Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Йирик корхоналарнинг минглаб ишчиси карантин пайтида ҳам доимий штат режимида ишламоқда


Самарқанд вилояти Оқдарë йўл қурилиши корхонаси ишчилари ҳам Озодликка карантинга қарамай¸ камида 50 одамнинг кичик бир хонада тушлик қилишга мажбурлигини билдирди.
Самарқанд вилояти Оқдарë йўл қурилиши корхонаси ишчилари ҳам Озодликка карантинга қарамай¸ камида 50 одамнинг кичик бир хонада тушлик қилишга мажбурлигини билдирди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун ташкил қилинган махсус комиссия уч нафардан ортиқ одамнинг тўпланишини тақиқлаган бўлса-да​, ўн минглаб одам ишлайдиган йирик корхоналар доимий штат режимида ишлашда давом этмоқда.

Ўзбекистонда карантин даврида жамоатчилик транспорти ва такси хизматлари тўхтаган бир пайтда минглаб одам ишловчи айрим корхоналарда ишчиларни ташиш учун махсус транспорт ташкил этилмаган.

Бундай ширкатларнинг Озодликка боғланган ходимлари пиёда ёки велосипедда, узоқ тумандагилар эса курьер қиёфасидаги киракашлар машинасида ишга қатнаётганини билдирди.

"Фарғонаазот" ходимлари ишга пиёда қатнамоқда

Минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи Ўзбекистондаги йирик "Фарғонаазот" корхонасининг исми ошкор этилишини истамаган ишчиси жамоат транспорти ва такси хизматлари тўхтаган бир пайтда заводга пиёда ишга қатнаëтганлардан бири.

Худо кўрсатмасин¸ кимдир йўлда коронавирусни юқтириб, заводга олиб келадиган бўлса¸ ҳаммамиз барбод бўламиз!

- Ҳар куни беш-олти километр юриб ишга борамиз, яна шунча масофа юриб уйга қайтамиз. Ишчиларни асосий қисми Тошлоқдан, Марғилондан келади. Карантин пайти ишчиларга махсус автобус ташкил этмайдими? Xудо кўрсатмасин¸ кимдир йўлда коронавирусни юқтириб, заводга олиб келадиган бўлса ҳаммамиз барбод бўламиз, завод ҳам барбод бўлади, - дейди 1 апрель куни Озодликка боғланган "Фарғонаазот" корхонаси ишчиси.

Корхонанинг узоқ туманлардаги ходимларидан бири курьер қиёфасидаги киракашлар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлаётганини айтади.

- Мен Тошлоқ туманидан заводга қатнайман. Ҳозир карантинда жамоат транспорти тўхтаган, такси хизмати ҳам тўхтаган. Лекин, юклар доставкасига рухсат бор. Айримлар¸ гўёки юк доставка қиляпман, деб яширин йўллар билан одам ташияпти. Ҳар куни минглаб одам корхонага шунақа йўллар билан ишга келади.

"Фарғонаазот" корхонасининг Озодлик боғланган таъминот бўлими мутасаддиси ишчиларни ташиш учун Фарғона шаҳрининг тўққизта нуқтасига махсус автобус қўйилганини айтди.

- Қиргулига, Охунбобоевга ва бошқа жойларга тўққизта автобус тинмай қатнаяпти. Бепул ташияпти ишчиларни.

Завод маъмурияти вакили бошқа туманлардан қатнайдиган ишчиларга махсус транспорт ташкиллаштирилганми, деган саволни очиқ қолдирди.

Ишчилар вирус ташувчи бўлиб қолиши мумкин

Ўзбекистонда коронавирусга қарши тузилган махсус ҳукумат комиссияси 27 мартдан бошлаб 3 нафардан ошиқ одамнинг тўпланишини тақиқлади ва одамлар орасида 2 метрлик масофа сақланиши лозимлигини билдирди.

Ҳукуматнинг бундай кўрсатмасига қарамай, "Фарғонаазот"дан ташқари 10 мингдан ортиқ ишчига эга Навоий Тоғ-кон металлургия комбинатида ҳам ишлаб чиқариш тўртта сменада давом этмоқда.

Бу ҳақда комбинат ишчиларидан бири Озодликка хабар қилди:

Иш ҳар доимгидек, тўртта сменада. Буни устига мажлислар бўляпти. Бизни соғлигимиз ҳақида ҳеч ким қайғурмайди.

- Иш ҳар доимгидек, тўртта сменада. Бунинг устига¸ мажлислар бўляпти. Бизнинг соғлигимиз ҳақида ҳеч ким қайғурмайди. Ишлаб чиқариш тўхтамаса бўлди. Давлатга валюта керак. Лекин бу боришда ишчилар вирус ташувчига айланиши ва комбинатга даромаддан кўпроқ зиëн келтириши мумкинку! Комбинатда 10 минг одам ишлайди ахир!

Озодлик билан телефон суҳбатида ўзини Навоий Тоғ-кон металлургия комбинати раҳбари ёрдамчиси деб таништирган мулозим корхонада хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича барча талабларга амал қилинаётганини айтди.

- Ишчиларнинг ҳаммаси маска билан таминланган, ишчилар учун махсус транспорт қўйдик, автобусларда олиб келиняпти. Хавотирларга ўрин йўқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 1 апрелга келиб мамлакатда коронавирус юқтиргани тасдиқланганлар сони 173 нафарга етди.

Коронавирус аниқланган жойлар орасида Навоий Тоғ-кон металлургия комбинати жойлашган Зарафшон шаҳри йўқ.

Ўзбекистондаги бошқа йирик корхоналар, жумладан атомобиль ишлаб чиқарувчи GM Uzbekistan корхонаси ҳам доимий штат режимида ишламоқда.

Ширкат сайтида эълон қилинган бу ҳақдаги билдирувда карантин даврида мижозларга харидларни онлайн режимида амалга ошириш таклиф қилинган.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича завод қураётган Enter Engineering компанияси ҳам коронавирус хавфига қарамай ишларини тўхтатмаган.

Озодлик Enter Engineering компанияси ишчилари Ғузорда қандай шароитда ишлаётгани, нега вирус хавфига қарамай қурилиш ишлари тўхтатилмагани ҳақида сўраб ширкат матбуот котиби Максим Носовга саволлар билан ёзма мурожаат қилди, лекин ҳозирча жавоб олмади.

Enter Engineering компанияси ишчилари UzGTL заводи қурилишида.
Enter Engineering компанияси ишчилари UzGTL заводи қурилишида.

Ўтган йил декабрь ойида Enter Engineering компаниясининг Ғузорда ишлаётган ходимлари овқатдан оммавий заҳарланган, улардан 65 нафари касалхонага ётқизилган эди.

Enter Engineering компаниясининг Ғузорда ишлаётган ходимлари.
Enter Engineering компаниясининг Ғузорда ишлаётган ходимлари.

Озодлик "ўн минглаб одам ишлайдиган корхоналарда иш тўхтамагани, минглаб ишчи ҳар куни бир жойда овқатланиб¸ бир жойда тўпланиши коронавирусга қарши ҳукумат комиссияси жорий қилган талабларга қанчалик тўғри келади?" деган саволга мутасадди идоралардан жавоб олишга уринди.

Аммо 1 апрель куни на ҳукумат комиссияси¸ на Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот учун мутасаддилари билан боғланиб бўлди.

XS
SM
MD
LG