Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:41

"Рейдлар мунтазам ўтказилади". ИИВ Самарқанддаги масжидга бостириб кирган ходимларни ҳимоя қилди


Самарқанддаги масжидда ИИВ ходими болани сўроққа тутмоқда, 25 май, 20201
Самарқанддаги масжидда ИИВ ходими болани сўроққа тутмоқда, 25 май, 20201

25 май куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги масжидда ИИВ ходимлари ўтказган рейд ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлди.

Тармоқларда тарқаган видеода ходимлар масжид ичида вояга етмаган болаларни сўроқ қилаётгани акс этган.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар қилишича, рейд чоғида бир шахснинг жами 11 кишига, булардан 5 нафари вояга етмаган, “диний таълимотдан сабоқ бераётгани” аниқланган.

Вилоят ИИБдан олинган маълумотга кўра, бундай рейдлар мунтазам ўтказиб келинади ва фуқаролардан диний таълимни “махсус рухсат берилган” жойларда олиш талаб қилинади.

Озодлик гаплашган самарқандликларга кўра, вилоятда ўсмирлар ва болалар диний таълим олиши мумкин бўлган мадрасанинг ўзи йўқ, талабалар Бухоро ёки Қашқадарё вилоятидаги 2 мадрасага киришга уринадилар. Аммо бу масканлар талабгорлар билан тўла.

Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида “хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади” деб қатъиян белгилаб қўйилган.

Диний таълим расман ишлаб турган мадрасаларда диний таълим бериш учун рухсат берилган ўқитувчилар томонидан ўқитилиши мумкин.


25 май куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги масжидда фуқаролик кийимидаги ИИВ ходимлари томонидан сўроқ қилинган бола акс этган видео тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

Ушбу видеода бир неча ИИВ ходими, туйқусдан масжидга кириб боргани ва у ерда диний сабоқ олиб ўтирган болалар ҳамда катталар билан мулоқот қилаётгани акс этган.

Видеода исмини очиқлашни истамаган, аммо ИИВ ходими эканини тасдиқлаган ходим 9 - 10 ёшлар атрофидаги боладан масжидда нима қилиб юргани, қўлидаги дафтари, унда ёзилган матнлар ҳақида сўраб-суриштиргани акс этган.

Фуқаро кийимидаги ходим видеода акс этган ёшлар ва бошқа намозхонларни “рухсати ва диний билими бўлмаган чаламуллалардан” диний сабоқ олиш хавфли экани, турли тақиқланган диний оқимларга кириб кетиш хавфи борлигидан огоҳлантирган.

Бу ҳолатни видеотасмага муҳрлаётган шахс эса, кадр ортидан, ИИВ ходимларининг бу ҳаракатларига норозилигини билдираркан, болани уларнинг саволларига жавоб бермасликка чақирган.

Кадр ортидаги шахс, бу машғулотлар диний таълим эмас, балки оддийгина алифбо машқлари экани, ёнида отаси ёки онаси бўлмаган болани бу таҳлит сўроқ қилиш қонунга зид эканини таъкидлаб, ходимлар билан баҳсга киришган.

Видеони ёзиб олганини айтган шахс уни тармоқларга жойлаши ортидан ҳодиса норозилик ва мунозараларга сабаб бўлди.

YouTube ва Facebookка жойланган видео остида шарҳ қолдирганларнинг кўпчилиги ИИВ ходимларининг масжиддаги рейдини фуқароларнинг диний билим олиш эркинлигини чеклаш, дея қораламоқда.

Айримлар эса, ноқонуний диний таълимнинг хавфли оқибатлари ҳақида гапириб, ИИВ ходимлари ҳаракатини маъқулламоқда.

Озодлик бу баҳслар ортидан видеони қайд қилгани ва уни тармоқларда тарқатганини айтган самарқандлик шахсга ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб ололмади.

Самарқанд вилояти ва Пахтачи туман ИИБлари эса, ҳодиса 25 май куни оқшом тумандаги "Хўжа-Зиёвуддин" жомеъ масжидида бўлганини тасдиқлади.

“Бу ҳақда барча маълумот вилоят ИИБ Ахборот хизмати томонидан тарқатилган”, деди Пахтачи тумани ИИБ навбатчиси.

Айни бўлимда ишлайдиган яна бир ходимнинг айтишича, туманда ноқонуний диний таълим берилиши олдини олиш учун бу каби “рейдлар мунтазам ўтказилиб туради”.

Самарқанд вилояти ИИБнинг ўзини таништирмаган ходими, тузилманинг Террорчиликка қарши кураш департаменти барча вилоятларда шундай текширувлар ўтказиб туришини айтди:

“Террорчиликка қарши кураш департаменти бунақа тадбирларни азалдан ўтказиб келади. Диний таълим фақат рухсат берилган жойда берилиши керак-да, қонунга биноан”.

Самарқанд вилояти ИИБ тарқатган баёнотда, ИИВ ходимларининг Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарчасида жойлашган "Хўжа-Зиёвуддин" масжидидаги рейдини “жомеъ масжидининг кўздан кечирилиши” деб таърифланди:

“Жомеъ масжиди кўздан кечирилганида, махсус диний маълумотга эга бўлмаган Х.А. исмли шахс 11 нафар (5 нафари вояга етмаган) шахсларга диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз, диний таълимотдан сабоқ бераётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Х.А. га нисбатан МЖтК нинг 241-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, келгусида диний таълимотлардан сабоқ бериш нияти бўлса, махсус диний билимларни эгаллаб, қонунларга асосан, ваколатли диний органларнинг рухсати асосида фаолият кўрсатиши мумкинлиги тушунтирилган”.

Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида “хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади” деб қатъиян белгилаб қўйилган.

Яъни давлат томонидан лицензияланган таълим масканларидан ташқарида диний таълим бериш, жумладан араб тили ёки Қуръонни ўқитиш тақиқланган.

Бундан ташқари, диний таълим олишга 16 ёшдан рухсат этилади, рухсат берилган мадрасаларга ўқишга кирувчилар умумий ўрта таълимни якунлаган бўлиши лозим.

Шу кунда ушбу қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси Сенат муҳокамасида қолмоқда. 5 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси лойиҳани маъқуллаган.

Лойиҳада жамоатчиликка 2014 йилда ваъда қилинган энг муҳим ўзгариш - жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ ҳақидаги жумла тўлиқ олиб ташланган.

Аммо қонуннинг диний таълимга оид қисми қарийб ўзгаришсиз қолмоқда. Биргина янгилик ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандига диний амалиёт ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида) ўргатиш ҳуқуқи берилишининг қайд этилганидир.

Бу ўринда “диний амалиёт ва одоб-ахлоқ қоидалари”, деганда нима назарда тутилмоқда, масалан, ота-она уйида боласига араб тили ёки Қуръонни ўқишни ўргатиши мумкинми - бу саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тизимида битта олий таълим маскани — Тошкент Ислом институти ёки Олий Маъҳад ҳамда 9 та ўрта махсус таълим муассасаларига тенглаштирилган мадраса бор.

Булар: Тошкентда «Кўкалдош», Бухорода «Мирараб», Андижонда «Саййид Муҳйиддин Махдум», Наманганда «Ҳидоя (Мулла Қирғиз)», Китобда «Хожа Бухорий», Урганчда «Фахриддин ар-Розий», Нукусда «Муҳаммад ал-Беруний», шунингдек, Тошкентда «Хадичаи Кубро», Бухорода «Жўйбори калон» аёл-қизлар билим юртларидир.

Аммо Самарқанд вилоятида мадраса умуман йўқ. Бу ерда фақат “Имом ал-Бухорий” номидаги имомларни қайта тайёрловчи битта марказ ҳам бор.

Мадрасаларда ўртача 100, кўпи билан 200га қадар талаба таҳсил олиши мумкин. Ҳар йили бу масканларда 1 талабалик ўрнига камида 10-15 тадан талабгор ҳужжат топширади. Бундан ташқари, талабгор билим юрти жойлашган вилоятда доимий яшаши лозим.

Шу боис, аҳолисининг 93 фоиздан оритиғи мусумон бўлган Ўзбекстонда диний таълим олиш имконининг кескин чеклангани йиллардан буён мамлакат жамоатчилиги ва халқаро ташкилотлар эътирозига сабаб бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили, 27 май куни мурожаат қилган Озодлик мухбирига жавобан, Пахтачи туманидаги масжидда бўлган воқеадан хабари борлигини билдирди.

Вакил, Ўзбекистонда қонуний диний таълим бериши мумкин бўлган масканлар озлиги ва қабулнинг чекланганига оид саволларга жавоб берадиган мутахассис билан кечроқ боғланиш мумкинлигини билдирди, аммо бундай мутахассис билан кун давомида гаплашишнинг имкони бўлмади.

Озодлик айни идорага аввал ҳам шу каби саволлар билан бот-бот мурожаат қилган ва аввалги жавобларида идора расмийлари, мадрасалар сонини оширишга ҳукумат томонидан чеклов йўқлиги, аммо мамлакатда “эҳтиёж йўқ” деган сабабни келтирганлар.

Ўзбекистондаги мадрасаларнинг аксарияти 1990 йилларнинг бошида очилган мадрасалардир. Шундан буён Ўзбекистонда мадрасалар сони оширилмай келмоқда.

XS
SM
MD
LG