Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:24

Ковидсиз Тожикистон: Оммавий эмлаш самарасими ёки статистикани яшириш?


Тожикистон оммавий эмлашни шу йил мартида бошлаган эди - 23 март, 2021
Тожикистон оммавий эмлашни шу йил мартида бошлаган эди - 23 март, 2021

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, сўнгги ҳафтада мамлакатда бирорта ҳам коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилмаган. Ҳукумат буни оммавий эмлаш самараси билан изоҳламоқда.

Айрим тожикистонликлар фикрича, вирус тўлқини, эҳтимол, бир оз сусайгандир, бироқ коронавирус устидан тўла ғалаба қозонилгани ҳақида гапиришга ҳали эрта.

“Режа бор”

Душанбедаги 13-сонли поликлиника шифокорлари сўнгги ҳафтада битта ҳам COVID-19 юқтириш ҳолати рўйхатга олинмаганини айтишмоқда. Улар ушбу тенденцияни коронавируснинг янги турига қарши ялпи эмлов билан изоҳлашади. Поликлиника вакили Рустам Қурбонализода Озодликнинг тожик хизматига муассасада ҳар куни 750 дан 1200 нафаргача одам эмланишини маълум қилди.

Айрим шифокорларга кўра, расмий идоралар тиббиёт муассасалари учун аҳолини эмлаш режасини тузиб берган.

“Режани бажармасак, қаттиқ гап эшитамиз. Шунинг учун, агар биров эмлангани келишни хоҳламаса, ўзимиз боришга ҳам тайёрмиз”, деган исмини айтишни хоҳламаган душанбелик бир врач Озодлик мухбирига.

Катта эҳтимол билан, аҳолини эмлаш режасини бажариш айрим шифокорларга оғирлик қилмоқда, шу боис улар бу муаммо тезроқ ҳал бўлишини хоҳлашади.

Беморлар йўқ – эмлаш ёрдам бердими?

Июнь ойида Тожикистон 18 ёшдан катта барча фуқароларига COVID-19 га қарши эмланишни мажбурий қилиб қўйган эди. Мазкур қарор аҳолининг бир қисмида норозилик уйғотди, улар эмлаш ихтиёрий бўлишини талаб қилишди. Бошқалар эса, аксинча, ўзларининг ва бошқаларнинг соғлиғини асраш учун кўнгилли равишда эмланганларини айтишмоқда.

Душанбелик Меҳринисо Сангинова 14 сентябрь куни вакцинанинг иккинчи дозасини олди. У ўзини ва атрофидагиларни ҳимоя қилиш мақсадида, ижтимоий масъулият туфайли эмланганини айтади.

Аммо кимнингдир зўри билан эмланишни хоҳламайдиганлар ҳам бор. Тожик жамиятида эмланишнинг салбий оқибатлари ҳақида миш-мишлар юрибди. Айримлар ана шу миш-мишлар таъсирида COVID-19 га қарши эмланишдан бош тортмоқда, аммо соғлиқни сақлаш тизими вакиллари вакцина олганларда бирор жиддий ножўя таъсир кузатилганини инкор этиб келишади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иммунопрофилактика маркази директорининг ўринбосари Тўрашоҳ Саймуддинов Озодлик радиосига билдиришича, “эмланганлардан атиги 278 кишида иситма, игна ўрнида енгил оғриқ, кўнгил айниши ва пайлар оғриши кузатилган ва бу нормал ҳолат”дир.

Сўнгги ойларда тиббиёт хизматчилари аҳолини коронавирусга қарши эмлаш учун корхоналар, бозорлар ва масжидларга боришди. Янги COVID-19 юқтириш ҳолатлари йўқлигини расмийлар айнан шу кенг кўламли эмлов кампанияси билан боғлашмоқда. Бироқ баъзи врачлар янги касалланиш ҳолатларининг йўқлиги коронавирус енгилганини билдирмаслигини, бинобарин аҳоли эҳтиёт чораларини унутиб қўймаслиги зарурлигини айтишяпти.

Тожикистон ССВга кўра, мамлакатда COVID-19 га қарши эмланганлар сони 2 миллион кишидан ошган. Бугунга қадар Тожикистон COVAX дастури бўйича 4.8 млн дозадан ортиқ вакцина олди.

Расмий қайдлар бўйича, эпидемия бошланишидан 13 сентябрь санасигача мамлакатда 17 мингдан зиёд киши COVID-19 билан оғриган, 14 киши касалликдан вафот этган.

Бироқ расмий статистикага ҳамма ҳам ишонавермайди: уларга кўра, коронавирус юқтирган ва шу хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони эълон қилинганидан бир неча баравар кўп.

XS
SM
MD
LG