Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:11

Москвада комада ётган талаба вафот этди, Тошкентда у даволанган клиника танқид қилинди (ВИДЕО)


Ўлмасхон Баҳронов бу йил РУДНнинг 4- курсида ўқиши керак эди
Ўлмасхон Баҳронов бу йил РУДНнинг 4- курсида ўқиши керак эди

13 ноябрда Москва шифохоналаридан бирида шу йилнинг августидан буён комада ётган 22 яшар самарқандлик талаба Ўлмасхон Баҳронов вафот этди. Жума, 15 ноябрга ўтар кечаси Ўлмасхоннинг жасади Ўзбекистон консуллиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида Самарқандга юборилди.

Баҳроновлар оиласи ҳимоячилари Ўлмасхоннинг комага тушишида Тошкентдаги Mont Blanc хусусий клиникаси врачлари қўли борлигини иддао қилмоқда.

14 ноябрда Тошкентда Mont Blanc хусусий клиникасида нобуд бўлган пациентлар яқинлари махсус матбуот анжумани ўтказди ва ҳукуматдан клиникани тўлиқ ёпиб ташлашни талаб қилди.

Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН) Тиббиёт институтининг 4- курсига ўтган 22 ёшли самарқандлик Ўлмасхон Баҳронов 13 ноябрь, соат 19 ларда Москва шаҳар 67- клиник шифохонасида ҳушига келмасдан вафот этди.

2019 йилнинг 20 августда бурнидан қон келгани учун Москва шифохоналаридан бирига олиб келинган Ўлмасхон, кўп ўтмай, оддий палатадан реанимация бўлимига ўтказилган ва комага тушиб қолган эди. Ўлмаснинг онаси, врач Ҳилола Шукуруллоева ўғли Москва касалхонаси врачлари тайинлаган нотўғри препаратлар оқибатида комага тушганини тахмин қилаётганини Озодликка айтган эди.

Баҳроновлар оиласи адвокати Шуҳрат Ҳамроқуловнинг Озодликка айтишича, 14 ноябрь куни кечки рейс билан Ўлмасхоннинг тобути Ўзбекистон консуллиги ва Миграция агентлиги ходимлари кўмагида Самарқандга юборилди.

Бундан олдинроқ ҳимоячи Ҳамроқулов "Ўлмасхон Баҳроновни Тошкентда операция қилган врачлар ҳам боланинг ўлимига алоқадорлиги масаласида текширувдан ўтказилиши кераклигини" талаб қилиб, Озодликка гапирган эди.

Ўлмасхон Баҳроновнинг яқинлари у Москвага келишидан олдин Тошкентдаги Mont Blanc хусусий пластик хирургия ва косметология клиникасида врач Фахриддин Облоқулов жарроҳлик амалиётидан ўтганини маълум қилди.

Тошкентда Mont Blanc клиникасида жабр кўрганлар матбуот анжуманига йиғилди

Тасодифми-йўқми, 14 ноябрь, эрталаб соат 10 да Тошкентнинг “Гранд Мир” отелида бир гуруҳ фуқаролар томонидан журналистлар учун махсус матбуот анжумани уюштирилди.

Яқинлари Mont Blanc клиникасидаги жарроҳлик амалиётида нобуд бўлганини иддао қилиб чиққан бу одамлар клиника фаолиятига махсус идора вакиллари қизиқиши кераклигини талаб қилиб чиқди.

Жорий йилнинг 24 августида Тошкентнинг Mont Blanc хусусий пластик хирургия клиникасида жарроҳлик амалиётидан ўтаётган 20 яшар самарқандлик Гулшан Шарифова вафот этган эди. Бундан 5 кун олдин, 19 август куни, худди шунақа операция пайтида клиникада 42 яшар қозоғистонлик Лилия Апостолова ҳам вафот этгани тўғрисида Озодлик хабар қилганди.

Матбуот анжуманига келган ва ўзини нобуд бўлган Гулшан Шарифованинг қўшниси деб таништирган Меҳри анжуманни ташкил қилишдан кўзланган мақсадларни овоза қилди:

- Матбуот анжуманини йиғишимиздан мақсад: жабрланганларнинг Ўзбекистон ҳуқуқ мухофазаси идораларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда. Ҳар бир арз қилганга босимлар бўлмоқда. Бир ойда 3 та ўлим юзасидан текширув ўтказилишини талаб қиламиз, бу клиниканинг бошқа филиаллари ёпилишини истаймиз. Клиника раҳбарияти бугунги матбуот анжуманига келиб, жанжал кўтаришга уринди.

Озодлик билан суҳбатлашган Mont Blanc клиникасининг собиқ врачи, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач Гулбаҳор Нуриддинова Москвада нобуд бўлган Ўлмас Баҳронов ҳам шу йилнинг август ойи бошларида Mont Blancда даволангани тасодифан аниқланганини сўзлади.

- Клиникада икки киши ўлганидан кейин мен мажбур бўлдим шундай ҳодисалар бўлаётганини Интернет орқали айтишга. Шу хабаримни ўқиб қолган Ўлмаснинг онаси “Худди шу клиникада, худди шу Облоқуловда менинг болам ҳам бурнини тўғрилаш бўйича операция қилган эди. Икки ҳафтадан кейин “Учиб кетаверинглар – ҳеч нарса қилмайди!”, деб бизни Москвага учирворди. Боламда қон босими ўзгарганидан кейин жуда кўп қон кетувди, Облоқулов “Тампон қилиб қўйсанг ҳеч нарса қилмайди!”, деб жавоб берворган”, деб ёзди менга.

Гулбаҳор Нуриддинованинг сўзларича, Озодликда чиқарилган мақоладан кейин текширилган ва лицензияси олиб қўйилган Mont Blanc клиникаси эгалари ҳозирда пойтахтнинг Миробод туманида “Красота жизни” косметология клиникасида иш юргизмоқда, улар Mont Blancни яна қайта тиклашга уринмоқда.

Жорий йилнинг октябри бошларида Озодликда чиқарилган материаллар ортидан Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туман прокуратураси Бунёдкор проспектида жойлашган Mont Blanc клиникасида текширув бошлангани ва бу муассаса фаолияти вақтинчалик тўхтатилгани, кейинроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Mont Blanc иш лицензиясини тортиб олгани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG