Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:57

Халқ қабулхонаси собиқ мудири сайловни ёритаётган блогерни "гей"га чиқарди (ВИДЕО)


Халқ қабулхонаси собиқ мудири Жамшид Умаров (чапда) ва блогер Тимур Саттаров.
Халқ қабулхонаси собиқ мудири Жамшид Умаров (чапда) ва блогер Тимур Саттаров.

Самарқанд шаҳар Халқ қабулхонаси собиқ мудири парламент сайловининг 2-турини шаҳарнинг 74-сайлов участкасида кузатаётган 30 яшар блогер Тимур Саттаровни "гей"га чиқарди.

Халқ қабулхонаси собиқ мудири блогернинг камерасига ёпишиб, участкадан ҳайдаб чиқаришга уринди. Бу ҳолат блогернинг сайлов участкасидан жонли репортажида акс этган.

Вилоят сайлов комиссияси блогернинг шикояти Самарқанд вилоят ИИБга оширилганини маълум қилди.

Айтилишича, 30 яшар блогер, касби дастурловчи Тимур Саттаров овоз бериш жараёнини ёритиш учун аккредитация берилган оз сонли маҳаллий блогерлардан бири бўлган.​

Жонли ёйин

Тимур Саттаров 5 январь кунги такрорий овоз бериш жараёнини Facebook ижтимоий тармоғидаги "Я-Самаркандец" гуруҳида жонли ёритиб борди.

Я-Самаркандец гуруҳидан олинган сурат, Facebook
Я-Самаркандец гуруҳидан олинган сурат, Facebook

5 январь куни тармоққа жойланган видеода акс этишича, 74-овоз бериш участкасида бюллетенлар қутисига бир неча варақани бирдан ташлаётган сайловчи блогерни ҳақоратлайди.

"Камерани йиғиштир? (сайловчи рус тилида гапиради - таҳр.) Мен тасвирга олишингга изн бермайман. Мишиқи! Бунинг ўрнига соқолингни ол!" дейди сайловчи.

Бунга жавобан блогер: "Мен айнан сизни тасвирга олаётганим йўқ, илтимос менга бақирманг! Мен блогерман, мана марҳамат, аккредитациям ҳам бор" дейди.

Аммо, шахс блогернинг бу гапларига жавобан унинг ташқи қиёфасига эътироз билдира бошлайди:

"Сендақа блогерлар бизга керак эмас. Ўзингга бир қара?! Геймисан сен? Геймисан сен? Йўқол бу ердан! Кимга борсанг, бор!" дейди шахс.

Видео бу шахс блогернинг камерасига ёпишган кезда узилади.

Самарқанд Халқ қабулхонаси собиқ мудири блогерни "гей"га чиқарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00
Бевосита линк

ИИБга ариза

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда блогер Тимур Саттаровнинг айтишича, ҳодисадан сўнг у сайлов комиссиясига арз қилган.

Ариза ортидан Самарқанд вилоят ҳокимлиги ўша куниёқ берган хабарга кўра, ўрганишлар натижасида "фуқаро Ж.У. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8, 35-моддаларига асосан овоз бериш жараёнини аккредитациядан ўтган ҳолда тасвирга олиб, ёритаётган блогер Т. Сатторовни қонунга зид ҳолда ҳақорат қилганлиги ойдинлашган".

7 январь куни Самарқанд вилоят ИИБ ходимлари иштирокида блогер уни ҳақорат қилган шахс - Жамшид Умаров билан учраштирилган.

Саттаровга кўра, Жамшид Умаров блогердан узр сўраган, аммо Маъмурий кодекснинг 41-моддаси билан малакаланган иш судга оширилган.

Ҳақоратлаган шахс - Халқ қабулхонаси собиқ мудири

Блогерга кейинчалик маълум бўлишича, уни ҳақоратлаган ва унинг камерасига ташланган Жамшид Умаров муқаддам Самарқанд шаҳар Халқ қабулхонаси мудири бўлган.

Буни Самарқанд вилоят Сайлов комиссияси раҳбари Салоҳиддин Нуриев ҳам тасдиқлади.

Нуриевнинг айтишича, инцидент содир бўлган куни блогер сайлов комиссиясига арз қилган:

- Вилоят сайлов комиссиясига Тимур Саттаровнинг ўзи шахсан келди ва тегишли чора кўриш масаласида бизга мурожаат қилди. Бу ерда ҳуқуқбузарлик аломатлари бор-йўқлиги ҳолати бўйича вилоят ИИБ масъул ходимлари чақирилиб, Тимур Саттаровнинг аризаси олинди ва ҳозирги кунда бу масала Ички ишлар органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Халқ қабулхонаси мудири - собиқ туман прокурори

Самарқанд вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Шуҳрат Узоқовнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, асли касби юрист Жамшид Умаров муқаддам туман прокурори бўлиб ҳам ишлаган. У 2017 мартидан 2019 йилнинг февралигача шаҳар Халқ қабулхонаси мудири бўлган.

Узоқовга кўра, 2019 йилда тизимда рўй берган ўзгаришлар ортидан анчагина мудир ишдан кетган ва улар орасида Умаров ҳам ишдан бўшатилган.

Узоқов ўзининг собиқ ходими билан 74-сайлов участкасида бўлган воқеадан хабари йўқлигини айтиш билан чекланди.

Озодлик Жамшид Умаровнинг ўзи билан боғлана олмади.

Блогерга муносабат

Тимур Саттаров ва Жамшид Умаров ўртасидаги инцидент акс этган жонли ёйин - 32 минг аъзоси бўлган "Я-Самаркандец" гуруҳида ​қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Муҳокаманинг айрим иштирокчилари собиқ прокурорнинг блогерга муносабатини - вилоят ва ҳатто, республикадаги бугунги айрим раҳбарларнинг блогерларга муносабати билан айни экани ҳақида фикр қолдирди.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда блогерлар ва ҳукумат вакиллари ўртасидаги низолар кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

Жумладан, 6 январь куни Human.uz ахборот портали раҳбари, журналист ва блогер Хуршид Далиевнинг Андижон шаҳар ҳокимлиги мулозими устидан шикояти судга ошди.

2019 йилнинг 30 декабрида эса андижонлик блогер Отабек Нуритдинов Андижон вилоят маъмурий суди томонидан туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбланиб, 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

XS
SM
MD
LG