Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:15

Самарқанддаги масжидга рейд: "Махсус рухсатсиз" диний сабоқ учун жазо ўзгаришсиз қолдирилди


Самарқанддаги масжидда ИИВ ходими болани сўроққа тутмоқда - 25 май, 2021. Видео скриншоти.
Самарқанддаги масжидда ИИВ ходими болани сўроққа тутмоқда - 25 май, 2021. Видео скриншоти.

31 май куни Самарқанд вилоят суди вояга етмаган болаларга ноқонуний диний сабоқ беришда айбланиб 15 суткага қамалган самарқандлик Аслидддин Худойбердиевга нисбатан ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Бу ҳақда Озоликка унинг адвокати Абдувоҳид Якубов маълум қилди.

Шу йилнинг 25 май куни вилоятнинг Пахтачи туманидаги масжидда ИИВ ходимлари рейд ўтказиб, бу ерда ноқонуний диний таълим берилаётганини аниқлагани хабар қилинганди.

Масжидда 11 кишига ноқонуний диний сабоқ бергани айтилган пахтачилик Аслидддин Худойбердиев Пахтачи туман ЖИБ судининг 27 май кунги қарори билан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосига маҳкум этилган.

А. Худойбердиев Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖтК) 3 моддаси билан, ноқонуний диний таълим бериш, ИИВга бўйсунмаслик каби қонунбузарликларда айбланган.

25 май куни Пахтачи туманидаги масжидда бўлган рейд қайд этилган видеода, орган ходимлари масжидда вояга етмаган болани сўроқ қилаётгани акс этган, бу тармоқларда норозиликларга сабаб бўлганди.


Аслиддин Худойбердиев шу йилнинг 25 май куни Пахтачи туманидаги "Хўжа-Зиёвуддин" жомеъ масжидида ўтказилган рейд натижасида ҳибсга олинган. У ўша рейдни видеога олиб, тармоқларда тарқатган.

Адвокат Абдувоҳид Яқубовнинг Озодликка билдиришича, А. Худойбердиевга нисбатан МЖтКнинг 194-модда (ИИВ ходимлари талабини бажармаслик), 195-модда (ИИВ ходимларига қаршилик кўрсатиш) ҳамда 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан айбланиб, 15 суткага ҳибс қилинган.

Адвокат, 31 май кунги маҳкамада ҳимоя томони судланувчига нисбатан илгари сурилган айбловлар асоссиз эканини тасдиқловчи далиллар киритгани, аммо суд ҳайъати буни инобатга олмай, ҳукмни ўз кучида қолдиришга қарор қилганини айтди.

Бу маҳкамада судья МЖтКнинг 194-моддаси билан қўйилган айбловни олиб ташлаган, аммо қолган иккита модда билан 15 суткалик ҳибс жазосини ўз кучида қолдирган.

Эндиликда ҳимоя томони, Аслиддин Худойбердиевга нисбатан ҳукм устидан юқори инстанцияга шикоят қилиш ниятида эканини айтмоқда:

"Албатта, Олий судга кассация шикояти берамиз" деди А. Яқубов.

Худойбердиевнинг ҳибсга олинишига асос бўлган ҳодиса 25 май куни оқшом тумандаги "Хўжа-Зиёвуддин" жомеъ масжидида бўлганини Самарқанд вилояти ИИБ ва Пахтачи туман ИИБлари тасдиқлаганди.

11 кишига ноқонуний таълим берган аниқланган “Х.А. га нисбатан МЖтК нинг 241-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб” тушунтириш ишлари олиб борилганини билдирган эди.

Ўша куни масжиддаги воқеага гувоҳ бўлганини билдирган пахтачилик манбанинг айтишича, Худойбердиев аввалига тушунтириш ишлари билан қўйиб юборилган, аммо орадан 2 ярим кун ўтиб, ҳибсга олинган.

“Унга ИИВ ходимларига бўйсунмаслик айбини қўйишибди”, деди манба.

Судланувчи тармоқларда жойлаган видеода бир неча ИИВ ходими, туйқусдан масжидга кириб боргани ва у ерда диний сабоқ олиб ўтирган болалар ҳамда катталар билан мулоқот қилаётгани акс этган.

Видеода исмини очиқлашни истамаган, аммо ИИВ ходими эканини тасдиқлаган ходим 9 - 10 ёшлар атрофидаги боладан масжидда нима қилиб юргани, қўлидаги дафтари, унда ёзилган мантлар ҳақида сўраб-суриштиргани, сумкасини тинтув қилгани акс этган.

Фуқаро кийимидаги ходим видеода акс этган ёшлар ва бошқа намозхонларни “рухсати ва диний билими бўлмаган чаламуллалардан” диний сабоқ олиш хавфли экани, турли тақиқланган диний оқимларга кириб кетиш хавфи борлигидан огоҳлантирган.

Бу ҳолатни видеотасмага муҳрлаётган Худойбердиев эса, кадр ортидан ИИВ ходимларининг вояга етмаган болани сўроқ қилишига норозилигини билдирган ва болани уларнинг саволларига жавоб бермасликка чақирган.

Кадр ортидаги шахс, бу машғулотлар диний таълим эмас, балки оддийгина алифбо машқлари экани, ёнида отаси ёки онаси бўлмаган болани бу таҳлит сўроқ қилиш қонунга зид эканини таъкидлаб, ходимлар билан баҳсга киришганди.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида истиқомат қиладиган 49 яшар Аслиддин Худойбердиев тадбиркор, маълумоти ўрта махсус, тумандаги маҳаллий бозорда қурилиш моллари савдоси билан шуғулланади. Худойбердиев оилали, 4 фарзанди бор.

25 май куни Пахтачи туманидаги масжидда ўтказилган бу рейд ижтимоий тармоқларда норозилик ва мунозараларга сабаб бўлиб қолмоқда.

YouTube ва Facebookка жойланган видео остида шарҳ қолдирган тармоқ фойдаланувчилари ИИВ ходимларининг масжиддаги рейдини фуқароларнинг диний билим олиш эркинлигини чеклаш, дея қоралаган.

Айримлар эса, ноқонуний диний таълимнинг хавфли оқибатлари ҳақида гапириб, ИИВ ходимлари ҳаракатини маъқуллаган.

Аввалроқ Самарқанд вилояти ИИб ва Пахтачи туман ИИБлари Озодлик сўровига жавобан, ҳодиса 25 май куни оқшом тумандаги "Хўжа-Зиёвуддин" жомеъ масжидида бўлганини тасдиқлаганди.

Самарқанд вилояти ИИБ тарқатган баёнотда, ИИВ ходимларининг Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарчасида жойлашган "Хўжа-Зиёвуддин" масжидидаги рейди “жомеъ масжиди кўздан кечирилган” деб таърифланди:

“Жомеъ масжиди кўздан кечирилганида, махсус диний маълумотга эга бўлмаган Х.А. исмли шахс 11 нафар (5 нафари вояга етмаган) шахсларга диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз, диний таълимотдан сабоқ бераётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Х.А. га нисбатан МЖтК нинг 241-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, келгусида диний таълимотлардан сабоқ бериш нияти бўлса, махсус диний билимларни эгаллаб, қонунларга асосан, ваколатли диний органларнинг рухсати асосида фаолият кўрсатиши мумкинлиги тушунтирилган”.

Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида “хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади” деб қатъиян белгилаб қўйилган.

Яъни давлат томонидан лицензияланган таълим масканларидан ташқарида диний таълим бериш, жумладан араб тили ёки Қуръонни ўқитиш тақиқланган.

Бундан ташқари, диний таълим олишга 16 ёшдан рухсат этилади, махсус рухсат берилган мадрасаларга кирувчилар умумий ўрта таълимни якунлаган бўлиши лозим.

Шу кунда ушбу қонунинг янги таҳрирдаги лойиҳаси Сенат муҳокамасида қолмоқда. 5 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси лойиҳани маъқуллади.

Лойиҳада жамоатчиликка 2014 йилда ваъда қилинган энг муҳим ўзгариш - жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ ҳақидаги жумла тўлиқ олиб ташланган.

Аммо қонуннинг диний таълимга оид қисми қарийб ўзгаришсиз қолмоқда. Биргина янгилик ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандига диний амалиёт ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида) ўргатиш ҳуқуқи берилишининг қайд этилганидир.

Бу ўринда “диний амалиёт ва одоб-ахлоқ қоидалари”, деганда нима назарда тутилмоқда, масалан, ота-она уйида боласига араб тили ёки Қуръонни ўқишни ўргатиши мумкинми - бу саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тизимида битта олий таълим маскани — Тошкент Ислом институти ёки Олий Маъҳад ҳамда 9 та ўрта махсус таълим муассасаларига тенглаштирилган мадраса бор.

Аммо Самарқанд вилоятида мадраса умуман йўқ. Бу ерда фақат “Имом ал-Бухорий” номидаги имомларни қайта тайёрловчи битта марказ ҳам бор.

Мадрасаларда ўртача 100, кўпи билан 200га қадар талаба таҳсил олиши мумкин. Ҳар йили бу масканларда 1 талабалик ўрнига камида 10-15 тадан талабгор ҳужжат топширади. Бундан ташқари, талабгор билим юрти жойлашган вилоятда доимий яшаши лозим.

XS
SM
MD
LG