Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:26

Беларусь: Самолёт фавқулодда қўндирилиши ортидан  мухолифатчи журналист ҳибсга олинди


Журналист Роман Протасевич Минск аэропортида ҳибсга олинди
Журналист Роман Протасевич Минск аэропортида ҳибсга олинди

Минскда мухолифатчи беларус журналисти ва блогери Роман Протасевич ҳибсга олинди — мамлакат ҳукумати уни оммавий тартибсизликларни уюштиришда айблаб келади.

Озодлик радиоси беларусь хизматига кўра, Протасевич Ryanair авиаширкати самолётида Афинадан Вильнюсга учаётган бўлган, учоқ Минскда шошилинч қўндирилган.

Учувчиларни йўналишни ўзгартиришга ва Вильнюс ўрнига Минскда қўнишга нима мажбур қилгани ҳозирча мавҳум. Александр Лукашенконинг матбуот хизмати хабарларини ёйинловчи “Пул Первого” телеграм-каналига кўра, самолёт бортида бомба мавжудлиги ҳақида маълумот келиб тушгач, Лукашенко уни Минскда қабул қилишга шахсан буйруқ берган. Ва унинг кўрсатмаси билан йўловчи самолётига ҳамроҳлик қилиш учун МиГ-29 қирувчиси ҳавога кўтарилган.

“Йўналиш скриншоти бўйича борт деярли чегара узра парвоз қилаётган бўлса-да, учувчилар Минскга мурожаат қилиб самолётни қабул қилишни илтимос қилганлар. Вазият дарҳол президентга билдирилган. Лукашенко қатъий буйруқ берган: самолёт ортга қайтарилсин ва қабул қилинсин, деб”, дея хабар беради “Пул Первого”.

Flihtradar24 сайтидан олинган маълумотлар ҳам самолётнинг Литва билан чегарага етаёзган пайтда Минск томон қайрилганини кўрсатмоқда. Аммо, “Озодлик” беларус хизмати ёзишича, экипаж йўловчиларни йўналиш ўзгартирилгани ҳақида огоҳлантирмаган.

Беларусь ҳукумати расман самолётнинг қўндирилишини кейинги, Протасевичнинг қўлга олиниши воқеаси билан боғлаётгани йўқ. Бироқ, масалан, Россиянинг Russia Today телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян бу Беларусь хавфсизлик хизматларининг режаланган амалиёти эканига шубҳа қилмаслигини ёзмоқда.

Афинадан учиб кетаркан Протасевич, аэропортда уни ортидан кузатган бўлишлари мумкинлигини, бир нотаниш одам унинг паспорти ва бошқа ҳужжатларини суратга олишга уринганини хабар қилган.

Авиаширкат содир бўлган воқеа юзасидан изоҳ билдирганича йўқ, айни чоғда, бортда бомба бўлганлиги ҳақида хабар олингани ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган. Беларусь ҳукумати Минск аэропртида кўздан кечирилганда самолётдан бомба топилмаганини маълум қилган.

Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская журналистни озод этишга ва воқеа бўйича Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси томонидан текширув ўтказилишига чақирди. “Бугундан эътиборан Беларусь узра учиб ўтажак ҳеч бир киши ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Халқаро ҳамжамиятнинг реакцияси керак”, деб ёзган у.

Роман Протасевич сўнгги пайтларда “Беларусь головного мозга” телеграм-каналини юритаётганди, бундан олдин эса Александр Лукашенкога қарши оммавий намойишларни ёритган NEXTA телеграм-канали асосчиларидан бири ҳамда бош муҳаррири бўлган. Телеграм-канал Беларусда экстремистик деб топилган. Ҳукумат Протасевични халқаро қидирувга бериб, “террорчилар рўйхати”га тиркаб қўйган эди. У хавфсизлигидан хавотир олиб, бир неча йил муқаддам мамлакатдан чиқиб кетган.

Қатор ОАВлар Протасевич Беларусда ўлимга ҳукм қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар қилмоқда. Бироқ, эълон қилинган айбловларга кўра айни пайтда унга 15 йилгача муддатга озодликдан маҳрум бўлиш жазоси хавф солмоқда.

2017 йилда Протасевич Озодлик радиоси/Озод Европа радиоси корпорациясида малака оширгани учун Вацлав Ҳавел номидаги стипендия соҳиби бўлганди.

2010 йилда Эрон ҳукумати Дубайдан Бишкек шаҳрига учаётган самолётни ўз ҳудудида қўнишга мажбур этган. Унинг бортида расмий Теҳрон террористик тузилма деб билган суннийларнинг "Жундалла" ташкилоти етакчиси Абдулмалик Риги бўлган. Учоқ қўндирилгач, у ҳибсга олинган.

Ўтган йили ёзда ОАВлар Украина махсус хизматлари Украина махсус хизматлари муҳтамалан Вагнер хусусий ҳарбий ширкатига мансуб россиялик ёлланма жангчиларни, Минскдан Истанбулга йўл олган самолётни Киев аэропортига шошилинч қўндириш орқали қўлга олишга ҳозирлик кўрганини хабар қилди. Россияликлар Беларусда ушланди ва самолётдан қолиб кетишди. Пировардида улар қўйиб юборилди.

XS
SM
MD
LG