Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ғалла ўримидан ўн кун олдин сафарбарлик эълон қилиб, барча масъулларни дала бошига ҳайдади. Ҳокимлик расмийлари буни жорий йилда ғалла кам бўлгани сабаб бор ҳосилни нобуд қилмасдан тезроқ йиғиштириб олиш ҳаракати сифатида изоҳлашди. Жорий йилда ёғингарчилик кам бўлгани ва сув танқислиги сабаб вилоятда ғалла ҳосилининг ўтган йилга нисбатан 35-40 фоизга кам бўлиши кутилмоқда.
Масъуллар дала шийпонида яшайди
3 июнь куни Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев раислигида ўтказилган селектор йиғилишида ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар вакилларига дала шийпонларига бориб жойлашиш топширилди.
Бу ҳақда ушбу йиғилишда иштирок этган фермер шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка маълум қилди.
“Ғалла бўйича тунги соат 1 гача селектор мажлиси ўтказди. Ҳоким барча масъулларнинг эртадан ғалла далаларига кўч-кўронини кўтариб бориши шартлигини айтди. “Ҳамманг дала шийпонида яшайсан, меҳмонхона ёки бирорта уйда яшаганингни кўрмай”¸ деб дағдаға қилди. “Топшириқларимни бажармасанг¸ жонингни суғуриб оламан, ҳеч қайсингни аямайман” деб очиқчасига пўписа қилди ҳоким”, деди йиғилишда қатнашган фермер.
Ўтган йилгидан фарқли бу йил Самарқанд вилоятидаги барча ташкилот раҳбарлари ўз ходимлари билан бирга ғалла экилган ҳудудларга масъул этиб тайинланган.
“Бу йилги ғалла ўримига вилоятдаги барча давлат ташкилотлари билан бирга, нодавлат ташкилотлари ҳам жалб этилган. Ҳатто Ўзбекистон президенти 2017 йил 30 июндаги ёшлар фаоллари билан ўтган мажлисда таъкидлаган бўлса-да, Ўзбекистон Ëшлар иттифоқи вилоят, туман бўлимлари ҳам фермер хўжаликлари ва комбайнларга бириктирилди”, деди самарқандлик фермер.
Озодлик 5 июнь куни боғланган Самарқанд вилоят ҳокимлиги мулозими “4 июндан вилоятда ғалла сафарбарлиги эълон қилингани”ни тасдиқлади.
“Президентимиз 29 май куни ўтган йиғилишда ғалла ҳосилини нес-нобуд қилмасдан, қисқа муддатда йиғиштириб олишни топширди. Шу боис¸ барча мутасадди ташкилотларга сафарлик эълон қилинди. Агар лозим бўлса, дала шийпонида ҳам, дала бошида ҳам ухлаймиз”, деди мулозим.
Пишмаган ғаллага сафарбарлик
Озодлик суҳбатлашган самарқандлик фермерлар бундай мисли кўрилмаган сафарбарликнинг буғдой пишиб етилишидан 10-15 кун олдин бошланганини айтадилар.
“Бу йил баҳор салқин ва қуруқ келди, ғалладан кутилаётган ҳосил аввалги йилдай эмас. Ундан кейин ҳозир Самарқандда ҳаво ҳарорати 22-26 даража иссиқ холос. Ғалла ҳали сарғайгани йўқ ям- яшил. Тахминан 10-15 кундан кейин тайёр бўлади, агар ўшанда ҳам ҳаво исиб кетса”, дейди каттақўрғонлик фермер.
Сув бўлмади, ҳосил кам бўлди
Иштихонлик фермерга кўра, жорий йилда ёғингарчилик кам бўлгани боис сув танқислиги кузатилган ва бу буғдой ҳосилига салбий таъсир қилган.
“Бир-икки марта ёмғир ёғди¸ холос. Сув умуман бўлмади. Ҳозир ҳам ариқларимиз қуриб ётибди. Буғдой ҳосили¸тахминимизча, 35-40 фоизга кам бўлади. Далани кўрсангиз¸ буғдой тиззадан ҳам келмайди”, деди иштихонлик фермер.
Вилоят ҳокимлиги мулозими ҳам жорий йилда ёғингарчиликнинг нисбатан кам бўлгани ва оқибатда сув танқислиги юзага келганини эътироф этди. Шу сабаб¸ Озодлик суҳбатлашган мулозим¸ вилоятда жорий йил такрорий экинлар экиш майдонининг 42 минг гектарга қисқартирилишини қўшимча қилди.
Бу йил фермер уйига ғалла ололмайди
Озодлик суҳбатлашган маҳаллий фермерларнинг айтишича¸ Самарқанд вилоят ҳокими Жўраев 28 май куни ўтган йиғилишда ҳам ғалла ўрими мавзусига тўхталиб, жорий йилда фермер ғалла режасини бажарса ҳам, унга буғдой қолдирилмаслиги ҳақида топшириқ берган.
“Ҳоким “Бу йил ғалла ҳосили кўнгилдагидек эмас, план бажарилса катта гап, бирорта фермерга бир грамм ҳам ғалла берилмайди. Ҳамманг қулоғингга қуйиб ол. Бирорта фермер уйига ғалла олиб кирганинини эшитмай. Бу йил фермерга ғалла йўқ. Агар ортиғи билан бажариб қўйган бўлса ҳам, туман бажаролмайди, ўшанга топширади. Бажармаганини бажартирасан, мен билмайман! Планни бажарган- бажармаганинга қараб, сани кейин ишда қолиш-қолмаслигингни ҳал қиламан”¸ деди ҳоким”, дейди йиғилишда иштирок этган самарқандлик фермер.