Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:38

Тошкентда давом этаётган турар-жой бинолари қурилишида карантин қоидаларига риоя қилинмаяпти


Ўз ховлисида икки уста ишлатиб, қурилиш қилган тошкентлик тадбиркор 11 апрель куни жаримага тортилди.

Прокуратура ва ИИВ қўшма рейд ўтказиб Тошкент марказида юзлаб қурувчиларни бир жойга йиғиб қурилиш қилаëтган ширкатга 30 март куни қурилишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берди.

Аммо бу чораларга қарамай, 13 апрель куни Озодлик мухбири Тошкентнинг қурилиш майдонларида минглаб ишчилар карантин қоидаларига амал қилмай ишлаëтганига гувоҳ бўлди.

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшунос¸ маҳаллий мулозимлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларига риоя қилмаган қурувчиларнинг “тўғри жазоланганлигини” ва “Қурилишни тўхтатиш ҳақида тўғри кўрсатма” берганлигини айтди.

Айни пайтда ҳуқуқшунос карантин чекловларига оид ҳужжатларда аниқ-тиниқ қилиб қурилишлар тўхтатилсин деган банд ëзилмагани “баъзи ширкатлар учун ҳуқуқий тирқиш” очаëтганидан ташвиш билдирди.

Озодлик суҳбатлашган мулозимлар эса, карантин даврида “истисно тариқасида касалхона ва муҳим давлат иншоотлари қурилишига изн” берилиши ва бу изннинг “люкс турар-жой қураëтган хусусий ширкатларга алоқаси йўқлигини айтди.

Озодлик ИИВ рейди давомида қурилиш тўхтатилган ширкатга қўнғироқ қилди. Ширкат вакили “карантин боис бу саволга жавоб бера оладиган мутасадди йўқлигини” билдиришдан нарига ўтмади.

Ховлида қурилиш қилганга жарима

Тошкентлик 43 яшар тадбиркор Р.Н. 11 апрель куни ўзига тегишли ҳовлида кичик қурилиш қилаëтгани учун Сергели туман ИИБ ходимлари тарафидан 1 000 115 сўм жаримага тортилди.

У бу ҳақда Озодликка маълумот берар экан¸ «нега кўчадаги қурилишлар куну тун давом этмоқда¸ аммо менга рухсат йўқ» деб нолиди.

Унинг ҳикоясидан аëн бўлишича¸ у коронавирус пандемияси боис Ўзбекистонда жорий қилинган карантин чеклови шартларини бузган, яъни у ва яна ëлланган икки мардикор уста гуруҳ ҳолида бир-бирига яқин бўлиб ишлашган.

Озодлик суҳбатлашган ва лавозимида матбуотга гапириш ҳуқуқи бўлмагани боис исми айтилишини истамаган Сергели туман ҳокимлиги ходимига кўра¸ шу туман турғуни Р.Н. карантин пайтида ўз уйида гуруҳ бўлиб қурилиш ўтказгани учун тўғри жазоланган:

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси , яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузгани учун тўғри чора кўрилди. Ҳаётий зарурат бўлмаган холда усталарни чақириб гуруҳ ҳолида қурилиш қилган. Яна ўзини яккалаш тартибиниям бузган. Янаям ИИБ ходимлари инсоф қилиб битта жарима расмийлаштирибди. Аслида учта ҳуқуқбузарга учта жарима ëзиш керак эди».

Айни пайтда Коронавирусга қарши кураш мақсадида жорий этилган карантин чоралари пайтида Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва Самарқанд каби йирик шаҳарларда хусусий ширкатлар минглаб ишчиларни жалб қилиб кўп қаватли турар-жой биноларини қуришда давом этаëтгани ҳақида Озодликда маълумот бор.

Карантин пайтида ҳам қурилиш тўхтамаяпти
Карантин пайтида ҳам қурилиш тўхтамаяпти

Сергели туман ҳокимлиги мулозими фақат «ўта мухим давлат аҳамиятига эга бўлган бинолар (масалан госпиталлар) қурилишига рухсат берилгани ва бу қурилишларда санитария-гигиена нормаларига риоя қилиш қатъий назоратда эканлигини» билдирди.

Мулозимга кўра¸ «касалхона¸ йўл қурилиши ва алоқа тизимлари билан боғлиқ маъмурий бинолар қурилиши ўта муҳим давлат аҳамиятига эга» дея малакаланади.

Айни пайда мулозим карантин чекловига қарамасдан Сергели туманида хусусий ширкатлар турар-жой бинолари қуришни нега тўхтатмагани борасидаги саволимизга аниқ жавоб бера олмади.

«Бино давлат буюртмасига асосан қураëтган бўлса рухсат берилади»¸ дейиш билан чекланди мулозим.

Давлат эмас ширкат қурмоқда

Карантин даврида чекловга қарамасдан Ўзбекистон пойтахтида хусусий ширкатлар люкс уйлар қураëтгани ҳақида Қирғизистондаги Eho kg Интернет нашри жорий йилнинг 31 март куни таҳлилий мақола эълон қилди.

Maқолага илова қилинган видеотасмада карантин чораларини назар писанд қилмай 300 та бой одам учун уй қураëтган ширкат танқид қилинади.

“Тошкент ҳокимига карантин халақит қилмайди" (“Хокиму Ташкента карантин не помеха») деб сарлавҳаланган мақолада ëзилишича¸ ООО СП «SILK ROAD GROUP INVESTMENTS» ва Murad Buildings ширкати таъсис қилган NRG (СП ООО «AVALON GROUP» ширкатлари Тошкент шахрининг Нукус¸ Ойбек кўчалари ва Миробод туманида эрталабки 8 дан то кечки 10 гача одам ишлатишмоқда.

“Қурилаëтган иншоот госпиталь ëки "Тез ëрдам" биноси эмас. 300 нафар чўнтаги пулга тўла киборлар кўнгилхушлиги учун қурилаëтган ҳашаматли турар-жой комплекси. Қурувчилар оддий санитария қоидаларига ҳам риоя қилмаëтгани видеода кўриниб турибди”,- дейилади мақолада.

Ҳокимият чора кўрди

Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизматининг 13 апрель куни Озодлик суҳбатлашган вакили “Карантин пайтида қурилиш қилаëтган ширкатларга қарши прокуратура билан биргаликда мунтазам рейдлар ўтказилиб чора кўрилаëтганини” айтди.

Мулозим ўз сўзига мисол сифатида карантин чекловига амал қилмай Тошкент шахрида қурилиш қилаëтган BB-Stroy ширкати раҳбари Ботир Ражабов маъмурий жавобгарликка тортилганини ҳам айтиб ўтди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ИИБ матбуот хизмати ходими Суҳроб Саидовнинг Youtube порталида қилган чиқишида “Карантин қоидаларига амал қилмаган қурувчилар ва ширкат раҳбарларига жиддий чора кўрилиши” таъкидланади. Видеода Тошкент шаҳри Олтинтепа кўчасидаги BB-Stroy қурувчиларининг карантин шартларига риоя қилмагани тасвирланган.

Олтинтепа кўчасидаги рейд
Олтинтепа кўчасидаги рейд

13 апрель куни Озодликнинг мобил мухбири Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туман, Олтинтепа кўчасидаги “Прокуратура ва ИИБ рейди пайтида чора кўрилган” қурилиш майдончасига борди.

Мобил мухбирга кўра¸ қурилиш аввалги суръатларда темпда давом этоқда:

- Мана мен Олтинтепа кўчаси 247- уй олдида турибман. Кираверишга ООО ВВ-STROY деб ëзилган. Отбой чўкичлари ерга улкан қозиқларни қоқиб ëтибди. Ишчилар гавжум. Юзлаб ишчилар бор. Мен кўрган ишчиларнинг аксари маскасини бўйнига осиб олган. Битта ишчидан сўрасам иммунитетим кучли менга юқмайди деди. Ишчи эрталаб соат 7 да ишга келган. Кечқурун 10 да кетаркан.

Тармоқдаги «Снос» гуруҳи раҳбари¸ фаол Фарида Шарифнинг ëзишича¸ республиканинг бошқа худудлари¸ хусусан Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ҳам карантин чековини айланиб ўтиб, турар-жойлар қуриш давом этмоқда.

Биринчи раҳбар маъсулиятида

Карантин давридаги шубҳали қурилишлар ҳақидаги туркум мақолалар муаллифи¸ журналист Алексей Волосевичнинг 13 апрелда Озодлик билан суҳбат давомида “қурилиш ширкатлари карантин пайтида ишлаш учун ҳуқуқий тирқиш топганлиги улар зиммасидан маъсулиятни соқит қилмайди”, деган фикрни билдираркан, бундай деди:

- Мамлакатда мутлақ карантин эълон қилинган бир пайтда қурувчи ширкатлар ва уларнинг акахонларининг пайтдан фойдаланиб бойиб қолишга ҳаққи йўқ. Чунки улар нафақат ўз ишчилари¸ балки улар қурилиш қилаëтган катта шаҳарлар аҳолиси саломатлигини ҳам жиддий хавф остига қўяди. Менимча, қурилишнинг тўхтатилмагани ва ИИБнинг уларни тўхтатишга қурби етмагани билан боғлиқ вазият бу қурилишлардан ўта қудратли одамлар манфаатдор эканлиги нишонаси.

XS
SM
MD
LG