Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:18

Таҳлил: ЕИ йўловчи учоқни қўнишга мажбурлаган Беларусга қарши қандай чора кўради?


Якшанба куни Александр Лукашенко тузуми ҳарбий учоқлар ёрдамида йўловчи ташувчи учоқни қўндириб, унинг бортидаги мухолифат журналисти Роман Протасевични ҳибсга олди.
Якшанба куни Александр Лукашенко тузуми ҳарбий учоқлар ёрдамида йўловчи ташувчи учоқни қўндириб, унинг бортидаги мухолифат журналисти Роман Протасевични ҳибсга олди.

Дам олиш кунлари Ryanair ширкатининг йўловчи учоғи Минскка қўнишга мажбурланишидан олдин Беларусь Европа Иттифоқи етакчилари эътиборидан четда қола бошлаган эди, десак муболаға бўлмайди.

Беларусь бошига тушган муаммолар ҳамда мухолифат қисмати давом этаётган COVID-19 пандемиясига қарши кураш, Россия билан алоқалар ёмонлашиб бораётгани ҳамда Исроил – Фаластин ўртасида яқинда содир бўлган тўқнашувлар туфайли Брюсселда кун тартибидан чиқиб кетган эди.

Аммо якшанба куни Александр Лукашенко тузуми ҳарбий учоқлар ёрдамида бир Европа Иттифоқи пойтахтидан иккинчисига учиб кетаётган ва Европада рўйхатга олинган ширкатга тегишли учоқни қўнишга мажбурлаб, унинг бортидаги мухолифат журналисти Роман Протасевични ҳибсга олди.

Шу сабаб 24 май куни кечқурун Брюсселда олдиндан режалаштирилган саммитга йиғилган ЕИ раҳбарлари учун Беларусь кун тартибидаги асосий масалага айланди. ЕИ етакчилари Лукашенконинг бу қилмишига қандай жавоб қайтариш ҳақида бош қотирмоқда.

Улар бугунга қадар берган баёнотларидан бу сафар Брюссель ташвиш изҳори ва қуруқ баёнотлар билан чекланмаслигини хулоса қилиш мумкин.

Ушбу ҳолат бўйича барча 27 ЕИ мамлакати томонидан имзоланган декларацияда «ЕИ ушбу ҳаракат оқибатларини, шу жумладан, масъул шахсларга қарши чора кўриш масаласини кўриб чиқади», дейилади.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Twitterда «Беларусдаги тизимнинг тажовузкор ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибати ёмон бўлади», деб ёзди. Еврокомиссия президент «Ryanair самолётига хуруж учун жавобгар шахслар жавобгарликка тортилиши керак», дея қўшимча қилди.

Хўш, Брюссель қандай чора кўришини кутиш мумкин?

Брюссель Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотини (ICAO) тергов ўтказишга чорлаши аниқ. Шунингдек, «Белавиа» миллий авиакомпаниясига Европа аэропортларига қўнишни тақиқлаш ҳамда ЕИ авиакомпанияларига Беларусь ҳаво ҳудудига киришини ман этиш тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда.

Бундай чоралар нисбатан тез кўрилишини тахмин қилиш мумкин. Табиийки, бундай ташаббусни барча ЕИ давлатлари, шунингдек, бошқа Ғарб давлатлари қўлласа, унинг самараси ошади.

Беларусь орқали барча транзитларни, шу жумладан, қуруқлик транзитини тўхтатиш таклифи ҳам ўртага ташланди. Аммо бундай чоранинг потенциал иқтисодий таъсирни ҳисобга олган ҳолда, Польша каби қўшни давлатлар рози бўладими ёки йўқми, деган савол туғилади.

Ниҳоят, ЕИга аъзо давлатлар Халқаро валюта жамғармаси COVID-19 пандемиясига қарши курашишга кўмаклашиш учун Минскка ажратган молиявий ёрдам тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Бундан ташқари, анъанавий санкциялар, яъни шахслар ва ташкилотларга қарши санкциялар ҳамда иқтисодий санкциялар қўлланилиши мумкин.

Ўтган йилнинг август ойида бўлиб ўтган президент сайловлари ортидан бошланган намойишлар кескин бостирилгани учун ЕИ жами 7 та ташкилот 88 нафар жисмоний шахсга, шу жумладан, Лукашенконинг ўзига қарши санкция қўллаб, уларнинг мол-мулкларини музлатиб қўйди виза чекловларини жорий қилди.

Ўшандан бери Беларусга қарши янги санкциялар тўплами ҳозирланмоқда. Улар 21 июнь кунига белгиланган ЕИ ташқи ишлар кенгашидан олдин ёки йиғин давомида эълон қилиниши кутилаётганди.

Аммо ушбу янги санкциялар тўплами юқорида қайд этилгандек Брюссель Беларусь масаласидан «чарчаганини» кўрсатади.

Санкциялар устида февраль ойида иш бошланиши керак эди, аммо бу жараён жуда секин кечди. ЕИ дипломатик корпуси ҳисобланувчи Европа ташқи фаолият хизмати (EEAS) одатда аъзо мамлакатлар санкция жорий қилишини айтиб, Беларусга қарши санкция киритишга ошиқмай келади.

Литва Беларусга қарши санкция қўллаш ташаббусини фақат Вильнюс ёки бошқа Шарқий Европа аъзо давлатлар эмас, балки бошқа мамлакатлар ҳам кўтариши кераклигини айтиб келади.

Бу орада тўққиз мамлакат бир неча ҳафта олдин асосан Беларусь адлия тизимида ишлаётган 70 га яқин ташкилот ва шахс киритилган рўйхатларни тақдим этди. Аммо бу сафар ҳам Беларусга қарши чора кўришни Шарқий Европа мамлакатлари тарғиб қилди. Қолаверса, хабарларга кўра, Брюсселдаги ишчи гуруҳлар рўйхатларни кўриб чиқар экан, турли ЕИ мамлакатлари билан савдо алоқаларини ўрнатган ва Лукашенкога яқин ишбилармонлар исмини ўчирган.

Рўйхатда қолганларнинг аксари ЕИда банк ҳисобларига эга бўлмаган, шусиз ҳам Греция оролларига ёки Франциядаги Мовий қирғоққа боролмайдиган шахслардир.

Шундай экан, Лукашенконинг 23 май куни хориж давлати авиаширкатига тегишли учоқни қўнишга мажбурлашга қарор қилгани ажабланарли эмас. Натижалари сохталаштирилгани айтилаётган ўтган йилги сайловдан бери Лукашенко мухолифатни тобора қаттиқ сиқувга олиб келади.

Сўнгги олти ой ичида ЕИ бунга қарши деярли чора кўрмади. Лукашенко жорий йилда Беларусь ЕИнинг ташқи ишлар бўйича кенгашида бирон марта кун тартибида муҳим ўрин тутмаганини кўриб, мамнун бўлганини хулоса қилиш мумкин.

Авторитар президент Ryanair ширкати учоғини қўнишга мажбурламаганида, Беларус ЕИ етакчилари назаридан четда қолишда давом этган бўларди.

Озодлик мухбирига ЕИнинг турли амалдорлари иттифоқ расмий равишда Лукашенкони тан олмаётганига қарамай, у «ғалаба қозонгани» ва мамлакатни бошқаришда давом этишини айтган эди. Улар Ғарб аста-секин Беларусда содир бўлаётган ҳодисаларга парво қилмай қўйиши ҳамда мухолифат раҳбари Светлана Тихановская сургунда қолишини айтишган эди.

Эндиликда бу ҳолатни ўзгартириш имконияти пайдо бўлди – агар ЕИ ва бошқа Ғарб давлатлари чиндан буни хоҳласа.

XS
SM
MD
LG