Хиваликлар "Чанг бозор" деб атайдиган “Хива универсал савдо комплекси” 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида бузиб ташланди. "Чанг бозор"да ишлаган тадбиркорларга бузилган дўконлари ўрнига ваъда қилинган ер ва компенсация тўловлари берилмаяпти. Чанг бозор ўрнида "Локомотив" парки қурилмоқда.
Тадбиркорлардан олинган бу маълумотни Хива шаҳар ҳокими Собир Жуманиёзов тан олди ва бозорчиларга ер берилади ва компенсация масаласи 28 августда ижобий ҳал этилади, деб ишонтирди.
Ўзбекистон президентининг 2017 йил 25 апрелдаги қарорига мувофиқ, Хива шаҳри буюм бозори ўрнида "Локомотив" истироҳат боғи қуриш тўғрисида келишилган ва Чанг бозор ерлари давлат ҳисобига ўтказилган.
Чанг бозорда ишлаган, исми очиқланишидан чўчиётган тадбиркорлардан бирининг айтишича, у ишлаган бозор шаҳар четидаги Сангар маҳалласига, чанг босган майдонга кўчирилган:
- Президент қарори билан қурилаётган “Локомотив” парки ўрнида бизнинг бозоримиз бўлган. Бузишгача 6 ой олдин қолганида келиб, дўконларимизни снос бўлади дейишди. Эски ҳоким муовини Улуғбек ва вилоят бозорлар уюшмаси раиси Шавкат Раззоқов “Ўрнига ер берилади!”, дейишди. Бу 2018 йилнинг баҳор бошларида бўлди. Бизларни эса Сангар маҳалласидаги контейнерларга, чанг майдонга чиқариб ташлашди.
Тадбиркорнинг айтишича, Хива собиқ ҳокими Яқубов ва “Хива Универсал савдо комплекси” ҳиссадорлик жамияти раиси Ганжа Тожиев Сангар маҳалласига кўчирилган 300 га яқин тадбиркорга ўз бизнесини қайта тиклаш учун компенсация тўловлари ажратилишини ваъда қилган.
Тадбиркорлар Чанг бозор бузилганидан буён ўз ҳақини ундиришга ҳаракат қилар эканлар, "юрист бўлиб қолишганини", улар тортган зарар Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби» тўғрисидаги Низомининг 26-бандига мувофиқ тўлиқ қопланиши кераклигини, лекин ҳануз натижа йўқлигини айтишди.
27 август куни Озодлик саволларига жавоб берган Хива шаҳар ҳокими Собир Жуманиёзов яқин кунларда шикоят қилаётган бозорчиларнинг ер ва компенсация масаласи ижобий ҳал этилишига ишонтириб, деди:
- Уларнинг фаолият жойида боғ қурилган. Уларга бошқа жойдан ер берамиз деб ваъда қилинган. Мулкларини ўзлари бузиб олган. Эртага 28 август куни соат 11 да акционерлик жамияти йиғилиши бўлади. Унда уларга ер ажратиб берилади. Йиғилишда яна бошқа масалалар кўрилади. Эртага бу масалага конкрет нуқта қўйилиб, ҳал бўлади!
Ҳоким Собир Жуманиёзовнинг қўшимча қилишича, савдогарларга аввалроқ ер ажратиб берилган, лекин уларга ажратилган ер ёқмаган:
"Энди улар илтимос қилган ердан жой ажратиб берилаяпти. Ер берилади! Компенсация масаласида эса ўзлари билан индивидуал ҳал этилади, чунки вазият ҳар хил. Акционерлик йиғилишида бу ҳам ҳал этилади.
Жорий йилнинг апрел ойида ҳам ҳоким Собир Жуманиёзов тадбиркорлар ишини ижобий ҳал этишга ваъда берган эди.
Айни пайтда, тадбиркорлар масаланинг бошқа бир муҳим жиҳатига эътибор қаратилишини сўрамоқда. Уларнинг айтишича, Сангарда қурилаётган янги дўконлар тадбиркорларга 51 700 000 сўмданга мажбуран сотилиши айтилмоқда.
Савдогарларнинг бу гапини шарҳлар экан Хива шаҳар ҳокими Собир Жуманиёзов , бундай деди:
- Дўконларнинг мажбуран сотилиши - нотўғри информация! Бу ерда ҳақиқатан бозор қилиниб, магазинлар қурилган. Бозор битиши билан дўконнинг нархи 51 миллионга тушиб турибди. У ерларни хоҳлаган одам сотиб олади – ҳеч кимни мажбурлаш йўқ. Бунинг уларга алоқаси йўқ.
- Озодлик Хиванинг тарихий мавзеси - Ичан-Қалъага яқин бўлган жойга темир вокзали қурилиб, унинг ёнига “Локомотив” парки қурилаётгани борасида хабар берган эди.
- Расмий маълумотлардан “Хива-Локомотив” истироҳат боғи 10 гектар ерда жойлашган бўлиб, унда 27 турдаги аттракцион, 0,5 гектарли сунъий кўл, 500 кишилик амфитеатр, 3та мусиқали фонтан, замонавий савдо расталари ва кўнгилочар масканлар ишга туширилиши режалаштирилгани маълум.
- Шунингдек бузилган Чанг бозор ўрнида қуриладиган паркда 2500 декоратив дарахт ва буталар, 15 турдаги гуллар экилиши айтилган.
- Қурилиш ишларини олиб бораётган “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” ҳиссадорлик жамияти бу атрофда сайёҳлар учун 3 меҳмонхона ҳам қураётганини маълум қилган.
- Бундан олдинроқ Озодлик Хива рамзларидан бири саналган Ал-Хоразмий бронза монументининг Ичан-Қалъа дарвозаси олдидан йўқолиб қолгани ва янги жойга кўчирилиши тўғрисида хабар қилган эди.