Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:37

Андижонда янги таъмирланган жоме масжид бузиб ташланди. Ҳокимлик уни қайта қуриши айтилмоқда (ВИДЕО)


Минора

(ТикТок тармоғига жойлаштирилган видеода, намозхонларнинг айтишича, "Бурхониддин Марғилоний" масжиди минорасининг бузилиши акс этган)

Андижон вилоят, Бўстон туман (собиқ Бўз) марказидаги ягона жоме масжид Рамазон Ҳайитидан бир неча кун ўтиб, бузиб ташланди. Масжиднинг қайта қурилиши айтилмоқда.

1989 йилда Москвадан берилган рухсатнома асосида қурилган масжид бир йил аввал капитал таъмирдан чиққан эди.

Масжид қавми вакиллари бузилган жомедан чиққан қурилиш материаллари талон-торож бўлгани, намозхонлар жума намозини ўқиш учун қўшни туманларга қатнаётганидан шикоят қилди.

Бўстон туман ҳокимлиги мулозими бузилган жомедан чиққан қурилиш материаллари қишлоқларга тарқатиб берилганини билдирди.

“Собиқ "Бурхониддин Марғилоний" масжиди оқсоқоллари номидан” мурожаат қилаётганларини билдирган икки намозхон йигит, “эртага ҳокимиятга ва ИИБга чақиртириб, қон қилишларидан” қўрқиб, исмлари айтилмаслигини илтимос қилди.

Бўстон туманидаги жоме. Ўтган ойда бузилган масжид ўтган йили капитал таъмирдан чиқарилган эди.
Бўстон туманидаги жоме. Ўтган ойда бузилган масжид ўтган йили капитал таъмирдан чиқарилган эди.

Намозхонларни қийнаган икки масала

“Мана бугун ҳам (4 июнь) жума намозини қўшни туман маркази Шаҳрихон шаҳрига бориб ўқиб келдик. Баъзилар қўшни вилоятга – Ёзёвон туманига қатнаб ўқияпти. Жомемизни бузиб, халқни сарсон қилишди. Туппа-тузук масжид эди, бузиладиган аҳволда эмасди”, деди намозхонлардан бири.

Яна бир намозхон бундай деди:

“Оқсоқолларимизни норози қилган яна бир нарса бузилган масжиддан чиққан қурилиш материалларининг талон-торож бўлгани бўлди. Иморат нисбатан янги эди. Ҳар ҳолда, материаллари яроқсиз аҳволга келган даражада эмасди. Поллик тахталарни ўтинга айлантиришди. Ғиштларни машинага ортиб, устига ахлат ташлаб, бир ёқларга олиб кетишди. Халқнинг пулига келган эди ўша нарсаларнинг ҳаммаси. Биров қавмга ҳисоб бермади...”

Бу гапларни айтган намозхон қурилиш майдонига айланган собиқ масжид ҳовлисида 4 июнь куни олинган суратларни ҳам Озодликка тақдим этди. Уларда қурилиш материаллари акс этган. Суратларни изоҳлаган намозхон “булар талон-торож бўлганидан қолгани” деди.

Бузилган жомедан чиққан қурилиш материаллари. 2021, 4 июнь.
Бузилган жомедан чиққан қурилиш материаллари. 2021, 4 июнь.

Мулозим: "Масжид мулкини ҳеч ким еб кетмайди”

Намозхонларнинг иддаолари юзасидан Озодлик Бўстон туман ҳокимлиги мулозимидан изоҳ олди.

Ўзини таништирмаган мулозим қурилиш материаллари талон-торож қилинганини инкор қиларкан, деди:

“Мен ўзим ҳам қишлоқда яшайман. Ўз кўзим билан кўрдим чиққан материаллар қишлоқларга олиб борилганини. Масжид саҳнига ётқизилган брусчаткалар ҳам маҳаллаларга олиб кетилди. Масжид мулкини ҳеч ким еб кетмайди”.

Мулозимнинг айтишича, масжидни бузиб, қайта қуриш учун барча инстанциялардан рухсатномалар олинган, ишларни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов шахсан бошлаб берган, жомени бузиш ишларида масжид қавми иштирок этган.

Масжид "вилоят ҳокими рухсати" билан бузилди

Бўстон туман ҳокимлиги матбуот хизмати 16 май куни Андижон вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов шу туманда бўлиб, "Бурхониддин Марғилоний" жоме масжидининг қурилиш лойиҳаси билан танишгани тўғрисида хабар қилган. Ўша куни қурилиш ишлари олдидан кўй сўйилиб, Қуръон тиловат қилинган. Қайта қуриладиган масжид 3000 га яқин намозхонга мўлжаллангани айтилган.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Бўздаги жомеда қурилган янги таҳоратхонада.
Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Бўздаги жомеда қурилган янги таҳоратхонада.

Нисбатан янги иморатни бузишга қандай зарурат бор эди?

Бу саволга Бўстон туман ҳокимлиги мулозими жавоб бермади. Ҳокимлик матбуот хизматининг юқоридаги хабарида ҳам жавоб йўқ.

"Бурхониддин Марғилоний" жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёржон Қодиров “бир тадбирда банд” бўлгани учун Озодлик саволларига жавоб бера олмаслигини айтди, “қурилиш бошланди”, деган гапни айтиш билан чекланди.

Бахтиёржон Қодировнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилоят вакиллиги расмий сайтида 26 май куни эълон қилинган мақоласида “Бўстон туман «Бурхониддин Марғилоний» жоме масжиди шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ” қайта қурилаётгани, қурилиш ишлари бошланганини хабар қилган.

Қурилиш суръати суст

Туман марказидаги ягона масжиднинг бузилганидан шикоят қилган намозхонларнинг айтишича, янги масжид иморати учун ҳандақ қазиб қўйилган, бироқ кейинги кунларда қурилиш ишлари давом этаётгани сезилмаяпти. Намозхонлар 4 июнь куни тасвирга тушириб, Озодликка тақдим этган суратларда кимсасиз қурилиш майдони кўринади, холос.

Бузилган жоме ўрнида қурилажак янги масжид қурилишида ҳаракат сезилмаяпти. 2021, 4 июнь.
Бузилган жоме ўрнида қурилажак янги масжид қурилишида ҳаракат сезилмаяпти. 2021, 4 июнь.

Масжид Москванинг рухсати билан қурилган эди

Бўз (ҳозирги Бўстон) туманида Совет даврида масжид бўлмаган. Қайта қуриш йилларида компартиянинг эътиқод эркинлиги соҳасидаги қаттиққўллиги ҳам бироз юмшаб, масжидлар қуришга рухсат берила бошлаган.

Озодлик билан гаплашган намозхонларнинг айтишича, юзага келган имкониятдан «Бурхониддин Марғилоний» масжидида 2020 йилгача имомлик қилган Аҳад қори домла фойдаланиб, масжиднинг қурилиб қолишига сабабчи бўлган.

Намозхонларнинг айтишича, Аҳад қори домла 1989 йили Москвага бориб, масжидни қуришга рухсат олиб келган. Озодлик ўша воқеа тафсилотларини сўраш учун собиқ имом билан боғланди. Бироқ домла гапиришни истамади.

“Домла рухсатни Москвадан олиб келганидан кейин масжидни бутун халқ қурган. Ўз пулига қурган. Давлатнинг бир тийини ҳам кетмаган”, деди бўстонлик намозхон.

Бўстон туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка билдиришича, бузилган масжид “туман бюджети ҳамда тумандаги энг бой киши Ботир Қодировнинг пулига қуриляпти”.

Масжид ўтган йили капитал таъмирдан чиққан эди

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган бўстонлик намозхонлар бир қатор фото ва видеотасвирларни тақдим этди. Улардан бирида масжид саҳнига тош ётқизилаётгани, бошқаларида бинога янги пардоз берилаётгани акс этган. Намозхонларнинг айтишича, капитал таъмир ишлари 2019 йили бошланиб, 2020 йили якунига етган. Жуда кўп пул, тақрибан 1 миллиард сўм сарфланган. Масжиднинг 2800 квадрат метрли саҳнига тош (брусчатка) ётқизилган.

Видеолардан яна бирида масжид ҳовлисида катта боғ бўлганини, унда анор ва узум пишиб ётганини кўриш мумкин.

Масжид учун қурилган энг сўнгги иншоот - таҳоратхона яқиндагина - Рамазон арафасида фойдаланишга топширилган эди. У масжиднинг бузилмай қолган ягона қисмидир.

“Бузишмаса, яна бир неча ўн йилга етадиган иморат эди. Янги иморат қурилишини истаётганлар ҳам кўпчилик. Чиройли масжид бўлади, дейишяпти. Ахир чиройига ош қуйиб ичамизми?! Эскисиям кулба эмас эди-ку! Шунга кетадиган пулни бошқа нарсага сарфлашса, ёшлар ишлайдиган ишхона қуришса, асакаси кетармиди?”, деди бўстонлик намозхон.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ўтган йил ноябрида берган маълумотларга кўра, мамлакатда масжидлар сони 2043 тага етган. Шундан энг кўпи Самарқанд вилоятида бўлиб, у ерда 285 та масжид фаолият юритади. Охирги йилларда Тошкент ҳамда вилоятларда қатор янги масжидлар очилган, уларнинг аксари халқнинг хайрия маблағлари ҳисобидан қурилгани айтилади.

Ўтган ой Тошкентнинг Олмазор туманида қурилаётган «Исломобод» масжидининг тўртта минорасидан иккитасини бузиш ишлари фуқаролар ва ижтимоий тармоқлардаги норозиликлар ортидан тўхтатилган эди.

XS
SM
MD
LG