Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:54

Раматовнинг имижи: Мақола ва матбуот котибининг олиниши бош вазир ўринбосарига боғланмоқда


2019 йилнинг 24 октябрида Очилбой Раматов (ўнгда) президент Мирзиëевга "Тошкент ерусти метросининг илк бекатлари битди"¸ деб ҳисоб берган эди.
2019 йилнинг 24 октябрида Очилбой Раматов (ўнгда) президент Мирзиëевга "Тошкент ерусти метросининг илк бекатлари битди"¸ деб ҳисоб берган эди.

Gazeta.uz нашри ўзининг рус тилидаги саҳифасида 3 кун олдин эълон қилган “Семьи погибших могли недополучить компенсацию” деган сарлавҳа остида берилган мақола очилмаяпти.

Мақола 2019 йил декабрида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида нобуд бўлган олти ишчининг оилаларига товон пули тўлиқ тўлаб берилмагани ҳақида эди.

Аввалроқ Kun.uz нашри ҳам "Юнусобод метроси қурилишидаги фожиа: жабрланувчиларга етган зарар тўлиқ қопланмаган бўлиши мумкин" деб номланган мақолани чоп этган эди.

Ҳар икки нашрга яқин журналистларнинг Озодликка хабар қилишича, мақолани сайтдан олиб ташлаш борасида таҳририятларга босим ўтказилган.

Босимлар Юнусобод метросини қурган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ кенгаши аъзоси (АЖнинг олдинги раҳбари), бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов номи билан боғланмоқда.

Айни мақоладан бир кун ўтиб, 4 февраль куни Kun.uz нашри"Экология қўмитаси матбуот котиби ишдан бўшашга мажбурланмоқда. У Раматов бўйича «ғалати топшириқ»ни бажаришга кўнмагани учун босимга учраганини айтмоқда" сарлавҳали мақолани ҳам чоп этди.

Журналистлардан бири шу куннинг ўзида Kun.uz "директори, директор ўринбосари ва муҳаррирга кетма-кет қўнғироқлар, юмшоқ қилиб айтганда “илтимослар” бўлгани”ни иддао қилди.

Озодликда таҳририят ходимларидан бири ДХХ ўзларига қаттиқ босим ўтказаётганини айтган ёзишма нусхаси мавжуд.

“Директорга телефон қилиб, туша олмаган номаълум шахслар тунги соат 11 дан кейин уйига бориб, у билан гаплашишни талаб қилишибди...”

Шу куннинг ўзида Kun.uz Azon.uz ва Дин ишлари қўмитаси ўртасидаги можарони ҳам ёритган. "Конкрет учта мақола бўйича улар бизни қаттиқ ёмон кўришди. Қолаверса, биз (мақолаларни) олиб ташламадик", дейди таҳририят ходимларидан бири Озодликка етиб келган ёзишмалар скриншотида.

Номини очиқламасликни сўраган журналистнинг сўзларига кўра, босимлар президент Мирзиёев Фарғонада маҳаллий блогер ва журналистлар билан мулоқот қилган 4 февраль куни юз берган. Манбанинг айтишича, шу куни Kun.uz таҳририятига алоқадор "бир неча киши билан ДХХ гаплашган".

Gazeta.uzнинг очилмаётган мақоласи.
Gazeta.uzнинг очилмаётган мақоласи.

“Яхшиям шу бугун Президент ҳақиқатни гапиришга, қўрқмасликка чақирганди”, дейди таҳририят ходимларидан бири журналистларнинг ўзаро ёзишмасида.

Озодлик билан суҳбатда Gazeta.uz муҳаррири Азамат Отажонов олиб қўйилган мақола юзасидан ўзларига босим ўтказилганини рад этди. 8 февраль куни Отажонов Озодлик саволига жавобан мақолани сайтдан олиб қўйиш ўзининг "шахсий қарори" бўлганини таъкидлади.

“Каналимизда ёзганимиздек, баъзи маълумотларни аниқлаштириш мақсадида вақтинча ўчириб қўйдик. Материал Кун.уздан таржима қилинган, қўшимча суриштирув талаб килади. Умуман, бу шахсий қарорим, чунки қўшимча маълумотлар пайдо бўлди. Уларни текширишни тугатганимизда жойига қайтарилади”.

Kun.uz нашрига яқин журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, айни мақолани сайтдан олиб қўйиш борасида Kun.uz таҳририятига ҳам босимлар бўлган, аммо таҳририят мақолани ўчиришдан бош тортган.

Айни пайтда Gazeta.uz рус тилига таржима қилган мақоланинг асли Kun.uz сайтида турибди. Унда сайт ўз суриштирувига таяниб, қурувчиларнинг ўлими туфайли уларнинг оиласига етказилган зарар етарлича қоплаб берилмаган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар қилган.

Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида 2019 йил 18 декабрида ер ўпирилгани, бунинг оқибатида 6 одам нобуд бўлгани ҳақида Озодлик ўз вақтида хабар берган.

Махсус комиссия қарори билан жабрланувчиларнинг қарамоғидаги шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 4 та оиланинг ҳар бирига 261 миллион 938 минг 888 сўмдан, жабрланувчи яна бир оилага 281 миллион 62 минг 782 сўм бир йўла тўланадиган бир марталик нафақа пуллари берилган.

Шунингдек, марҳумларнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга ойма-ой тўланиши лозим бўлган пул маблағлари ҳисоб-китоб қилиниб, амалга ошириш учун иш берувчиларга тақдим этилган.

Транспорт вазирлигига яқин мулозим Озодлик билан суҳбатда Очилбой Раматов раҳбарлигида амалга оширилган метро қурилишида юз берган авария “ниҳоятда катта ўғриликлар оқибати бўлгани”ҳақида гапирган эди.

Раматовнинг махфий пиар кампаниясини фош қилган матбуот котиби ишдан кетди

Айни пайтда 8 февраль куни журналист Бунёд Абдуллаев Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари лавозимидан кетганини эълон қилди.

Бунёд Абдуллаев бир неча кун олдин маҳаллий нашрга берган интервьюсида Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг "ижобий имижини шакллантириш кампанияси"да иштирок этишга мажбурланаётгани тўғрисида айтган эди.

Бунёд Абдуллаев
Бунёд Абдуллаев

“Бугун Давлат экология қўмитасидан ишдан кетдим. Қўллаб-қувватлаганларга катта раҳмат! Батафсил кейинроқ...” Бу хабарни Бунёд Абдуллаев ўзининг Фейсбук саҳифасида 8 февраль, Тошкент вақти билан соат 14 атрофида эълон қилди.

Журналист Озодликнинг воқеа юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган саволларига ҳозирча жавоб бермади. Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига қилинган қўнғироқлар ҳам жавобсиз қолди.

Айни пайтда Kun.uz сайтининг Бунёд Абдуллаевга таяниб, 4 февралда берган хабари унинг ишдан бўшаши сабабларини очиқлаши мумкин.

Сайтнинг ёзишича, Бунёд Абдуллаев 2 февралда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида қўмитанинг бир қатор ходимлари ишдан олингани тўғрисида хабар қилган.

Бунёд Абдуллаевнинг айтишича, 30 январда Президент администрацияси раҳбари ўринбосарлари қўмитага келиб йиғилиш ўтказган, йиғилишда қўмитанинг асосан, ўрта бўғин раҳбарлари фаолияти кескин танқид қилинган.

2 февралда эса, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва у бошчилигидаги комплекс раҳбарлари, вазир ҳамда вазир ўринбосарлари иштирокида кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ўтказилган ва унда қўмитанинг 6 бошқармаси бошлиқлари, жумладан, матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев ҳам ишдан олинган.

Бунёд Абдуллаев ўзининг ишдан олинадиганлар рўйхатига тушиб қолишини ўша кундан икки ҳафта аввал «юқоридан келган ғалати топшириқ» билан боғлаган.

Бунёд Абдуллаевнинг Kun.uzга айтишича, икки ҳафта олдин унинг шахсий телефонига қўнғироқ қилган ва ўзини «Раматовнинг маслаҳатчисиман» деб таништирган киши унга бош вазир ўринбосарининг ижобий имижини шакллантириш мақсадида алоҳида штаб ташкил қилингани ҳамда у ҳам шу имижни яхшилаш учун ҳафтанинг ҳар жума куни улар тасдиқлаган мавзу бўйича маълумот бериб туриши кераклигини буюрган.

Журналист бу топшириқни рад этган. Шундан сўнг Бунёд Абдуллаевга Вазирлар Маҳкамасидаги «куратори» Баҳодир Шукуров телефон қилган.

Бунёд Абдуллаев «куратори»дан ёзма топшириқ туширишни сўраган.

«У менга штаб бошлиғи (маслаҳатчи) берган топшириқларни сўзсиз бажаришимни буюрди. Мен бу бўйича фақат ёзма топшириқ келсагина иш бошлашимни айтдим. Баҳодир Шукуров эса ёзма топшириқ бўлмаслиги, шу қўнғироқ менга ёзма топшириқлигини айтди. Унга яна аввалги жавобимни такрорлаганимдан кейин телефонни жаҳл билан қўйиб қўйди», дейди Бунёд Абдуллаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Абдуллаев 4 февраль куни қўмита раҳбарияти билан муносабатлари анча таранглашгани, қўмита раиси ва кадрлар бўлими бошлиғи ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни талаб қилиб, унга босим ўтказаётганини таъкидлаб ўтган эди.

Орадан 4 кун ўтиб, Бунёд Абдуллаев ишдан кетганини эълон қилди.

Экология қўмитаси ёки Вазирлар Маҳкамаси Бунёд Абдуллаевнинг ишдан бўшаши атрофидаги вазият ҳамда унинг баёнотидаги иддаолар юзасидан расмий шарҳ берганича йўқ.

XS
SM
MD
LG