Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:23

ИИВ ертўласида ётиб ишлаган қашқадарёлик усталарнинг ҳақи "тўлаб берилди"


Қашқадарёлик усталар Ички ишлар вазирлигида қурилган мана шу объектда ишлаган. Тошкент, 2021.
Қашқадарёлик усталар Ички ишлар вазирлигида қурилган мана шу объектда ишлаган. Тошкент, 2021.

Қашқадарё вилоят, Миришкор туманилик устанинг Озодликка билдиришича, ўзи бошчилигидаги 6 кишидан иборат қурувчилар гуруҳи шу йил баҳорида Ички ишлар вазирлиги ҳудудида бажарган қурилиш ишлари учун иш ҳақининг бир қисмини 8 июлгача ололмаётган эди.

Вазирликка қарашли Қурилиш-таъмирлаш давлат унитар корхонаси (ДУК) раҳбарияти вакили қурувчилар иш ҳақи тўланмаганини улар ишлаган объектнинг лойиҳалаш ҳужжатлари қурилиш ишлари билан параллел тайёрлангани билан изоҳлади. ДУК раҳбарияти вакили лойиҳа шу кунларда битгани ва иш ҳақи келаси ҳафтада тўланишини билдирди.

Вазирлик матбуот хизмати қилинган ишлар учун барча тўловлар 20 майда амалга оширилгани, бироқ шикоят ўрганилиб, ҳолат тасдиқланган тақдирда иш ҳақи бир кун муддатда тўланишини билдирди.

Мақола битгунча иш ҳақи тўлангани ҳақида хабар етиб келди.

Озодликка келган хат

Қашқадарёлик қурувчилар гуруҳи бошлиғи 27 яшар Аброр Бобомуродовнинг Озодликка ёзишича, у етакчилигидаги 6 кишилик гуруҳ 24 мартдан 9 майгача Ички ишлар вазирлиги ҳовлисида қурилган Хотира мажмуаси қурилишида ишлаган.

Қурувчилар гуруҳи 45 кун мобайнида жами 17 млн. сўмлик иш бажарган. Бу пулнинг 9 млн. сўмини олган. Қолган 8 млн. сўмини икки ойдан буён ололмаётган эди.

ИИВдан иш ҳақини ололмаётган қашқадарёлик қурувчидан келган хат.
ИИВдан иш ҳақини ололмаётган қашқадарёлик қурувчидан келган хат.

"ИИВ подвалида ётдик"

Аброр Бобомуродов Озодлик билан суҳбатда икки ойдан буён вазирликка бир неча марта боргани, бироқ соқчилар вазирлик дарвозасидан ичкарига киритмаганини айтди.

Устанинг айтишича, унинг ҳамюртларидан иборат гуруҳи 45 кун давомида узунлиги 65, баландлиги 3 метрли бетон девор ҳамда узунлиги 226, баландлиги 6 метрли тунука девор қурган.

“Мен сизга бу деворларнинг ер устида кўриниб турган қисмини айтяпман, холос, уларнинг ер остидаги қисмини, бошқа майда-чуйда ишларни айтмаяпман”, деди Аброр Бобомуродов.

Устанинг айтишича, у шериклари билан “ИИВ подвалида ётиб ишлаган”.

“Ҳар куни соат 6 да иш бошланарди, қош қорайгунча ишлар эдик. Баъзида ярим тунгача ҳам ишлаганмиз”, - қўшимча қилди уста.

Аброр Бобомуродов вазирлик ҳудудида қурган объекти суратларини ҳам Озодликка тақдим қилди.

Қашқадарёлик ишчилар ИИВда узунлиги 65, баландлиги 3 метрли бетон девор ҳамда узунлиги 226, баландлиги 6 метрли тунука девор қурган.
Қашқадарёлик ишчилар ИИВда узунлиги 65, баландлиги 3 метрли бетон девор ҳамда узунлиги 226, баландлиги 6 метрли тунука девор қурган.

Иш берувчи: Иш ҳақини келаси ҳафтада тўлаймиз

Қашқадарёлик уста иш ҳақини тўлаб беришга масъул бўлган уч кишининг исмларинигина билиши маълум бўлди. Улар: Файзулла, Наврўз ва Шуҳрат.

Озодлик Наврўз ва Шуҳрат билан боғлана олмади, бироқ Файзулла билан боғланди. Фамилияси ва лавозимини айтишни истамаган бу амалдорнинг жавобларидан у вазирликка қарашли Қурилиш-таъмирлаш давлат унитар корхонаси (ДУК) раҳбарияти вакили эканлиги тушунилади.

Мулозим гап қашқадарёлик қурувчиларнинг иш ҳақи устида кетаётганини дарҳол тушунди ва Озодлик саволидан келиб чиқиб, қашқадарёлик қурувчиларни назарда тутаркан, бундай деди:

“У болалар субподрядчи ташкилотда ишлаган, менда ишлаган эмас, уларни Наврўз ака деган одам ишга ёллаган. Энди биз уларга пул чиқариб берамиз кейинги ҳафтада. Ўша пул чиқарилганидан кейин ўтказиб беради уларга. Объект қурилишига параллель равишда уни лойиҳалаш ишлари қилинди. Лойиҳа ҳужжатлари битди. Тасдиқланди. Тасдиқланган дастур асосида энди пул чиқарилади ва кейинги ҳафтада тўлаб берамиз”.

Бу гапни айтган Файзулла, бир-икки сониядан сўнг "дастур тасдиқланиши қолгани, тасдиқланганидан сўнг пул берилишини" маълум қилди.

ИИВ матбуот хизмати: Барча тўловлар 20 майгача амалга оширилган

Озодлик қурувчилар гуруҳи бошлиғи Аброр Бобомродовнинг хатини ҳамда бу гуруҳ қурган объект суратларини ИИВ матбуот хизматига изоҳ сўраб тақдим этди.

Матбуот хизмати ўз жавобида "ҳолат тасдиқланса, иш ҳақи бир кунда ундириб берилиши" билдирилган:

“Хақиқатдан ҳам кўрсатилган ишлар амалга оширилган. Буюртмачи, ИИВга қарашли Қурилиш-таъмирлаш ДУК ёлланма ишчи сифатида Поёнов Д. раҳбарлигида ишчилар гуруҳини ёллаган. Бажарилган ишлар юзасидан жорий йилнинг 20 май куни барча тўловлар ишчилар гуруҳи раҳбари Поёнов Д.га берилган. Нима учун айнан Бобомурадов А. пулини олмаганлиги бўйича текширув ўтказилади, ҳолат тасдиқланса бир кун муддатда пули ундириб берилади”.

ИИВ матбуот хизмати жавобида “тўланмаётган 8 млн. сўм иши”нинг яна бир “фигуранти” – Поёнов Д. пайдо бўлди. Ким у?

Озодлик яна Аброр Бобомуродов билан боғланди. Унинг айтишича, Дилшод Поёнов ишчи билан иш берувчи ўртасидаги воситачи холос:

“Вазирликдаги ишни бизга Поёнов топиб берган. Ўзи, билишимча, ҳеч қаерда ишламайди. Иш топиб бергани учун ишчидан 10 фоиз олади. Поёнов бизнинг ҳақимизни олганми-йўқми – билмайман. Ўртада тургани учун ҳақимизни у орқали ундиришга ҳаракат қилиб, икки ойдан бери унга ҳам бир неча марта телефон қилдим, умуман жавоб бермайди”.

Мақола шу жойга келганда, шу кунда Қибрайда ишлаётган Аброр Бобомуродов яна алоқага чиқди:

“Ҳозиргина пулни олдик. Ёнимда Файзулла ака турибди. Пулни олиб келиб берди. Раҳмат”.

Озодлик муҳарриридан:

Бир қарашда масала ҳал бўлди – икки ойдан бери иш ҳақини ололмаётган ишчиларга пул тўланди – ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолса ҳам бўлаверар эди.

Бироқ мақола давомида юзага чиққан бир неча савол жавобсиз қолмоқда.

  • “Объект лойиҳа ҳужжатлари тез орада тасдиқдан ўтади ва шундан сўнг – келаси ҳафтада пулни тўлаймиз”, деган Файзулла бугуннинг ўзидаёқ пулни етказиб берди. У пулни қаердан олди?
  • Файзулла нима учун Озодликка бир жавоб, ИИВ матбуот хизматига бошқача жавоб берди (Матбуот хизмати Озодликка йўллаган жавоб катта эҳтимол билан Файзулланинг айтганларига асосланган)
  • Ички ишлар вазирлигига қарашли ДУК ишчиларни нега қандайдир хусусий шахс орқали ёллайди? (Аброр Бобомуродовнинг айтишича, унинг шерикларини қурилиш бригадаси, деб атаб ҳам бўлмайди. Бобомуродов қишлоқдошларини эрчитиб келаверган Тошкентга)
  • Нима учун ишчилар ИИВнинг ертўласида ётиб ишлади, улар нега тонг саҳардан қош қорайгунча ишлатилди?
  • Улар қандай расмийлаштирилган? Ёки вазирлик қурувчиларни хусусий томорқада ишлатиладиган мардикордай ишлатдими?

XS
SM
MD
LG