Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Толибонча шариат: "Исломий ҳаракат" ислом ҳуқуқини нега ўзича талқин қилади?


Толибон аъзоси Кобулдаги мактаб ташқарисида норозилик намойиши ўтказаётган аёллар билан гаплашмоқда - Кобул, Афғонистон - 30 сентябрь, 2021
Толибон аъзоси Кобулдаги мактаб ташқарисида норозилик намойиши ўтказаётган аёллар билан гаплашмоқда - Кобул, Афғонистон - 30 сентябрь, 2021

Толибон ҳукмрон Афғонистонда талқин ва татбиқ этилаётган ислом ҳуқуқи аксар аҳолиси мусулмон бўлган бошқа мамлакатлардаги шариатдан фарқ қилади.

Толибон ҳаракати тузган ҳукумат Афғонистон ислом қонунлари асосида идора қилинишини маълум қиларкан, бунда шариатнинг ўз талқинидаги қатъий сунний моделини назарда тутади.

Ислом ҳуқуқи универсал эмас – беш асосий мактаб борлигининг ўзиёқ шариат турли талқинлар учун очиқлигини англатади. Бу мактаблардан тўрттаси – сунний ва бири шиа мазҳабига мансуб.

Толиблар бошлиқ ҳукумат тасаввуридаги ислом ҳуқуқи билан, асосан мусулмон аҳоли яшайдиган, жумладан суннийлар кўпчиликни ташкил қиладиган мамлакатларда ўрнатилган шариат қонунлари орасида тафовут мавжуд.

Кўплаб олимлар Ғарб оммавий ахборот воситалари шариатни “ислом ҳуқуқи” ўлароқ ниҳоятда тор тушунади, деган фикрда.

– Шариат кўп жамиятларда одатан ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинмайдиган кенг шахсий ахлоқ-одоб соҳаларини ўз ичига олади. Уни “исломий хатти-ҳаракатлар тарзи” деб таржима қиладиган бўлсак, бирмунча аниқроқ бўлур эди, – дейди Жорж Вашингтон университетининг сиёсатшунослик профессори Натан Браун.

Толиблар дастур қилиб олган ва тўғри деб иддао қилаётган қаттиққўл исломий тизим 19-асрда Британия мустамлакаси остидаги Ҳиндистонда пайдо бўлган “Деобандий” ҳаракатига бориб тақалади ва ҳозирги Покистон ҳамда Афғонистон исломчилари орасида юриспруденциянинг сунний ҳанафийлар мактабига асосланган нуфузли йўналиш саналади.

Ихтиёрий қувғинда юрган Кобулдаги Америка университети ҳуқуқ профессори Ҳорун Раҳимийнинг урғулашича, Толибон шариатига Афғонистон ва Покистоннинг қабилавий урф-одатлари ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.

– Толиблар маҳаллий қабила-уруғларга қарши урушгандан кўра, уларга мослашишга уринди. Бинобарин, улар татбиқ этаётган жиноят қонунлари ва хусусий даъволар ечимлари бу ҳанафия ҳуқуқ мактаби билан қабилавий қонунлар омихтасидир. Улар Покистондаги деобандий мадрасаси ўқув дастури доирасида ишлаб чиқилган ҳанафий ҳуқуқ мактаби концепциясини асос қилиб олганлар. Толибоннинг кўп қозилари ўша мадрасада тайёргарликдан ўтишган, яъни ўзларининг ҳозирги савиялари қадар. Баъзан тайёргарлик даражаси жуда паст бўлган, – дея изоҳ беради Раҳимий Озодликнинг тожик хизматига.

Раҳимийнинг қайд этишича, Толибон судлари, мусулмон аҳоли кўпчиликни ташкил этадиган аксар мамлакатлар одил судлов тизимидан фарқли ўлароқ, халойиқ кўз олдида қатл қилиш, қўлни чопиш ва дарралаш ҳақида қарор чиқаришда анчайин тийиқсизлигини кўрсатган.

– Бунга мисол сифатида исломдаги инсонга қарши жиноят учун белгиланган “қасос”, яъни “қонга – қон, жонга – жон” амалини келтириш мумкин, – дейди профессор.

Қасос одатига кўра, қўлга олиниб, суд қилинган қотил мақтул ёки ўлдирилган шахснинг қариндошлари талабига биноан оломоннинг кўз ўнгида қатл этилади. Аммо ўлдирилган одамнинг яқинлари бунинг ўрнига қотилдан “хун” – моддий тўлов эвазига жазодан озод қилиш чорасини танлаш имконига эга.

Саудия Арабистони, Эрон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ҳамда Нигериянинг айрим ҳудудларида мавжуд ҳуқуқ тизимларида белгиланган қасос жазолари ижросида турлича намойишкорлик даражалари назарда тутилган.

Бироқ толиблар бошқаруви даврида, 1990-йиллар ўрталаридан бошлаб намойишкорона қатл қилишлар кенг тарқалди ва аксар ҳолларда тантанавор суратда ўтказилди.

Раҳимий “толиблар ислом манбаларини чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилишга нўноқ”лигини ҳисобга олиб, Толибон қозилари Қуръондаги қасос ҳақидаги оятларнинг нозик маъноларини бошқа мусулмон мамлакатлардаги ҳакамлар даражасида илғай олишига шубҳа билан қарашини айтади.

Яна бир мисол – “ҳудуд” жазоси бўлиб, у “Аллоҳга қарши жиноятлар” саналувчи қилмишлар учун тайинланади. Чунончи, хиёнат ёки хамр (маст қилувчи ичимлик) ичганлик учун омма олдида дарралаш, йўлтўсарлик ва айрим турдаги ўғриликлар учун қўл кесиш жазолари шулар жумласидандир.

Мазкур жазолар Қуръон оятлари билан амр қилинган ва жорий этилган.

Бироқ Раҳимийга кўра, ҳудудга доир ишларда далилларга нисбатан қўйилган юксак талаблар аксар мусулмон мамлакатларида бунақа жазолар камдан-кам тайинланишини билдиради.

– Ушбу мамлакатларда судлар, ишда сал шубҳа-гумон ёки дудмоллик бўлган тақдирда ҳам ҳудуд жазоларини белгилашдан ўзларини тийишга келишиб олишган, – дейди Раҳимий.

Қиёслаш учун: Толибон судлари суд муҳокамасига йўл қўймайди ва ўтмишда намойишкорона қатл этиш, қўлини чопиш ва дарра уриш жазоларини спорт стадионларида ижро этиш ҳақида жуда кўп марталаб қарор чиқарган, дея таъкидлайди профессор.

Толибон бошқаларга “сабоқ” бўлиши учун тўрт жасадни дорга осди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:59 0:00

Толибон талқинидаги шариатнинг аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокига муносабати ҳам аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат мамлакатлардаги умумқабул қилинган қоидалар билан таққослаганда анча фарқлидир.

Толибон илк дафъа иқтидорга келган 1996–2001 йилларда Афғонистонда аёлларнинг таълим олишини ман этиб, улардан кўчага фақат эркак қариндош ҳамроҳлигида чиқишни талаб қилган.

Яна қиёслаймиз: сўнгги даврда аёллар Покистон, Индонезия, Туркия, Бангладеш, Қирғизистон, Косово, Тунис, Танзания ва Малида давлат раҳбари лавозимини эгаллади.

Британиянинг Би-би-си радиоэшиттириш корпорацияси форс хизмати собиқ бошлиғи ва Jadid Online журналистлар сайти асосчиси Боғир Муъин Толибоннинг аёллар билан муомаласи “кўпчилик мусулмон олимлар тасаввуридаги шариат қонунлари”га мос эмаслигини таъкидлайди.

– Толибларнинг улар шариат қонунларига кўра иш тутишаётгани ҳақидаги иддаолари, бу ростдан ҳам шариат қонунлари эканини англатмайди. Аслида бу шариат қонунларининг қабилавий талқинидир, шундай десак тўғри бўлади, – дейди Муъин.

Унинг фикрича, Толибон афғон аёлларига мактабга боришни тақиқлаб қўйиш билан “аёлларнинг илм олишига оид Муҳаммад пайғамбар ўгитлари”га риоя қилмаган.

– Аёлларни таълим олишдан тўсишнинг биз ислом анъаналари деб тушунадиган қонун-қоидаларга сира алоқаси йўқ. Барча мусулмон уламолари пайғамбар “илм олмоқ – барча муслим ва муслимага фарздир”, деганини тан оладилар, – уқтиради Муъин.

Ҳиндистон шимолидаги, “Деобандий” ҳаракати бешиги бўлмиш ислом мактабининг 82 ёшли раҳбари Мавлон Саид Аршод Маданий айтишича, у Толибоннинг эркак ва аёлларни “йўлдан озишдан сақлаш мақсадида” алоҳида-алоҳида ўқитишга уринаётганини қўллаб-қувватлайди.

Аммо у мудирлик қилаётган мактаб айни пайтда Толибон билан ҳеч бир тарзда алоқа қилмаслигини даъво қилаётган Маданий яқинда Озодлик радиоси билан мулоқотда толиблар аёлларнинг таълим олишини тақиқламаслиги лозимлигини айтди.

– Толиблар бошчилигидаги афғон ҳукумати айри-айри таълим олишни таъминлай олса, мактабларнинг эшиклари қизлар учун ҳам очилади, – деди Маданий.

Толибон бошқарувидаги Афғонистондан ташқари, аксар аҳолиси сунний мазҳабига эътиқод қилувчи Саудия Арабистони ҳамда асосан шиалар яшайдиган Эрон – ислом ҳуқуқи асосида идора қилинадиган энг муҳим мамлакатлар ҳисобланади.

Шариатга таянувчи ушбу режимлар, энг аввало жиноят ҳуқуқи ва жиноят ишларини судда кўриш, шунингдек аёлларнинг ҳуқуқий мақомига доир нормалар ва режимларнинг “диний кўрсатмаларга мувофиқ хусусий ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари”га аралашув усуллари билан боғлиқ масалаларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судини ташвишга солмоқда.

Ислом давлат дини бўлган Покистон ва Миср сингари мамлакатлар ёки аҳолиси мусулмон бўлган дунёвий давлатлар, масалан, Туркияда ислом ҳуқуқи билан анъанавий ҳуқуқ ва ҳуқуқий кодекслар ўртасида мураккаб ўзаро алоқа мавжуд.

Ислом ҳуқуқининг манбалари

Шариат қонунларининг тўрт асосий манбаи бор.

Барча ислом ҳуқуқ мактаблари учун энг устун манба, бу -барча мусулмонлар “Аллоҳ томонидан Муҳаммад пайғамбарга юборилган ваҳийлар жамланмаси” деб билувчи муқаддас китоб – Қуръондир.

Ислом ҳуқуқининг иккинчи муқаддас манбаи Сунна номи билан машҳур бўлиб, у Муҳаммад пайғамбарнинг ҳадислар матнида баён қилинган ўгитлари ва амалларини ўз ичига олади.

Бу иккисидан ташқари, Аллоҳ ва унинг пайғамбари тарафидан “юборилмаган” ва инсон тафаккурига асосланган манбалар ҳам мавжудки, ислом ҳуқуқ мактабларининг ҳар бири уларга ўзича қиймат беради.

Шундай манбалардан бири мусулмон ҳуқуқшунослари томонидан ишлаб чиқилиб, Қуръон ва ҳадисларни чуқур тушунишга асосланадиган ҳукм чиқариш тамойиллари мустақил шарҳи – “қиёс”дир.

Шунингдек, ислом ҳуқуқида “ижмо” номли манба ҳам бўлиб, уни ислом уламолари ёки мусулмонлар ҳамжамиятининг муайян масалада ўзаро муроса қилиши, дея таърифлаш мумкин.

Ҳуқуқ мактаблари

Ислом ҳуқуқчилигининг асосий мактаблари Муҳаммад пайғамбар вафотидан кейин асрлар давомида Қуръон ва ҳадисларга нисбатан шаклланган турлича “инсоний тасаввурлар”га (арабчада “фиқҳ”) таянади.

Ҳуқуқ мактабларининг ҳеч бири муайян минтақа учун бетакрор ва ягона эмас. Айни чоғда уларнинг ҳар бири дунёнинг турли қисмларида устун мавқега эга.

Ислом олими ҳамда Би-би-си собиқ телебошловчиси, деобандий мадрасасини тугатган Ғарбдаги ягона инсон бўлмиш Жон Муҳаммад Баттнинг айтишича, тўрт сунний мактаби орасидаги тафовутлар “эътиқод қилишнинг фундаментал жиҳатлари билан эмас, балки диннинг қўшимча жиҳатлари билан боғлиқдир”.

– Аммо бу фарқли жиҳатларнинг айтарли ҳеч қандай аҳамияти йўқ, шу боис тўрт сунний мактабларининг барчаси тенг даражада қонуний ва бир хил мақомга эга. Бу шунчаки, имомларнинг турли талқинлари холос, бинобарин мазкур мактаблар ўртасида бирон ихтилоф ёки адоват мутлақо йўқ, – дейди Батт Озодлик радиоси билан мулоқотда.

Жанубий ва Марказий Осиёда ҳанафийлик мактаби устувор саналади. Мусулмон оламининг тахминан учдан бир қисми ҳанафия мазҳабига эътиқод қилгани боис ушбу мактабнинг мухлислари ҳаммасидан кўп.

Ҳанафий фиқҳи юристларга ихтиёр беради, шунингдек одатларга ислом ҳуқуқининг қонуний асослари деб қарайди.

Шундай экан, Толибон талқинидаги шариат, унга Афғонистон ва Покистон қабилавий одатлари таъсир этганини назарда тутсак, – ҳанафия мазҳаби вариантларидан бири холос.

Моликий фиқҳи кўпроқ Шимолий ва Ғарбий Африкада ёйилган.

Ўрта асрларда моликийлик Европанинг мусулмонлар ҳукми остида бўлган баъзи қисмларида, масалан, Испания ва Португалиядаги собиқ ислом давлатлари ҳамда Сицилия амирлигида ҳам мавжуд эди.

Ҳанафий мактаби сингари, моликий мактаби ҳам ҳуқуқчилар ихтиёри ва жамоа урф-одатларини ислом ҳуқуқи манбаи сифатида қабул қилган.

Бошқа мактаблардан фарқли равишда, моликий фиқҳи тарафдорлари Мадина аҳли консенсусига ислом ҳуқуқининг ҳақиқий манбаи деб қарайди.

Шофеъий фиқҳи Шарқий Африка ҳамда Жануби-Шарқий Осиёда, шунингдек Чеченистон, Ингушетия ва Кавказда тарқалган.

Шофеъийлар мактаби уламо-юристларнинг суд қарорларини ислом ҳуқуқи учун мақбул манба ўлароқ қабул қилмайди, уларни “одамзот ўйлаб топган қонунлар билан тенг” билади.

Ханбалийлар мактаби – тўрт синний фиқҳлар орасида энг кичигидир. Қатъий анъаначилик хусусиятига эга ушбу мактаб асосан Саудия Арабистони ва Қатарда учрайди ва ушбу давлатларда расмий фиқҳ ҳисобланади.

Ханбалий фиқҳи издошларини Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Ўмон ва Яманда, шунингдек Ироқ ва Иорданиянинг кўчманчи бадавий қабилалари орасида ҳам учратиш мумкин.

Салафий ёки ваҳҳобий оқими – 18 асрда ханбалия мактабининг ислоҳ қилиниши ўлароқ вужудга келган қатъий ортодоксал исломий йўналиш бўлиб, унинг мухлисларидан бири “Ал Қоида” ҳаракатига асос солган Усома бин Лодиндир.

Жаъфария – шиа мазҳабидаги асосий мактаб. Бу Эрон конституциясида мустаҳкамланган.

Жафария ҳуқуқий масалага жавоб топишда ҳуқуқшуносларнинг мустақил далиллашига таяниши – ижтиҳод асосига қурилганлиги билан тўрт сунний мактабдан фарқ қилади.

Амалиётда жаъфарий мактаби – мерос, закот, тижорат, шахс мақоми, шунингдек исломдан олдин мавжуд бўлган ва олдиндан икки томоннинг мажбуриятсиз розилигини билиш шарти билан рухсат этилган муваққат никоҳ – мута (ёки сийқа) билан боғлиқ масалаларда ҳам сунний мактаблардан фарқланади.

XS
SM
MD
LG