Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:10

Сўров: Россияликлар мигрантларни маҳкумлар билан алмаштириш ғоясини қўллаб-қувватлайди


Москва четидаги бозорда картошка тушираётган меҳнат муҳожирлари - ноябрь, 2011
Москва четидаги бозорда картошка тушираётган меҳнат муҳожирлари - ноябрь, 2011

Россияликларнинг 71 фоизи асосан муҳожирлар меҳнат қиладиган соҳаларда маҳкумларни ишга жалб қилиш ғоясини қўллаб-қувватлайди.

Бундан ташқари, Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) сўровномаси натижаларига кўра, 62 фоиз респондент қамалганларнинг ўзлари жазо муддатини колонияда эмас, балки ахлоқ тузатиш марказларида ўташни афзал кўради, деб ҳисоблашини билдирган.

Маҳкумларни мажбуран ишлатиш таклифига қўшилмайдиганлар сўровнома иштирокчиларининг атиги 21 фоизини ташкил қилди. Яна 17 фоиз респондентнинг фикрича, қамоққа ҳукм қилинганлар жамиятдан иҳоталаниши лозим. Шунингдек, 12 фоиз қатнашчи буни ГУЛАГ тизимига қайтиш деб баҳолаган бўлса, 9 фоиз респондент маҳкумлар иш ўринларини банд қилиб қўйишидан хавотир билдирган.

Маҳкумларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ғояси тарафдорларининг ҳам ўз асослари бор. Хусусан, 21 фоиз респондентга кўра, озодликдан маҳрум этилганлар меҳнат қилиш билан ўзлари жабрлаган кишиларга товон тўлаган ҳамда қилган жиноятлари учун “ишлаб берган” бўладилар. Сўралганларнинг 15 фоизи маҳкумларни мажбурий ишлатишнинг жамият учун фойдасини кўрган бўлса, 13 фоизи шу тариқа бюджет юкини камайтириш мумкинлигини айтган. Яна 10 фоиз респондентнинг назарида, меҳнат маҳкумларнинг тўғри йўлга киришига ёрдам беради, шунингдек, пул топиш ва ўз оилаларига кўмаклашиш учун имкон яратади.

Май ойи охирларида Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИЭХ) директори Александр Калашников ўз идораси меҳнат муҳожирлари етишмайдиган йирик объектларда маҳкумлар учун меҳнат жамлоқлари ташкил қилишга тайёрлигини тасдиқлаган эди. Унинг сўзларига кўра, “бу ГУЛАГ эмас, мутлақо янгича муносиб шарт-шароитга эга жойлар бўлади, чунки бу одамлар умумий ётоқхонада ёки ижара квартираларда истиқомат қиладилар, хоҳласалар, оилалари билан бирга яшашлари мумкин бўлади ва ўз меҳнатлари учун муносиб иш ҳақи оладилар”.

Бироқ “Коммерсантъ” нашри сўровида қатнашган экспертлар ФЖИЭХ йирик қурилишларда маҳкумлар меҳнатидан оммавий фойдаланишга тайёрлигини шубҳа остига олган. Уларга кўра, маҳкумларни қўриқлаш, уларни ётоқ-жой ва тиббий хизмат билан таъминлаш катта сарф-харажатларга олиб келади.

Путин: Мигрантлар болаларининг мактабларда кўпайиши-катта муаммо!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:36 0:00

Россияда жазонинг ўталмаган қисмини мажбурий меҳнат билан алмаштиришни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга тахминан 188 минг нафар маҳкум мавжуд.

“Россия темир йўллари” ширкати дастлабки 600 нафар маҳкум июнь ойида Байкал-Амур магистрали (БАМ) қурилишида иш бошлаши мумкинлигини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG