Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:55

Туман ҳокими ўринбосарига тенглаштирилган матбуот котиблари ойликсиз ишламоқда


Саида Мирзиëева АОКА билан хайрлашмоқда
Саида Мирзиëева АОКА билан хайрлашмоқда

Республикадаги айрим туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда қатор ташкилотлар матбуот котиблари ишга тайинланган кундан бери расман маош олмаяпти.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил, 27 июндаги қарори билан туман (шаҳар) ҳоким ўринбосари мақоми берилган матбуот котиблари ишга кирган вақтига қараб, баъзилари 3-4, бошқалари 6-7 ойдан бери иш ҳақисиз ишлаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мулозими бу ҳолатни тан олди ва ахборот хизматлари раҳбарларига ҳақ тўлаш вилоятлар молия бошқармалари даражасида ҳал қилиниши режалаштирилганини айтди.

Республиканинг тўрт туман ҳокимликларининг Озодлик гаплашган матбуот котиблари “ишга тайинланганидан бери умуман ойлик олмаëтганини” айтишди.

Икки матбуот котиби эса, матбуотга алоқаси бўлмаган техник штат ҳисобидан ойлик олаëтганини айтди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366 сонли қарори асосида “давлат органи ахборот хизмати раҳбари” деган лавозим таъсис қилиниб, унинг мақоми “раҳбар ўринбосарига” тенглаштирилган эди.

Қарор давлат ташкилотлари¸ туман ва шаҳар ҳокимликларида штат бирликларини таъсис қилиш¸ котибларни техник ëрдамчи¸ хизмат автомобили ва ҳайдовчи билан таъминлашни назарда тутади.

Ўзбекистон президенти имзолаган қарорда бу мақсадларни молиялаш учун Молия вазирлиги зиммасига бу мақсадлар учун 20 миллиард сўм ажратиш юкланган.

Бу қарор ортидан мамлакатдаги 150 дан зиëд туман ва 10 дан ортиқ шаҳар ҳокимликларида ҳамда ташкилотларда Ахборот хизмати раҳбари сифатида юзлаб киши вазифага тайинланган. Аммо Озодлик суҳбатлашган тўрт нафар матбуот котибининг айтишича, тайинланганларнинг лавозими ташкилот штат жадвалида расман қайд қилинмаган ва бинобарин уларга маош тўланмаган. Суҳбатдошлар бу масаланинг “ижобий ечимидан” умидвор бўлиб келишган.

Жорий йилнинг 29 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди. Бу эса ўз навбатида ойликсиз ишлаëтган матбуот котиблари ҳавотирига сабаб бўлди.

Матбуот котибларининг Озодликка айтишича, улар маошларини "Президентнинг қизи олиб беради", деб ишониб юришган. Озодлик 1 февралдан 7 февралга қадар камида беш нафар ойлик олмаëтган матбуот котибидан шикоят мактуби олди.

Ҳокимнинг саботажи?

Водийдаги туманлардан бирининг матбуот котиби, исмини эълон қилмаслик шарти билан, Озодликкка президент қарори нега бажарилмагани тўғрисида ўзи нима деб ўйлашини айтиб берди.

Унинг айтишича¸ матбуот хизмати раҳбарининг “катта ойлик олиши туман ҳокими нафсониятига теккан”:

- ПҚ-4366-сонли қарорга мувофиқ, барча давлат органлари ва ташкилотлари Ахборот хизмати раҳбарлари ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиши, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ташкилот раҳбари ўринбосарига тенглаштирилиши (разряд) ҳамда уларга ҳар қандай тўловлардан қатъи назар иш ҳақининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда устама тўланиши белгиланган. Бу ҳолатда матбуот котибининг ойлиги туман ҳокиминикидан анча баланд бўлиб кетади. Ëзилмаган қонунларга кўра¸ давлат идораси раҳбаридан бошқалар юқори ойлик олиши мумкин эмас. Шу боис ҳокимлик бюджетда ҳали пул ажратилмади деган баҳона билан бизга ойлик тўламай келди.

Суҳбатдошга кўра¸ президент қизи Саида Мирзиëеванинг АОКА раҳбариятидан кетгани ортидан ҳокимият мулозимлари матбуот котибларини “тезда унутиб қўйган”:

- Саида Мирзиёеванинг АОКАдан кетиши давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан ПҚ-4366-сонли қарор ижросини очиқдан-очиқ пайсалга солишга сабаб бўлмоқда. Буни, бутун мамлакат бўйича барча ахборот хизматлари тасдиқлашлари мумкин.

Матбуот котибига экилмаган чим пулини беришдими?

Озодлик суҳбатлашган 21 яшар қиз мамлакат ғарбидаги туманлардан бирига 2019 йилнинг август ойида матбуот хизмати раҳбари қилиб тайинланган. Ишдан айрилиб қолмаслик учун исмини айтмасликни сўраган олий журналистик маълумотга эга бу қиз ишга тайинланганидан бери ойлик олмагани ва у эгаллаган лавозим туман штат жадвалида мавжуд эмаслигини айтди:

- Бир марта бухгалтер чақириб пул берди ва қандайдир қоғозга қўл қўйдирди. Спорт инвентари сотиб олиш ҳақидаги қоғоз экан. Яна бир марта ҳокимлик биноси олдига чим экилди деб расмийлаштириб пулини менга беришди. Мана олти ойдирки, муаллақ аҳволдаман. Саидахон Шавкатовна отасининг олдига кириб масалани ижобий ҳал қилиб беради деб овутиб келишди. Энди у киши ишдан кетди. Ойлик масаласи эса ҳал бўлмай қолиб кетди.

Бюджетда пул йўқ

Озодлик бу қиз ишлайдиган туман ҳокимлиги молия бўлими мутахассиси билан суҳбатлашди. Унинг айтишича¸ матбуот хизмати раҳбари ва ходимларига маош тўлаш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ ҳаражатлар бюджет параметрига умуман кирмаган:

- Мен президент қарори бор экан деб уларга ўзимча ойлик тўлай олмайман. Менга алоҳида буйруқ ва фармойиш лозим. Ҳар бир тийин аниқ йўналишда нимага сарф қилиниши графаларга ажратилиб олдиндан белгилаб қўйилган. Қўлимдаги ҳужжатларда эса бу штат бирлигини молиявий таъминлашга асос бўладиган битта ҳам гап йўқ.

Суҳбатдош матбуот ҳизмати раҳбарининг ҳокимдан кўп ойлик олгани учун бу иш атайлаб пайсалга солинди деган иддаони тасдиқламади:

- Йўқ, пулнинг нимасини пайсалга солади?! Ундай ваколат ҳокимда йўқ. Бюджет ташкилотида бундай ўзбошимчалик бўлмайди. Қарордаги 50 фоиз устама матбуот хизмати раҳбари учун эмас, хизмат ходимлари учун берилган имтиëз. Ўша гапим гап. Пул йўқ. Ҳали отилмаган айиқнинг териси кимга тегади, деб муҳокама қилинмайди.

Ҳоким ваъда бердими?

Фарғона вилоят туманларидан бирида 2019 йилнинг октябридан бери ойликсиз ишлаб келганидан шикоят қилган матбуот котиби муаммо ечимидан умид пайдо бўлганини Озодликка ëзди:

“3 кунда ҳал қилиб берамиз, Озодликка шикоят қилмай туринглар дейишди вилоят ҳокимлигида. Махаллий буджетдан пул ажратилмаган эди айрим туманларда. Шаҳар ва туманларда пул тўланмай келаëтган эди. Кеча вилоят ҳокими қаттиқ чора кўраман ойлик бермасанг деб ëрдамчисини тергади. 3 кунда ўрнига тушади деб ваъда беришди”.

Расмийлар эътирофи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходими эса, Озодлик билан суҳбатда “ойлик тўлаш муаммоси мавжудлигини” тан олди ва муаммо ечими “Молия вазирлиги зиммасида” эканлигини таъкидлади.

Озодлик айни масала юзасидан Ўзбекистон Молия вазирлигига ҳам қўнғироқ қилди. Вазирликнинг ўзини таништирмаган мулозими ПҚ-4366 сонли қарор ижроси юзасидан зарур фармойишлар бўлмагани боис муаммо юзага келганини тан олди. Мулозим бу муаммо вилоятлар молия бошқармалари даражасида ҳал қилиниши режаланганини айтиб гапни қисқа қилди.

Президент қарорини ким ижро этиши керак эди?

2019 йилнинг 27 июнида қабул қилинган “Ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш” тўғрисидаги президент қарорининг умумий ижроси Бош вазир Абдулла Арипов ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов зиммасига юклатилган.

XS
SM
MD
LG