Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Врачлардан буғдой учун 100 минг сўмдан йиғиб бериш талаб қилинмоқда


Андижонда шифокор ва ҳамшираларнинг дала ишларига мажбуран жалб қилиниши ҳам тез-тез кузатилади
Андижонда шифокор ва ҳамшираларнинг дала ишларига мажбуран жалб қилиниши ҳам тез-тез кузатилади

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи туман буғдой режасини бажаришда ёрдам бериш учун шифокорлардан 100 минг сўмдан пул йиғиш ҳақида топшириқ берди. Йиғилишда қатнашган врачларнинг айтишларича, бирлашма бошлиғи бу пулга буғдой сотиб олиб, давлатга топширишини айтган. Озодлик билан суҳбатда тиббиёт бирлашмаси мулозимлари бу иддаони инкор қилишга уринди.

Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасининг 10 июль куни бўлиб ўтган катта ҳамширалар ва 11 июль куни бўлган бўлим мудирлари иштирок этган йиғилишида бош шифокор Шуҳрат Аминжонов буғдой режасининг бажарилишига ëрдам тариқасида 100 минг сўмдан пул йиғиш ҳақида гапирган.

Исми сир қолишни сўраган йиғилиш иштирокчиларидан бирининг айтишича, бош шифокор бу "ташаббуси"ни “ҳокимликнинг буғдой режасини бажаришга ҳисса қўшиш” сифатида тақдим этган.

“Йиғилиш тиббиёт бирлашмаси маъмурияти жойлашган 1-туғруқхонада бўлиб ўтди. Бош врач “туманнинг буғдой режаси бажарилмаяпти, биз ҳам қараб турмаслигимиз керак, туманга ёрдам беришимиз керак”, деди. У ҳар бир врач ва катта ҳамшира 100 минг сўмдан пул бериши шартлиги ва бу пулга буғдой сотиб олишини айтди. Ҳамшира, қоровул, тиббиётда ишлайдиган ҳар бир ходим ўз ҳиссасини қўшсин¸ деди. Ҳеч ким чурқ, этмади”, деди ҳоким баëнотини бевосита эшитган ҳамшира аëл.

Шаҳрихон тумани марказий касалхонасининг исми сир қолишини сўраган шифокори буғдой учун пул йиғиш кампаниясининг 10 июлдан бошланганини айтди.

“Бизга бўлим мудиримиз, ҳар бир дўхтир 100 минг сўмдан, ҳамширалар 50 минг сўмдан пул йиғиб берсин, деган топшириқ берди. Биз ҳайрон бўлиб қолдик, чунки шу пайтгача буғдой учун пул йиғиш бўлмаган. Биз, врач бўлсак, буғдойга нима алоқамиз бор”, десак, бўлим мудири “бор, бу гапингни главрачга айт”, деяпти. Главврачга эса, шикоят қилиб бўлмайди. Чунки унга адолат ҳақида гапирган одамга “ёқмаса бизга халақит берма, аризангни ёзиб ишдан кет”, дейди. Буни кўп эшитганмиз”, дейди шифокор.

Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шуҳрат Аминжоновнинг қўл телефони ўчирилгани боис, у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзини бош шифокор ёрдамчиси Насибжон деб таништирган мулозим, “буғдойга пул йиғиш”дан хабари йўқлигини айтар экан, айни пайтда ўзи ҳам буғдой ўримида эканлигини қўшиб ўтди.

“Мен ҳозир Шерқўрғонда отрядда юрибман. Фермерларга буғдойни бер, деб тиланиб юрибман. Отряд раисининг ўринбосари қилиб қўйишган. Плани тўлмаган фермерларни тўлдир, деб юрибман. Мажлисдан эса¸ хабарим йўқ”, деди Насибжон.

Бош шифокор ўринбосари Фарҳод Мамашоев Озодлик билан суҳбатда буғдой учун шифокор ва ҳамширалардан пул йиғилаётганини инкор қилди.

“Мажлис бўлгани йўқ. Менда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Лекин, бир суриштириб кўраман”, деди Фарҳод Мамашоев.

Ўзбекистон бўйлаб туман ва вилоят ҳокимлари буғдой бўйича режасини топшириш жараëнига кирган айни кунларда Мирзиëевга тантанали ҳисобот бериш мақсадида маҳаллий раҳбарларнинг ҳар хил босим усулларига қўл ураëтгани кузатилмоқда.

Хусусан¸ ўтган ҳафта Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги лалми ерларда узум етиштирадиган фермерларга қисқа муддат ичида ғалла қабул қилиш пунктига 300 килограммдан буғдой топшириш вазифаси юклатилди.

XS
SM
MD
LG