Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:30

Қамалган блогернинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради (ВИДЕО)


Андижонлик блогер Отабек Нуритдинов
Андижонлик блогер Отабек Нуритдинов

Андижонлик блогер Отабек Нуритдиновнинг онаси президент Шавкат Мирзиёевдан ўғлини қамоқдан чиқаришда ёрдам сўради.

Facebook тармоғидаги Ҳалқ назорати - Народный контроль гуруҳига жойланган видеода Матлубахон Қурбонова ўғли Мирзиёевга ишониб, орзу-умидлар билан Россиядан қайтганини таъкидлади.

Гуруҳда қолдирилган хабарга кўра, андижонлик блогер Отабек Нуритдиновнинг онаси 4 январь куни кассация тартибида ўтган суд мажлисидан чиққач, бино олдига йиғилган журналист ва блогерлар саволларига жавоб берган.

Блогер Нуритдинов ўтган йилнинг 30 декабрида Андижон вилоят маъмурий суди томонидан туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбланиб, 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Видеода аёл маҳаллий раҳбарлар, президент Мирзиёев ва унинг қизи Саида Мирзиёева, шунингдек, президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов номини қайта-қайта тилга олади.

"Судья тайёр қарорни ўқиб берди. Энди мен ишонмайман".

"Вилоят ҳокими ёрдам бераман, деганди".

"Мен Алламжоновга ишонганман, Саида Мирзиёевага ишонганман".

"Бугун оқланишига ишонганман, лекин ҳақиқат чиқмади".

"Ҳурматли Шавкат Миромонович мен энди кимга мурожаат қилай?" дейди видеода йиғлаб гапирган Матлубахон Қурбонова.

Аёл судларга ишончи қолмагани, бор умиди президентдан эканини айтади.

4 январь кунги суд мажлисида андижонлик блогер Отабек Нуритдиновга чиқарилган 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тўғрисидаги ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди​.

Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, Андижон вилоят маъмурий суди Нуритдиновнинг кассация тартибида берган шикоятини рад қилган.

Асака туман прокуратурасининг билдиришича, Абдуфатто Нуритдинов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 41-моддаси, ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Вилоят маъмурий судининг 30 декабрь кунги қарори билан унга 15 суткалик қамоқ жазоси ва БҲМнинг 60 баробари миқдорида жарима солинган.

Блогер Абдуфатто Нуритдинов Facebook тармоғида Отабек Нуритдинов тахаллуси остида Андижон вилоятидаги ижтимоий-сиёсий воқеаларга кескин танқидий муносабатини билдириб келаётганди.

Андижон вилоят ҳокимлигининг 2 январь кунги баёнотида блогернинг ижтимоий тармоқдаги чиқишлари вилоят имижига путур етказиш сифатида баҳоланди.

Олий суд баёнотида эса Асака тумани ҳокими Эркинжон Якубов блогерни "вилоят ҳамда туман ҳокимларига нисбатан туҳмат ва бўҳтондан иборат бўлган маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириб келаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрагани" маълум қилинди.

Шундай қилиб, расмий баёнотларга кўра, блогер устидан Андижон вилоятининг Асака тумани ҳокими, тумандаги мактаблар директорлари ва вилоят ХТБ бошлиғи шикоят қилган.

Ўзини таништиришни истамаган ҳодиса гувоҳига кўра, Абдуфатто Нуритдинов 2019 йилнинг 30 декабри соат 10:30да Асака туман Молия бўлимига Асака туман Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан “алдов йўли билан олиб кетилган”.

Уни “бюджет пулларининг қандай сарфланаётганини муҳокама қиламиз”, деган важ билан Молия бўлимига чақиришган.

“Отабек ака Молия бўлимига кириб кетганича, қайтиб чиқмаган. Оналари Мўътабар хола кечки соат 20:30ларгача ўғлини ҳеч қаердан топа олмаганлар. Соат 20:30ларда маҳалла участка нозири маҳалладаги ходимларга қўнғироқ қилиб, Отабек акани машинасини оила аъзолари Молия бўлимидан олиб кетишларини айтган”, деди манба.

Шундан сўнг блогернинг онаси ўғли Андижон вилоят Маъмурий судига олиб кетилгани ва ўша куннинг ўзидаёқ 15 суткага ҳукм қилинганидан хабар топгани айтилмоқда.

Олий суд баёнотида Нуритдиновнинг судда ўзига билдирилган айбловларни тан олмагани маълум қилинди.

XS
SM
MD
LG