Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:51

Бош вазир Москвадан ВДНХдаги "Ўзбекистон" павильонини очмай қайтди


ВДНХдаги Ўзбекистон павильони
ВДНХдаги Ўзбекистон павильони

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Москвада Бутунроссия халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасининг (ВДНХ) таъмирланаётган “Ўзбекистон” павильонини 10 июлда бориб кўрди.

Кремль маъмурияти Ўзбекистон бош вазири иншоотнинг тантанали очилишига келаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Кузатувчилар 1950- йилларда Ўзбекистон қурган бу павильоннинг асл эгасига қайтарилишини сиёсий ва иқтисодий сабаблар билан изоҳламоқда.

10 июлда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Москвага расмий ташриф билан келди.

Аввалига Россия ҳукуматининг расмий сайтида Абдулла Арипов Россия вице-премьери Ольга Голодец билан бирга ВДНХ кўргазмалар марказидаги “Ўзбекистон” павильонининг тантанали очилишида иштирок этиши хабар қилинган эди.

Аммо, 10 июль куни ВДНХ матбуот хизмати ходими очилиш маросими бўлмаслигини маълум қилди:

- 66-чи павильон очилиши ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Ҳукумат раҳбарлари у ерга таъмирлаш ишларини қандай бораётганини кўриш учун келганини биламан. Павильон очилишига ҳали эрта – ичкарида реставрация ишлари давом этаяпти.

ВДНХ раҳбарияти павильон ичидаги реставрация ишлари Россия Маданият вазирлиги ҳисобига олиб борилаётганини маълум қилди. Маълум бўлишича, узоқ йиллар давомида қаровсиз қолган иншоотнинг фасади ва ротондалари ҳам таъмирга муҳтож. Бинонинг ташини реставрация ишлари Ўзбекистон ҳукумати ҳисобига амалга оширилиши айтилди.

ВДНХ - И.Сталиннинг ғоявий лойиҳасидир
ВДНХ - И.Сталиннинг ғоявий лойиҳасидир

ВДНХ - сиёсий ва иқтисодий лойиҳа

ВДНХ Россиянинг иқтисодий ютуқларини кўз-кўз қилувчи кўргазма маркази ҳисобланади.

Совет даврида бу кўргазма социалистик блок ютуқларини тараннум этарди. "Ўзбекистон" павильони ВДНХда Сталин буйруғи билан Шароф Рашидов бошчилигида қурилган ҳашаматли бинодир.

Совет Иттифоқи парчаландию 66-рақами билан танилган «Ўзбекистон» павильони Россия тасарруфига ўтиб кетди.

Эндиликда бу ерда яна Ўзбекистон павильонини очмоқчилар. Айнан шунинг учун Москвага келган Абдулла Арипов кўргазмада бораётган таъмирлаш ва реставрация ишларини шахсан кўздан кечирди.

Ўзбекистонлик собиқ дипломат ва диссидент Алишер Таксановнинг ишонишича, Россия Ўзбекистонга эски павильонни "қайта совға қилиши" билан сиёсий манфаатларни кўзламоқда:

- Бу амал негизида нафақат иқтисодий, балки сиёсий масала ҳам ётади. Россия сиёсий саҳнада халқаро ҳамжамият орасида сафдошларини йўқотаётган, собиқ Иттифоқ давлатлари кўмагида муҳтожлик сезаётган, кўринади. Грузия, Украина кетди, демак шу тариқа қолганларни ўзига тортиш керак. Ижарага бериш каби, таъбир жоиз, бундай садақа, Путин фикрича, Ўзбекистонни Россияга яқинлаштиради. Қолаверса, Россияда 3 миллиондан зиёд ўзбекистонлик ишламоқда ва бу ҳолат Ўзбекистоннинг Россияга муҳтожлигини яқин келажакда сақлаб қолади. Демак, Россиядан бошқа таклифлар бўлиши мумкинлигини кутиш мумкин.

Ўзбекистоннинг ВДНХдаги илк вақтинчалик ёғоч павильони 1939 йилда пайдо бўлгани, 1954 йилда Сталин буйруғи билан доимий павильон очилгани маълум.

Аксар постсовет давлатларида СССР ва Россиянинг империявий иддаоларини тамсил қилувчи рамзлар тақиқланган. Хусусан¸ Украина 2014 йилда ВДНХдаги ўз номидаги павильондан воз кечган.

2013 йилда Ўзбекистон ВДНХ ҳудудида ўзига ажратилган павильондан воз кечган эди. Ўшанда Россия президенти Владимир Путин бу павильонни 50 йилга йилига рамзий 1 рублга ижарага беришни таклиф этганди. Лекин бу таклифни Ислом Каримов рад этган эди.

Путиннинг собиқ иттифоқни қайта тиклаш амбициялари кучайиши ортидан 2013 йилда 520 гектарлик бу ҳудудга яна советча ВДНХ номи қайтарилди.

90- йилларда Ўзбекистон тасарруфидан чиқарилган бу иншоот 2019 йилда Россия ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг Урганчдаги учрашувида яна қайта Ўзбекистонга топширилгани айтилганди.

2019 йилнинг 30 майида Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида ВДНХ экспозиция маркази ҳудудидаги 66-чи павильонда “Ўзбекистон Республикаси кўргазма-маданий маркази” очилиши ва у Ўзбекистонга 49 йилга ижарага берилиши келишилган эди.

ВДНХ расмийсининг Озодликка билдиришича, "Ўзбекистон" павильони шу йилнинг октябрида очилиши режалаштирилмоқда.

***

Бош вазир Абдулла Ариповнинг Москва сафарида унга Ўзбекистон иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев, Ахборот технологиялари ва коммуникациялар вазири Шуҳрат Содиқов, Энергетика вазири ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудовлар ҳамроҳлик қилди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг Россия Бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Учрашувда икки вазир давлатлараро савдо, иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар масалаларни муҳокама қилгани айтилди.

Абдулла Арипов шу куниёқ келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмоновга қарашли Mail.ru Интернет компаниясининг Москвадаги бош офисида бўлди. Ўзбекистон Бош вазири Москва вилоятининг Минтақани бошқариш марказида, Россия Федерал солиқ қўмитасида бўлди.

XS
SM
MD
LG