Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:37

Алламжонов-Мирзиёева тандемининг АОКАдан кетиши сабаблари ҳақида турли тахминлар пайдо бўлмоқда


Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов.
Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари ва унинг ўринбосарининг бир кунда ишдан кетиши тор доираларда кенг муҳокама қилинмоқда.

29 январда Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева “келгуси меҳнат фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш режалари” борлигини билдириб, Президент Администрациясига “мурожаат киритгани” ва “мурожаатлар қондирилгани” расман хабар қилинди.

Маҳаллий журналистларнинг баъзилари “янги” Ўзбекистон “медианозирларининг” АОКАдан кетишини уларнинг истеъфосидан бир ҳафта аввал тузилган Фонд билан боғламоқда.

Нега кетишди?

Алламжонов ва Мирзиёеванинг АОКАдан кетиши журналистлар ва блогерлар жамоатчилиги учунгина эмас, ҳатто улар бошқариб келган жамоа учун ҳам кутилмаган воқеа бўлди.

Ҳар ҳолда АОКА матбуот хизмати телефонини 30 январда кўтарган ходима Озодлик саволига жавобан “Йўқ, ҳеч қандай гап йўғийди, ўзимиз ҳам кеча тушдан кейин билдик”, деди.

“Кутилмаган” сўзини журналист Хуршид Далиев ҳам 30 январда Озодлик билан мулоқот чоғида ишлатди:

“Умуман кутилмаган иш бўлди. Чунки уларнинг режалари катта эди”.

Бу воқеа жавоблардан кўра саволларни кўпайтирдики, бу ҳолат блогер Баҳодирхон Элибоевнинг мана бу постида акс этди:

- Мамлакатдаги сўз эркинлигига, ОАВ шаффофлигига жуда катта ҳисса қўшган Комил Алламжонов ишдан кетибди.
- Худди ўзинг ишдан кетгандай, намунча қайғурмасанг? Нега кетибди?
- Сабабини айтишмади. Билмайман нега кетганини. Ижтимоий тармоқлар ҳам кетганини айтишяпти, лекин нега дабдурустдан кетгани ҳақида гаплар йўқ. Шаффоф муҳит яратгандия, акамиз.
- Ҳмм... Ошкоралик дегин? Манга қара, ука! Нега кетганини билмайсан, сабаби ноаниқ, бундан кейин нима бўлади деб ўйлаяпсан. Шу ҳолатни шаффофлик дейдиган бўлсанг, биз тарафларда буни туманлик дейишади. Мавҳумлик муҳити дейилади.

Хос тахмин

Бир неча йил давомида Ўзбекистон президентининг хорижий сафарлари ёритиб келган журналистлардан бири, исми мутлақо сир тутилиш шарти билан, ўзининг тахминини билдирди.

Алламжонов ва Мирзиёеванинг яқинда Европага қилган сафарини эслар экан, журналист бундай деди:

- Катталар ёнида кўп юрганим учун уларнинг ҳаммаларига хос бўлган жиҳатни биламан. Агар эътибор берган бўлсангиз, улар (Алламжонов ва Мирзиёева – таҳр.) Европада “не по чину” жуда юқори даражада қабул қилинди. Шу ҳолат каттага ёқмаган, у кишининг ғашини келтирган бўлиши мумкин. Лекин бу менинг бир тахминим холос.

Нима қолдириб кетишди?

Алламжонов ҳам, Мирзиёева ҳам АОКАда нима қолдирганидан кўра, ундан нима олганига урғу берди. Биринчиси ҳаётининг “энг ёрқин, қизиқарли ва серқирра кунлари айнан АОКАда” ўтганини эътироф қилса, иккинчиси Агентликдаги фаолияти ўз ҳаётидаги “энг бахтли даврлардан бири” бўлганини билдирди.

Журналист Хуршид Далиевнинг фикрича, Алламжонов- Мирзиёева тандеми қисқа вақт ичида катта ишларни амалга ошира олди:

- Журналист ва блогер сифатида айта оламанки, Алламжонов ҳеч қачон бизни назорат қилишга интилмаган, дуч келган жойда гаплашиб кетаверар ёки хонасига таклиф қилар эди. Шу соҳа одами бўлганим учун ким қанақа эканлигини яхши биламан.

Журналист Хуршид Далиев билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 54 ёшдаги журналисти ғойибона баҳсга киришди. Исми айтилмаслик шарти билан гапирган бу журналист Комил Алламжоновнинг фаолиятини кескин танқид қилди:

- Алламжонов журналистикани тушунмайди. 2018 йили, Конституция байрамидан бир ҳафта ўтгач, Миллий матбуот марказида бош муҳаррирлар иштирокида жуда катта анжуман бўлган эди. Кун тартибига кўра, Алламжонов ҳам нутқ сўзлаши керак эди. Бироқ у келмади. Ўрнига мавзудан йироқ бир журналистни жўнатди ва у умумий гапларни айтдию кетди.

ЎзМТРКнинг 54 ёшдаги журналисти Алламжоновни танқид қилар экан, айни пайтда Саида Мирзиёевани олқишлади:

- Саида шу пайтгача блогерларни қувватлаб келди, энди журналистларни қувватлаш мавриди келувди, афсус, кетиб қолибди.

Танқидий чиқишлари билан яхши танилган блогер Анвар Назирнинг фикрича, АОКА блогерлар ва журналистларни эмас, тролларни қувватлаб келди:

- АОКА нинг фаолиятига жуда яхши гувоҳ бўлдик. Троллар пайдо бўлди ижтимоий тармоқларда. Ҳукуматни танқид қилаётган мухолифат вакилларини ҳақорат қилиб, пўписа қиладиган тролларни парваришлашди.

Қаерга кетишди?

Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёевани АОКА дан кетишга “келгуси меҳнат фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш режалари” ундагани 29 январдаги расмий хабардан маълум. Бироқ айнан қаерга деган саволга хабарда жавоб йўқ.

Бу саволга АОКА матбуот хизматидан ҳам жавоб топилмади. 30 январда хизматнинг етакчи мутахассиси Аҳмаджон Юсупов Алламжонов ва Мирзиёева қайси ташкилотга ўтганига оид маълумотга эмаслигини айтди. Юсуповнинг гапириш оҳангидан унда чиндан ҳам маълумот йўқлиги сезилди.

АОКА раҳбариятининг ишдан кетиши ва кетишнинг расман очиқланган сабаби бу воқеадан 7 кун олдинги бир янгиликни ёдга солди. 22 январда “Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди” Адлия вазирлиги томонидан нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида рўйхатга олингани ҳамда расман ўз фаолиятини бошлагани тилга олинган ташкилотнинг ўша куниёқ очилган Фейсбук саҳифасидан маълум бўлган эди.

Хабарда фондни ким(лар) ташкил қилгани тўғрисида маълумот йўқ. Аниқлаш учун Адлия вазирлигига боғланишимиздан наф чиқмади.

Балки Алламжонов-Мирзиёева тандеми шу фондга ишга ўтаётгандир? Ахир расмий хабарда улар “келгуси меҳнат фаолиятларини нодавлат секторда давом эттириш режалари билан” боғлаганку?

Бу саволга “Йўқ, Фонднинг таъсисчилари бошқа, лекин улар (Алламжонов-Мирзиёева -таҳр.) келса, хурсанд бўламиз” деб жавоб берган журналист Хуршид Далиев янги фонд атрофидаги вазиятдан яхши хабардорлардан. У Фонд қошида тузилиши кутилаётган Жамоатчилик кенгаши аъзоси.

Далиевнинг айтишича, Фонд журналист Хушнуд Худойбердиев етакчилигидаги журналистлар гуруҳи томонидан таъсис этилган бўлиб, Алламжонов-Мирзиёева тандемининг бу Фондга алоқаси бор-йўқлигига оид маълумоти йўқ.

Фонд таъсисчиси Хушнуд Худойбердиев билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Айни пайтда президент қизининг давлат ишидан нодавлат секторига ўтиб кетаётгани баъзи мустақил фикрловчи фаолларда ташвиш уйғота бошлади. Ўшандай фаоллардан бири, тошкентлик блогер Анвар Назир “Президент қизи’, “Жамоатчилик фонди” каби иборалар беихтиёр Гулнора Каримова ва унинг Форум фондини ёдга солишини айтар экан, бундай деди:

- Улар ишлайдиган нодавлат сектори ҳеч қачон нодавлат сектори бўлмайди. Гулнора Каримованинг фонди ҳам давлатни, халқаро ташкилотларни соғиб ейдиган қўштирноқ ичидаги нодавлат ташкилоти эди. Шунинг учун Гулнораникидан қандай фойда бўлган бўлса, булар тузадиган ташкилотдан ҳам шундай фойда бўлади.

АОКА-Рокировка

Комил Исмоилович Алламжонов 2018 йил ноябрида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.

2019 йилнинг февралида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Матбуот ва ахборот агентлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилди ва ҳукуматдан Президент администрациясига ўтказилди.

2018 йил октябрида Алламжонов президент администрацияси раҳбари ўринбосари - Ўзбекистон президенти матбуот котиби лавозимидан озод қилинган.

2019 йилнинг 12 апрелида Президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директорига ўринбосари этиб тайинланган.

29 январда 2019 йилнинг октябридан буён АОКА раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Дилшод Саиджонов агентлик директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG