Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:58

Масжидларга Ҳайитда тушган эҳсон пулларини юз фоиз "Вақф"га ўтказиш буюрилди


Ўзбекистондаги масжидларда имомлар Рамазон ҳайити куни тушган ҳайр-эҳсон пулларини юз фоиз “Вақф” фондига ўтказиш ҳақида топшириқ берилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган имомлар бундай топшириқ масжидларда норозиликка сабаб бўлганини айтишди.

Имомлар эҳсон пуллари “Вақф” фондига ўтказилаётгани сабаб масжид ҳаражатларини қоплашга маблағ етмаётганидан нолимоқда.

Айни пайтда “Вақф” фонди Рамазон ойида 1,8 миллиард сўмлик закот ва ҳайрия маблағларини ҳақдорларга етказганини маълум қилди.

4 июнь - Рамазон Ҳайити арафасида Андижон вилоятидаги туманлар бош имомларига йўлланган аудиомурожаатда вилоят бош имом ҳатиби экани ишонилаётган шахс Ҳайит намозида тушадиган пулларни ҳамда масжидларга ўрнатилган эҳсон қутиларидаги пулларини юз фоиз "Вақф" фондига ўтказиш ҳақида Муфтийдан топшириқ бўлганини айтади.

“Ассалому алайкум, ҳурматли домлалар. Ҳамма бош имомлар диққатига. Ҳозир Муфтий ҳазратларидан топшириқ бўлди, эртага Ҳайит пулидан ташқари яшчикларникини ҳам очиб олиб кетишар экан. Юз фоиз ҳаммасини ўткизайлик, яшчикларга тўсқинлик қилманглар”, - дейилади 4 июнь куни имомларга йўлланган аудиомурожаатда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00
Бевосита линк

Андижондаги масжидлардан бирининг имоми ҳам ҳайр-эҳсон пулларини юз фоиз “Вақф” фондига ўтказиш ҳақида кўрсатма бўлганини тасдиқлади.

Исми очиқланмаслигини истаган имомга кўра, бундай топшириқ масжидларда норозиликка сабаб бўлмоқда. Имом бундай деди:

- Тушган ҳамма эҳсон пулларини худди масжидда ўғирлаб кетадигандай устида туриб бир сўмигача санаб олиб кетишяпти. 40 фоизини кейин масжидга қайтариб берар экан. Энди буни бизга ёқмаётган томони шуки, Ҳайит куни хизматда турган, супур-сидир қилган, сават кўтариб эҳсон йиғиб юрган мутаваллиларга пул беролмаяпмиз-да. Авваллари уларга тушган пулдан 50 -60 минг пул ажратиб берар эдик. Ҳозир бир сўм ҳам қолдирмай олиб ҳаммасини олиб кетяпти.

Эҳсоннинг 40 фоизи масжиднинг ўзига қайтариладиган бўлса, нега имомлар бундан норози?

Озодлик мухбирининг бу саволига андижонлик имом шундай жавоб берди:

- Бизга ёқмаётгани қутиларни устида олти солиқчи туриб ҳамма пулни қуртдай санаб олаётгани. 40 фоизи масжид ҳаражатларига камлик қилади. Ҳайит куни ёрдам бераётганларга нақд пул беролмаяпмиз.

Озодлик билан суҳбатда бўлган бошқа имомлар ҳам эҳсон пуллари “Вақф” фондига ўтказилаётгани сабаб масжид ҳаражатларини қоплашга маблағ етмаётганидан нолиди.

- Намозга келганлар масжидга деб эҳсон беради, лекин пулни фондга деб оволишяпти. Ҳар Ҳайитда 2-3 миллион сўм пул тушади. Шу пулга амаллаб турган эдик. Шуни ҳам кўп кўришди. Ҳозир энди ўзимизни ҳаражатларни қоплашга пул қолмаяпти, - дейди исми очиқланмаслигини истаган андижонлик яна бир имом.

Ўзбекистондаги масжидлар низомида агар масжид ўзини-ўзи қоплай олмаса, ёпилиши мумкинлиги айтилган.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги масжидларда ҳам имомлар ҳайр-эхсон пулларини “Вақф” фондига ўтказиш ҳақида топшириқ олган.

Тошкент шаҳрининг Қорақамиш мавзесидаги “Сирож солиҳ” масжиди фаолларидан бири бу йилдан Ҳайитда тушган барча эҳсон пуллари юз фоиз инкасса қилинаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, янги тартиб йўлга қўйилгач, тушум пуллари назорати янада кучайтирилган:

“Бу йилдан бошлаб ҳамма тушган пул инкасса қилиняпти. Қутилар солиқ инспекциясидан келган одамларнинг кўзи олдида очилади, суратга олинади ва ҳужжатлаштирилади. Очиш пайти солиқдан ташқари, ИИБ, МИБ, МХХдан ҳам вакил бўлади. ​40 фоизини бизни ҳисоб рақамга туширади, қолгани “Вақф” фондига олинар экан”.

Озодлик ҳайр-эҳсон пулларини юз фоиз “Вақф” фондига ўтказиш ҳақида топшириқ берилгани юзасидан Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига боғланди.

Идора мулозими Озодлик саволини эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

"Вақф" жамғармаси

“Вақф” хайрия жамғармаси Ўзбекистон президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган эди.

Расмий сайтида ёзилишича, “Вақф” фонди ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби ишларни мақсад қилиб қўйган.

Шу йилнинг апрел ойида "Вақф" раҳбарининг фондга келиб тушган маблағларга ўзининг фойдаланиб юриши учун "Малибу 2" русумли автомобилни сотиб олгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқда кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.

"Малибу 2" Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган энг қиммат автомобиль ҳисобланади, унинг нархи қарийб 276 миллион сўм ёки қарийб 33000 АҚШ долларини ташкил этади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбарияти автомобиль эҳсондан тушган маблағларга эмас, балки жамғарманинг асосий ҳисоб рақамидаги пулга харид қилинганини билдирган.

Аммо, Озодлик суҳбатда бўлган имомлар "Вақф" фондига тушаётган эҳсон пулларининг мақсадли фойдаланишига шубҳа билан қарашини айтишди.

- Ўзбекистонда минглаб масжид бор. Одамлар масжидга деб эҳсон пулини ташлаб кетади. Шу пуллар ҳозир шу фондга оқяпти. Фонддагилар эса “Малибу” олиб миняпти. Бу боришда ракета ҳам сотиб олишади, - деди андижонлик имом.

Айни пайтда “Вақф” фонди Рамазон ойида 1,8 миллиард сўмлик закот ва хайрия маблағларини ҳақдорларга етказилганини маълум қилди.

Фонд матбуот хизмати 5 май куни тарқатган хабарномада айтилишича, закот маблағлари ҳисобидан 263 нафар муҳтож инсонларга 405 миллион 730 минг сўм улашилган.

"Мамлакатимиз масжидларига 118 миллион сўмлик китоб тақдим этилди. Хайрия маблағлари ҳисобидан 173 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга тарқатилди. Диний таълим муассасалари талабаларининг тўлов-шартномалари, масжид, мадраса ва зиёратгоҳлар, руҳий касалликлар шифохонаси учун 440 миллион сўм атрофидаги маблағлар сарфланди. Фонднинг 14 та ҳудудий филиаллари томонидан Рамазон ойи давомида қарийб 700 миллион сўмлик закот ва хайриялар 6 мингга яқин ҳақдор инсонларга етказилди", - дейилади хабарномада.

XS
SM
MD
LG