Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:00

“Сотиб юборилган” мустақиллик, АЭС ва рақамлаштириш. Қозоғистонликлар нимадан норози?


Олмаотадаги мухолифат намойиши, Қозоғистон, 18 сентябрь, 2021 (Видео скриншоти)
Олмаотадаги мухолифат намойиши, Қозоғистон, 18 сентябрь, 2021 (Видео скриншоти)

Рўйхатга олинмаган Қозоғистон демократик партияси ўтган шанба Олмаотада ўтказган митинг қатнашчилари собиқ президент Нурсултон Назарбоев даврида шаклланган ҳокимият тизими мамлакатни боши берк кўчага киритиб қўйгани, давлат эса хавф ёқасига келиб қолгани ҳақида бонг уришди.

“Назарбоев, кет!” деб ҳайқирди оломон. Ярим соат ўтар-ўтмас норозилик акцияси бўлаётган жойда интернет узиб қўйилди. Полиция митинг арафасида ва акция бошланишидан бир оз олдин бир қанча фаолни қўлга олди.

18 сентябрь, шанба куни Олмаотадаги Абай Қўнонбоев ҳайкали олдида фаоллар Қозоғистон мустақиллигига таҳдидлар, ҳукуматнинг АЭС қуриш ташаббуси, рақамлаштириш, мамлакатдаги Хитой объектлари ва ижтимоий тармоқларни чеклашга уринишлар ҳақида гапиришди.

Норозилар, шунингдек, 2006 йилда Олмаотадаги Шанироқ воқеаларидан сўнг 18 йилга қамалган диссидент шоир Арон Отабек ва ҳуқуқбонлар “сиёсий маҳкум” деб тан олган бошқа фуқароларни озод этишни талаб қилишди. Прокуратура акция “ноқонуний”лигини айтиб, огоҳлантирди. Бир ярим соатлик митингдан сўнг оломон полиция маҳкамасигача саф тортиб борди.

Озодлик радиоси қозоқ хизмати Абай ҳайкали ёнидаги митингдан жонли ёйин олиб борди.

Ярим соатдан сўнг акция ўтказилаётган жойда интернет узиб қўйилди.

“Қозоғистонни Хитой ва Россияга қарам қилиб қўйишди”

Митингда чиқиш қилганларнинг аксари ҳукуматни танқид қилиб, ҳокимиятни мамлакатни Хитой ва Россияга иқтисодий қарам қилиб қўйганликда айблади. Норозилар, шунингдек, миллий бойликлар талон-торож қилинаётганини ва уларни мумкин қадар тезроқ давлат тасарруфига қайтариш лозимлигини таъкидладилар.

“Мустақиллик Назарбоев оиласи ва аъёнларининг бойлик орттириш воситаси эмас. Бу барча қозоғистонликлар учун олий қадриятдир ва уни ҳимоя қилиш зарур”, деди митингда сўзлаган нутқида Демократик партияни ташкил қилиш ташаббускор гуруҳи етакчиси, жамоат фаоли Жонбўлат Мамай.

У Қозоғистон ахборот тизимини Россия платформасига ўтказиш бўйича Россия билан имзоланган меморандум мамлакат мустақиллиги ва ахборот хавфсизлигини хавф остига қўйишини, бинобарин, Қозоғистон ушбу ҳужжатдан воз кечиши лозимлигини айтди.

“Аввалига рақамлаштиришади. Кейин умумий валюта бўлади. Ундан сўнг эса умумий парламент. Кейин чегарангизни Россия қўшинлари қўриқлайди, дейишади”, деди Мамай. Унинг фикрича, бу кетишда Қозоғистон ўз мустақиллигидан маҳрум бўлиши мумкин.

Жонбўлат Мамай Қозоғистон раҳбариятининг мамлакатда атом электр станцияси қурилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотини ҳам танқид қилиб, АЭС – қозоғистонликларни Россияга тобе қилиб қўйиши етмаганидек, уларнинг ҳаётига ҳам тўғридан-тўғри таҳдид солувчи лойиҳа эканини урғулади.

“Биз ақалли ўз ҳарбий омборларимиздаги ўқ-дорини яхши сақлай оладиган аҳволда ҳам эмасмиз. АЭС қуришса‑ю бир фалокат юз бериб, унда портлаш содир бўлса нима қиламиз? АЭСни Олмаота вилоятида қуришни мўлжаллашяпти. Қолаверса, АЭС Россияга баттар қарам бўлиб қолишимизни англатади. У ерда, табиийки, россиялик мутахассислар ва экспертлар ишлайди. Чунки бизда АЭСни бошқара оладиган мутахассислар йўқ. Мамлакатимиз Хитойга ҳам борган сари иқтисодий муте бўлиб қолаётир”, деди Мамай.

Фаол Нурбўл Бойтереков ўз чиқишида Хитойнинг Олмаота вилоятида амалга оширилаётган лойиҳаларидан бирини мисол тариқасида келтириб, “Хитой экспансияси”дан хавотир билдирди.

“Бу ерда полиция ҳам, Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари ҳам бор, шу учун бу гапни айтяпман. Ярим кун вақтингизни аямай, Олмаота яқинидаги Бугитига олиб борувчи йўлни кўриб келинг. Хитойлар юзлаб гектар ерни темир тўсиқ билан ўраб олишган. Ҳукуматимиз ҳали қўл тегмаган конларни сотяпти. Биз кўрганимиз фақат биргина завод ўрни. Мамлакатдаги 56 та завод жойидаги ерларни қўшиб ҳисобласак, бу минглаб гектар бўлади. Хўш, қайси қонунга биноан ерларимизни уларга беряпмиз? 25 йилдан сўнг уларни қайтариб ололамизми?” дея савол қўяди Бойтереков.

“Митингга келмасликнинг иложи йўқ”

Йиғилганлар ҳукумат сиёсатини танқид қилаётганлар таъқибга олинганини қоралашди, шунингдек, қозоғистонлик ҳуқуқбонлар “сиёсий маҳкум” деб топган Арон Отабек ҳамда фаоллар Кенжабек Абишев ва Олмаота Жумағуловларнинг озод қилиниши масаласини кўтардилар.

Улар 15 йилдан бери қамоқда сақланаётган диссидент шоир Отабекни “қозоқ Манделаси” деб атаб, уни дарҳол озодликка чиқарилишини талаб қилишди.

Митинг иштирокчилари мустақиллик хавф остида қолган ушбу дамларда “ҳукуматнинг ўзбошимчалиги” туфайли халқ ғазаби тўлиб-тошаётганини таъкидлашди.

“Ҳозирги вазиятда митингга чиқмасликнинг иложи йўқ. Истак бўлса бас. Қанақа қўрқув? Ҳаммамизнинг оиламиз бор, фарзандларимиз вояга етишини хоҳлаймиз. Бу ишлар барчаси болаларимиз камолоти учун. Аммо уларнинг келажаги хавф остида. Биз ҳаммамиз бунинг учун жавобгармиз”, деди митингга келганлардан бири.

Семей шаҳридан келган Қувонч Бакирланов Қозоғистон хомашёсини давлат тасарруфига қайтариш лозимлигини айтди.

“Қозоғистон ерости бойликларини ғорат қилаётган ширкатлар билан тузилган шартномаларни бекор қилиш керак”, деди у.

Йиғилганлар ҳукуматнинг, парламентда муҳокама қилинаётган болаларни “кибербуллинг”дан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рўкач қилган ҳолда ижтимоий тармоқларни чеклашга уринишига ҳам эътибор қаратиб, буни сўз эркинлигини бўғишга қасд қилиш, дея баҳоладилар.

Бир ярим соатлик митингдан сўнг норозилик акцияси қатнашчилари Республика майдони орқали Олмаота шаҳри полиция департаментига оммавий юриш қилишди. Полиция уларнинг йўлини тўсмади. Илгари бунақа митинглар ўтказилаётганда полиция оломонни бир неча соатлаб қуршовда тутарди.

“Полиция кичик бир гуруҳнинг марш қилишига қўйиб берди. Одамлар “Ана, қаранг, ҳукуматимиз яхши, уларни ҳибсга олдирмаяпти”, деб ўйласин учун шундай қилишди. Бу катталарнинг ҳийласи”, дейди Жонбўлат Мамай.

Ҳали рўйхатга олинмаган Демократик партия вакилларига кўра, улар акиматни митинг ўтказилиши ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали огоҳлантиришган.

“Абай ҳайкали шаҳарда митинг ўтказиш учун рухсат берилган жойларнинг расмий рўйхатига киритилмагани боис акиматга ёзма хабарнома юборишга ҳожат йўқ эди”, деган эди бир кун олдин фаол Инга Иманбай.

Сўнгги маълумотларга кўра, митинг олдидан Демократик партиянинг камида олти фаоли қўлга олинган. Улардан уч нафари 15 суткага ҳибс қилинган. Қўлга олинган Абзал Дўстиёров ҳамда Аружан Дўйсибоеваларга нисбатан суд қарори чиқарилдими, йўқми – ҳозирча номаълум.

Сафдошлари озод этилишини талаб қилиб полиция департаменти биноси ёнига келган митингчиларга ДП вакилларининг айтишича, ҳукумат 25 августда ўтказилган акция учун уларнинг тарафдорларини қўлга олиш ва қамоққа ташлаш билан ўч олмоқда. Ўшанда Демократик партия аъзолари ҳокимият партияси бўлмиш “Нур Отан”нинг раиси ўринбосари ва Олмаота шаҳри собиқ акими Бовуржон Бойбек учун “садақа” йиғиш маросимини ташкил қилишган эди.

Қозоғистонда митинг ўтказилиши ҳақида эълон қилинса, полиция одатда фаолларни режалаштирилган тадбир бошланмасидан қўлга олиб, норозилик чиқишида қатнашишларига йўл қўймаслик учун маъмурий қамоққа ташлайди.

Тинч митинглар ўтказиш тартиби тўғрисидаги ўтган йили қабул қилинган қонун акциялар мутасаддиларига маҳаллий акиматни хабардор қилиш ва уларнинг “розилигини олиш” мажбуриятини юклайди. Қонунга мувофиқ, тадбирлар фақат махсус ажратилган жойлардагина ўтказилиши керак. Алоҳида рўйхати тузилган бунақа жойларнинг аксари аҳоли яшаш пунктлари марказидан олисда жойлашган. Акимат билан келишилмаган барча акциялар “ноқонуний” деб топилиб, иштирокчилари жавобгарликка тортилади.

Кўплаб халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва экспертлар ушбу қонун қозоғистонликларнинг конституциявий ҳуқуқларини кескин чеклайди, деб ҳисоблайдилар.

XS
SM
MD
LG