Император Николай I томонидан 1877 йили Тошкентга сургун қилинган князь Николай Романов йиққан санъат асарлари музейи Тошкентнинг қоқ марказидаги тарихий бинода очилажаги тўғрисида шу ҳафта бошида пайдо бўлган хабар ижтимоий тармоқларда баҳс уйғотишга улгурди.
Романов коллекцияси музейини очиш ғояси танқидчилари фикрича, бу тадбир мустақиллик ғояларига зид ва Россия ҳозирги раҳбариятининг мустамлакачилик сиёсати тарафдорлари учун қурол бўлади.
Маданият вазирлиги расмийлари музейни очиш тўғрисида ҳозирча ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги, лекин бундай қарор қабул қилиниш эҳтимоли катта эканлигини билдирди.
Сўнгги йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг қабуллар уйи бўлиб турган, Шароф Рашидов дастлаб дафн этилган хиёбон тўридаги сарой князь Николай Романов (1850-1918) йиққан санъат асарлари музейига айлантирилажаги тўғрисида Озодлик 9 июль куни ТАССнинг бир кун олдинги маълумотига таяниб хабар қилган эди.
Маҳаллий нашрларда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот пайдо бўлмади. Лекин мавзуга оид хабарлар майнинг охирги кунларида пайдо бўлган, масалан, podrobno.uz 27 майда Ўзбекистон Давлат санъат музейи ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари “Улуғ князь Николай Романов тўплаган картиналарнинг беназир жамланмасини ўз жойига қайтариш”ни таклиф қилгани тўғрисида хабар қилган эди.
Тилга олинган музей директори Васила Файзиева 11 июль куни Озодлик саволларига жавобан “Романов музейи” бўйича ҳеч қандай ҳужжат кўрмаганини, Жамоатчилик кенгаши бу масала бўйича қандай қарорга келганидан бехабар эканлигини айтиш билан чекланди.
Маданият вазирлигининг Музейлар ва кутубхоналарни ривожлантириш бошқармасига бу соҳада давлат сиёсатининг устувор йўналишларини аниқлаш ва уни амалга ошириш шакллари, усуллари ва механизмларини ишлаб чиқиш юклатилган.
Озодлик бошқарманинг ўзини Холмурод Чориев деб таништирган мутахассиси билан мавзу юзасидан суҳбатлашди. 20 дақиқадан кўпроққа чўзилган мулоқот давомида мутахассисдан олинган маълумотнинг мағзи бу бўлди:
“Романов музейи”ни очиш юзасидан ҳозирча Вазирлар Маҳкамасидан ҳеч қандай топшириқ тушмаган, агар тушса, оғишмай амалга оширамиз”.
Вазирликнинг бошқа бир мутахассиси исми айтилмаслик шарти билан кўпроқ маълумот берди.
Унинг айтишича:
- Вазир Бахтиёр Сайфуллаев ТАССнинг хабари билан танишиб чиққач, “улар бу гапни қаердан олишибди?” деб ҳайрон бўлган, лекин бу масала ўрганилаётганини билдирган.
- “Романов музейи”ни очиш масаласи кун тартибида, лекин қарор ҳозирча қабул қилинган эмас.
- “Романов музейи”ни очиш ғояси Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сўнгги сафари арафасида Вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши мажлисида бир этник рус журналистдан чиққан, у музейни Россия президенти ташрифи кунлари очишни таклиф қилган эди.
- “Романов музейи”ни очиш билан Давлат санъат музейи зарар кўрмайди. У ердаги экспонатлар “Романов”да вақтинча экспозицияга қўйилади.
Вазирликнинг бу маълумотларни берган мутахассиси князь Николай Романов йиққан тасвирий ва амалий санъат экспонатлари музейи ташкил қилишни тўғри иш, деб билишини айтаркан, деди:
“Романов музейи”ни очишдан мақсад халқимизга музейларимизда сақланаётган санъат асарларини намойиш қилиш, иккинчидан, тарихимизни тўлақонли кўрсатишдир. Ахир Романов шу ерда яшаб ўтган, буни қандай инкор эта оламиз?”
Сўнгги уч кун ичида ижтимоий тармоқларда бу мавзуда ўзаро баҳсга киришганлар орасида бу фикрни қўлловчилар ҳам бор. Масалан, кинорежиссер Абдулазиз Маҳмудов бундай ёзди:
“Ҳатто мустамлака давридан қолган бўлса ҳам, дунё бўйлаб ёдгорликларни сақлаб қолиш амалиёти бор. Боз устига, агар улар император оиласи аъзоларига тегишли бўлса”.
“Романов музейи”га қаршилар бу баҳсда кўпчиликни ташкил қилди. Улардан бири, Bahodir Mamat исмли юзер бундай ёзди:
“Шу хабарни эшитгач, ҳалигача ғазабимни тийиб олмадим, буни фақат СССР даврида, Иккинчи жаҳон уруши пайтида Гитлерга ҳайкал қўйиш билан тенглаштирса бўлади. Шундай қарорга келган одамни умуман ишдан бўшатиб юбориш керак. Кимнинг калласига келган экан юртингни босиб олган одамга ёдгорлик барпо қилиш, ақлим етмаябди ҳалигача”.
Князь Николай Романов йиққан тасвирий ва амалий санъат экспонатлари музейига айлантирилиши режалаштирилаётган бино Россия императори оиласига мансуб бўлган Николай Романовнинг Тошкентдаги саройи бўлган. Сарой 1891 йилда архитекторлар Вильгельм Гейнцельман ва Алексей Бенуа лойиҳаси асосида барпо этилган эди. Советлар даврида бу ерда дастлаб музей, кейин Республика пионерлар саройи жойлашган.
Совет Иттифоқи тарқалиб кетганидан сўнг мазкур саройдан Ташқи ишлар вазирлигининг қабуллар уйи сифатида фойдаланилган эди. Уч йил аввал у Тошкент шаҳар ҳокимияти балансига ўтказилган ва ўшандан бери бўш қолмоқда.
Яқинда бу сарой ертўласида турк, инглиз, француз, немис ва араб тилида ёзилган ўнлаб қўлёзма китоблар, иконалар, географик хариталар, lX-XlX асрга мансуб олтин, кумуш ва мис тангалар топилгани хабар қилинган эди.