Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:28

Украина Ўзбекистонни Қрим платформасига таклиф қилди. Киев Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилиш ниятида


Ўзбекистон элчисининг Украина расмийлари билан учрашуви 3 март куни бўлиб ўтган. Украина ТИВ фотоси.
Ўзбекистон элчисининг Украина расмийлари билан учрашуви 3 март куни бўлиб ўтган. Украина ТИВ фотоси.

Украина Ташқи ишлар вазирлигининг расман билдиришича, ташқи ишлар вазири ўринбосари Эмине Жапарова 3 март куни Ўзбекистоннинг Киевдаги элчиси Алишер Қурмонов билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар истиқболини муҳокама қилган.

Расман билдирилишича, учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш, айниқса, савдо-сотиқни, халқаро ташкилотлар ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.

Эмине Жапарова Украина Турк тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида тез орада кузатувчи мақомини олиш ниятида эканини билдирган. Вазир ўринбосари бу ташкилотни “туркий оламни бирлаштирувчи иттифоқ”, деб сифатлади. Мазкур ташкилотга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади.

“Бу ташкилотда кузатувчи мақомини олиш унга аъзо давлатлар билан алоқаларни қўшимча равишда мустаҳкамланишига хизматгина қилиб қолмай, Украинанинг турк олами билан алоҳида ўзгача муносабатларга эга эканини намоён қилади”,-деди Эмине Жапарова.

Бундан ташқари Украина расмийси Ўзбекистонни Қрим платформасида иштирок этишга чақирди ҳамда президент Шавкат Мирзиёвнинг Украина мустақиллигининг 30 йиллик тантаналирда иштирок этиши ва Қрим платформаси саммитида иштирок этиши олқишланишини билдирди.

Қрим платформаси саммитида Россия томонидан 2014 йилда босиб олинган Қрим мухториятидаги қримтатарлар тилини ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш, Қрим аҳолиси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинади.

Айни пайтда Украина ҳукумати мазкур саммитга тайёргарлик кўрмоқда. Унинг қачон ўтказилиши санаси ҳозирча эълон қилинмаган.

2014 йилнинг 24 мартида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги вазият ва Қрим масаласи юзасидан расмий Тошкент позициясини акс эттирган баёнот тарқатганди.

Мазкур баёнотда “Ўзбекистон Республикасининг БМТ Низоми асосий тамойиллари ва халқаро ҳуқуқий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда “юзага келадиган халқаро баҳсларни тинч воситалар билан ҳал этиш, халқаро муносабатларда ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлигига ёхуд сиёсий мустақиллигига қарши куч билан таҳдид қилиш ёки уни қўллашдан тийилиш” борасидаги позицияси қатъий ва ўзгармасдир”, дейилган.

Бундан Тошкентнинг, йўқ деганда, Россия томонидан Қримнинг аннексия қилинишини ёқламагани англашилганди.

2017 йилнинг ноябрида БМТ Бош ассамблеясининг ижтимоий, гуманитар ва маданий масалалар бўйича қўмитаси Қрим ярим оролида инсон ҳуқуқларига оид вазият юзасидан Украина тайёрлаган резолюция лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжатда Россиядан Қримда инсон ҳуқуқларини топташни зудлик билан тўхтатиш талаб қилинган.

Резолюция лойиҳасини қўллаб 71 давлат, унга қарши 25 давлат овоз берди. 77 давлат эса, холис қолди.

Ўзбекистон ўшанда Россия, Хитой, Беларусь, Сербия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлар қаторида резолюцияга қарши овоз берган.


Ўзбекистон 2016 йилнинг ноябрида ҳам БМТ Бош Ассамблеяси 3-қўмитасида Қримдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни қораловчи ҳамда Россияни ярим оролга халқаро кузатувчиларни киритишга чақирувчи резолюцияга қарши овоз берган эди.

2014 йилнинг мартида эса, Россиянинг Қримни аннексия қилганини қоралаган резолюцини 100 мамлакат қўллаб-қувватлаган, 11 мамлакат унга қарши овоз берган ва 58 мамлакат, жумладан Ўзбекистон бетараф қолган эди.

Украина парламенти Қримнинг Россия томонидан вақтинча босиб олиниш тарихининг бошланиши 2014 йилнинг 20 феврали эканини эълон қилган.


Қрим аннексиясидан сўнг Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан қатор санкцияларни жорий қилган. Россия яриморолни босиб олганини инкор қилади ва буни “тарихий адолатнинг тикланиши” ўлароқ баҳолайди.

XS
SM
MD
LG