлаган озуқаси тугаган оилалар ем топиш имконини қилолмай, чорвасини сотиш ҳаракатига тушиб қолган.

Айрим ҳудудларда аҳолининг ушбу муаммосини ҳал қилиш йўллари топилмоқда.

Хоразмлик Ўктамнинг уйида икки сигири, бир бузоғи, уч қўйи ва ўндан зиёд товуғи бор. Ўктамнинг айтишича, уйидаги ягона бойлиги шу чорва ва паррандаси бўлиб, карантин сабаб уларга ем топиб бера олмаяпти:

“Қишлоқ жойларидаги одамларда чорвасидан бошқа бойлиги йўқ. Сигирининг сутини соғиб сотади ёки сариёғ қилиб, бозорга олиб чиқади. Товуқ тухумини сотиб, болаларига озиқ-овқат қилади. Бизда пул топишнинг бошқа имкони йўқ. Карантин бошланишидан аввал моллар учун бор пулимга озуқа олиб келдим. Ҳозир яна озгина пулим бор ем учун. Лекин машина ҳайдаш тақиқлангани учун емни олиб кела олмаяпман. Бизда баҳор кеч келади. Ҳали даладаги ўтлар кўкармади. Битта шу ем билан боқаяпмиз молларни. Лекин бу кетишда моллар очидан ўлиб қолмаса бўлди”.

Сурхондарёнинг Термиз шаҳридан Озодликка боғланган муштарий ҳам машина ҳаракати тўхтатилгани сабаб чорваси озуқасиз қолганлардан бири.

“Уйимда чорва ва парранда бор. Улар бир неча кундан бери озуқасиз қолди. Ем олиб келайлик десак, машинага рухсатнома йўқ. Пиёда борайлик десак, қопдаги оғир юкни кўтариб келишнинг имкони йўқ. Уйида чорваси борларнинг барчаси ҳам тонналаб ем олиб қўйиш имконига эга эмас. Мен кабиларнинг уйидаги моллари емсиз қоляпти”, деди термизлик йигит аноним қолиш шарти билан.

Бухоролик Манзират буви эса чорвасига ем топилмагани сабаб уларни сотишни режалаётганини айтди:

“Ўғлим билан неварам Россияга ишлашга кетганди. Карантин сабаб ўша ёқда ишсиз қолишди, бизга пул ҳам жўната олишмаяпти. Уйда фақат аёллармиз. Биттадан ҳўкиз ва сигир бор. Лекин уларга ем топиш қийин бўляпти. Таксистларга илтимос қилсак, икки ҳисса қиммат нархда олиб келиб беряпти. Шунга энди ҳўкизни сотишга қарор қиляпмиз. Қассобларга телефон қилсангиз, уйингиздан келиб олиб кетаркан ҳўкизни. Сигирни эса овқатга ишлатган картошка-пиёз пўчоғи билан бир амаллармиз”.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган янгийўллик муштарий эса сигирига ем топа олмагач уни сотганини айтди:

“Ем топиш ўзи ҳар доим қийин. Олдин баҳорда ўтлар кўкариши билан сигирни йўл бўйларида ўтлатиб келардим. Бу йил бунинг имкони бўлмаяпти. Ўзим бўш вақтимда киракашлик қилиб, пул ишлардим. Карантин деб, уйда ўтиришга мажбурман. Пулсиз ўтирсангиз, нафақат сигирга ем ҳатто ўзингизнинг еб-ичишингиз ҳам муаммо бўларкан. Сигирни еми тугул, озиқ- овқатга пул қолмагач, икки кун аввал сигирни маҳалламиздаги бир фермерга сотдим. Энди карантиндан чиққунча шу сигирнинг пулини еймиз”.

Вазиятдан чиқиш уринишлари

Наманган шаҳрининг “Бобуршоҳ” маҳалла йиғини фаоллари аҳолининг чорва озуқаси билан боғлиқ муаммосини ҳал қилиш йўлини топган.

“Маҳалламиз яқинида оптом ем сотадиган фирманиниг склади бор. Фирма эгалари билан келишиб, уларни шу складдан аҳолига ҳам ем сотишга кўндирдик. Ўзи улар фақат оптом сотган, лекин энди аҳолига ярим қоп, бир қоп қилиб, шу складидан сотяпти. Одамлар бориб, елкасига ортиб олиб келяпти. Нархини ҳам бозор нархидан қиммат қилмасликка ваъда беришди”, деди маҳалла йиғини фаолларидан бири.

Термизлик тадбиркорлардан бири эса чорва учун озуқани аҳолининг уйига элтиб бериш хизматини йўлга қўйди.

Тадбиркор йигитнинг Озодликка айтишича, озуқа нархи ҳам аҳоли чўнтагига мосланган:

“Ҳозир кўп жойларда чорва озуқаси билан боғлиқ муаммо юзага келди. Шунинг учун чорва моллари ва паррандалар учун озуқа ва ем маҳсулотларини одамларнинг уйига олиб боришни йўлга қўйдик. Доставка учун рухсатнома ҳам олдик. Озуқани оптом олганимиз учун бозор нархидан ҳам арзон сотяпмиз. Фақат доставка учун қўшимча ҳақ оламиз. Термизликлар +998915770096 телефонига қўнғироқ қилиб, заказ беришлари мумкин”.

Карантин чекловлари

16 мартдан бошлаб, Ўзбекистонга кириш-чиқиш тўхтади, таълим муассасалари ёпилди, давлат идораларида мажлислар тўхтатилди.

25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланди ва жазо белгиланди.

30 мартдан автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланиш чеклови қўйилди.

6 апрелдан мамлакат бўйлаб "ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилди, мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш ҳам вақтинча чекланди.

XS
SM
MD
LG