Россия ахборот воситалари Украина шарқидаги қишлоқ жойда Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH17-рейсни амалга ошираётган учоғи уриб туширилгани ҳақида хабар бера бошлаганида, унинг парчалари ҳамон тутар, 298 кишининг жасад қолдиқлари бир неча чақиримлик ғалла ва маккажўхори майдонларида сочилиб ётар эди.
− Донецкдаги исёнчиларнинг янги ғалабаси: Торез шаҳри яқинида Украинанинг яна бир учоғи уриб туширилди, − деб эълон қилди Кремлга содиқ LifeNews телетармоғи диктори Донбасс минтақасида Россияга орқа қилиб, Киев қўшинлари билан уришаётган айирмачиларни назарда тутиб.
Учоқ уриб туширилгани тўғрисидаги эълон тармоқнинг 2014 йил 17 июлдаги кечки хабарлар туркумининг асосийси бўлди, чунки диктор аёл ўшанда айирмачиларнинг тахминий ғалабаси тафсилотларини очиқлаган эди.
− Исёнчилар Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг яна бир юк ташувчи учоғини уриб туширганини айтмоқда, − деди у. – Бу ўзини Донецк Республикаси деб эълон қилган вилоятнинг Торез шаҳри устида рўй берди. Воқеа Москва вақти билан 17:00 да содир бўлди. Украинанинг АН-26 учоғи ракета билан уриб туширилди, портлаш овози эшитилди ва учоқ қулаб туша бошлади.
LifeNews тармоғининг бир ҳаваскор тасвирга олган видеосида фюзеляжидан кўкка қора тутун ўрлаётган самолёт Украина армиясига алоқаси бўлмаган MH17 учоғи эди.
Ушбу видеохабарлар, ижтимоий тармоқ постлари ва гувоҳларнинг кўргазмалари билан бирга исботлар қурамаси эди. Уларда ҳали ушбу фожиа миқёси аниқ бўлмай туриб, бир нарса – Россияга орқа қилувчи айирмачилар дастлаб душман учоғини уриб туширганига ишонгани ва ҳатто бу билан мақтангани акс этган.
Халқаро жиноят тергови гуруҳи ўшандан бери MH17 учоғи Россиянинг 53-зенит-ракета бригадасига қарашли “ер-ҳаво” таснифидаги “БУК” ракетаси билан уриб туширилган ва Россияга орқа қилувчи айирмачилар назоратидаги ҳудуддан учирилган, деган хулосага келди. Ўтган ойда нидерланд прокурорлари жиноятда қўли борлиги гумон қилинган уч нафар Россия ва бир нафар Украина ватандошига айбловлар эълон қилди.
Нидерландиялик прокурорлар инкор қилиб бўлмайдиган исботлар тақдим этганига қарамай, Россия ҳам, айирмачилар етакчилари ҳам MH17 учоғини уриб туширганини инкор қилиб келади
“Қулаб тушган қуш”
Энг машҳур исбот Россиянинг “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги айирмачиларни ёқловчи форумда пайдо бўлди. Унда Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) собиқ зобити Игорь Гиркиннинг (лақаби Стрелков) хабарлари тез-тез кўчириб босилар эди. У MH17 учоғи уриб туширилган пайтда айирмачилар командири бўлган.
2014 йил 17 июль соат 17:50 да – авиадиспетчерлар MH17 билан алоқани йўқотганидан сўнг орадан 30 дақиқа ўтиб – “ВКонтакте”да “қаршилик кўрсатувчилардан хабар” деган ном билан пост эълон қилинди.
Унда, “Торез яқинида биз ҳозиргина АН-24 – “Антонов” ҳарбий-транспорт учоғини уриб туширдик. Биз уларни, осмонимизда учманглар, деб огоҳлантирган эдик”, дейилади. Яна айтилишича, “қуш қулаб тушиши” оқибатида тинч аҳоли зарар кўрмаган.
Постга иккита видео ҳам тиркалган бўлиб, унда MH17 учоғи бўлакларидан қора тутун ҳавога ўрлаётгани акс этган. Айни чоғда олиб ташланган постнинг архивланган версияларида ўша роликлардан бири LifeNews эфирга узатган видео эканини кўриш мумкин.
Ушбу пост – балки хато тарзда – Стрелковга тегишли экани айтилади. Bellingcat тергов гуруҳи терговчиси Арик Толер қайд этишича, ўша постни айирмачи командирнинг “мухлислари” эълон қилган.
Уриб туширилган учоқ оддий йўловчи ташувчи ҳаво кемаси экани маълум бўлгач, пост ўчириб ташланди. Ўрнига бошқа хабар қўйилиб, у гўё “тинч аҳоли ва ичёнчилар мулоқот қиладиган” форумдан кўчириб босилгани, Стрелков унинг ҳақиқий эканини “тасдиқламаслиги” айтилди.
Дастлабки постга киритилган яна бир видеони ҳозир ҳам Youtube каналида кўрса бўлади. Унда камерага тушишни истамаган гувоҳлар учоқ қандай “уриб туширилгани”ни муҳокама қилади. Бир киши, “улар бу нарсани бу ерга бир сабаб билан олиб келган эди”, дейди, аммо у нимани назарда тургани ноаниқ қолади.
Нидерланд прокурорлари MH17 учоғи Россиядан олиб келинган “БУК” ракета тизими билан уриб туширилган ва кўплаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган фожиадан сўнг чегарадан орқага олиб ўтилган, деган хулосага келди.
Сураткаш
MH17 учоғи уриб туширилганидан сўнг орадан икки йил ўтиб, француз сураткаши Жером Сассини бир туркум суратлар олиш учун воқеа содир бўлган жойга қандай борганини гапириб берган эди. Ўша суратлари учун у World Press Photo мукофотига сазовор бўлди.
Айтишича, у фожиа содир бўлган куни Россияга орқа қилувчи айирмачилар билан гаплашган.
“У дастлаб, “Биз Украина ҳарбий учоғини уриб туширдик”, деб айтди ва бу менга ўша воқеани ёритиш учун бизга маълумот бераётгандай туюлди”, дея хотирлайди Сессини.
Сессини орадан 15 дақиқа ўтиб, ҳамкасб журналист ўзига учоқ уриб туширилган жойга кетаётгани ҳақида қўнғироқ қилганини, у Малайзиянинг оддий йўловчи ташувчи учоғи эканини, бортида 200 киши бўлганини айтганини эслади.
Донецклик айирмачиларнинг матбуот хизмати дастлаб Твиттерда учоқ “тахминларга кўра, Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг АН-24 учоғи бўлгани”ни хабар қилди. Ўша учоқ қулаб тушди, деб тахмин қилинган жойда кейинчалик MH17 фалокатга учрагани маълум бўлди.
Твиттер хабарида қулаш сабаби айтилмади. MH17 учоғи қулагани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач, матбуот хизмати Твиттерда учоқ ҳалокатида “ чет эллик катталар”ни айблаб чиқди.
“Агар у чиндан ҳам оддий йўловчи ташувчи учоқ бўлса, уни биз уриб туширмадик”
LifeNews хабарларига қўшимча равишда Россиянинг давлатга қарашли РИА Новости, ТАСС ахборот агентликлари ҳам дастлаб айирмачилар MH17 учоғи қулаган жойда Украинанинг АН-26 учоғини уриб туширгани ҳақида хабар тарқатган, ҳатто учоқ ракета билан уриб туширилгани ҳақида гувоҳларнинг гапларидан ҳам иқтибослар келтирган эди. LifeNews ҳам шундай йўл тутди.
Аммо ўша украин учоғи уриб туширилгани тахмин қилинаётган жойда MH17 ҳалокатга учрагани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, РИА Новостининг ўша дастлабки хабарига киритилаётган ўзгартиришлар тобора чалкаш тус ола бошлади. Оқибатда бир жойда ҳам украин, ҳам Малайзия учоғи уриб туширилгандай таассурот ҳосил бўлди. Аммо MH17 қулаб тушган жойда иккинчи учоқнинг ҳалокати тўғрисида ҳеч қандай исбот топилмади.
Айирмачилар MH17 учоғи уриб туширилишига алоқаси борлигини инкор эта бошлагач, россиялик миллатчи Александр Бородай РИА Новости агентлигига, “Агар у чиндан ҳам оддий йўловчи ташувчи учоқ бўлса, уни биз уриб туширмадик”, деб айтди.
“Икки учоқ” иддаоси
Австралия ОАВ фожианинг бир йиллиги муносабати билан олган ва эълон қилган видеода айирмачилар жангарилари учоқ синиқларини оралаб юргани ва бу оддий учоқ эканидан ҳайратланаётгани акс этган.
Лекин видеода ўша кишилар Малайзия учоғини Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг “Сухой” қирувчи учоғи уриб туширган, деган тахминни айтди.
Видеонинг бир қисмини айирмачилар MH17 уриб туширилганидан кўп ўтмай Би-Би-Сига берган. Аммо нидерланд прокурорлари MH17 ни бошқа учоқ уриб туширганини бутунлай истисно қилди.
“Украина тарафидан”
Россиянинг “Новая газета”си ўзида мавжуд маълумотларга асосланиб хабар қилишича, айирмачилар командирлари MH17 уриб туширилгандан сўнг тез орада журналистлар билан боғланиб, Украина учоғини уриб туширдик, деб мақтанган.
Аммо Россия хавфсизлик хизматларига яқинлиги билан ном қозонган LifeNews телеканали зудлик билан репортажини ўзгартирди, диктори Украинанинг уриб туширилгани тахмин қилинаётган АН-26 учоғини тилга ҳам олмади.
Энди у оддий учоқ бўлганини ва буни ўша ҳудуддаги сочилиб ётган Малайзия ва Нидлерландия ватандошлари паспортларидан билиб олса бўлади, дейишга ўтиб олди.
Мухбир “исёнчилар берган дастлабки маълумотларга қараганда”, учоқ “Украина тарафидан” ракета билан уриб туширилган, деди.
Яна у “барча дастлабки маълумотлар текширилиши кераклиги”ни, учоқ Украинанинг ҳаводан мудофаа тизимига қарашли “БУК” ракетаси билан уриб туширилгани”ни иддао қилди.