Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Шойгу Ўзбекистонда: Россия АҚШнинг Афғонистондан кетиши манзарасида фаоллашмоқда


Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу.

Ўзбекистонга расмий сафар билан келган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 28 апрель куни ўзбекистонлик ҳамкасби Баҳодир Қурбонов билан 2021-2025 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорликка доир икки томонлама дастурни имзолаган. Кремль Ўзбекистонни КХШТ доирасидаги тадбирларга жалб этмоқчи эканини ҳам айтмоқда.

Вазиятни кузатиб бораётган ҳарбий экспертлар Россия Мудофаа вазири ташрифи АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилаётгани фонида амалга оширилаётганига эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистонга расмий сафар билан келган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 28 апрель куни ўзбекистонлик ҳамкасби Баҳодир Қурбонов билан музокара ўтказди.

Икки вазир учрашуви Бухоро шаҳрида ўтказди.

Мудофаа вазирлари 2021-2025 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлик тўғрисида икки тарафлама дастурга имзо қўйди. Дастурда, жумладан терроризмга қарши курашиш соҳасидаги амаллар белгилаб берилди.

Мудофаа вазирлари мазкур учрашувда, ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, халқаро ва минтақа хавфсизлигига оид муаммоларни, икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Мудофаа вазирлари Сергей Шойгу ва Баҳодир Қурбоновлар минтақавий ҳамкорлик масаласини муҳокама қилаётганини маълум қилинди.

"Ҳарбий муассасалар раҳбарлари Бухорода халқаро ва минтақавий хавфсизлик, икки тарафлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликка оид долзарб масалаларни муҳокама қилишади," дейилади Россия ҳарбий вазирлиги расмий баёнотида.

Сергей Шойгу Ўзбекистонга Тожикистондан қайтиш йўлида кирган. Россия мудофаа вазири 27 апрель куни Душанбеда бўлиб ўтган КХШТга аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгаши мажлисида иштирок этиб, Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо билан икки томонлама музокаралар олиб борган эди.

Сергей Шойгунинг Тожикистонга бўлган сафари давомида Россия ва Тожикистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларини бирлаштиришга ва давлат чегара хавфсизлигини оширишга келишиб олди.

Афғонистондан чиқиб кетаётган Қўшма Штатлар айни пайтда минтақадаги иштирокини сақлаб қолишни истайди
Афғонистондан чиқиб кетаётган Қўшма Штатлар айни пайтда минтақадаги иштирокини сақлаб қолишни истайди

Шойгунинг Ўзбекистонга сафари ғарб нашрларида АҚШ расмийлари қозоқ, ўзбек ва тожик расмийлари билан Марказий Осиё минтақасида ҳарбий базалардан фойдаланиш борасида музокара олиб бораётганига оид хабарлар тарқалаётган пайтга тўғри келди.

Рус ҳарбий идора раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифининг асл мақсади нима? Бу ташриф Афғонистондан АҚШ қўшинларининг олиб чиқилаётгани билан боғлиқми?

Ҳарбий таҳлилчи ва “Ежедневний журнал” онлайн портали бош муҳаррири Александр Гольцнинг фикрича, Россия Мудофаа вазирининг Марказий Осиёга ташрифи энг аввало АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишига боғлиқ.

- Бу ташриф борасида маълумот камлиги туфайли мен ўз тахминларимнигина айтишим мумкин. Россия раҳбарияти ўрнида мен ҳам америкаликларнинг афғондан қўшин олиб чиқаётганидан чуқур хавотирга тушган бўлардим. Бундай бўшлиқ вазиятида ҳокимият тез орада толиблар қўлига ўтишини тахмин қилиш мумкин. Бу мамлакатдаги радикал жангарилар 1-2 йилда авторитар режимлар саналган Марказий Осиё давлатларига жиддий хавф туғдириши турган гап. Аҳоли қашшоқлиги, адолатсизлик, иқтисодий қолоқликда қолаётган Марказий Осиё мамлакатларидаги вазият Россияни хавотирга солмай қўймайди.

Биз яхши биламизки, Москва ўзининг стратегик манфаатларига зид равишда узоқ вақтдан бери америкаликларни Марказий Осиёдан сиқиб чиқариш сиёсатига катта куч сарфлаб келди. Эсимда, юқори лавозимли дипломатлардан бири “Агарда америкаликларнинг Марказий Осиёда мавжудлиги ҳисобига минтақада тинчлик ўрнатилса, Россия бу тинчликни қабул қилмайди!”, деган эди. Шу сабабли, минтақа давлатлари Америка Қўшма Штатлари билан ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик ҳақида ўй-ҳаёлга боришса, Россия билан муносабатлар ёмонлашиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олиб қўйишлари лозим, деди ҳарбий эксперт Александр Гольц.

Сиёсий шарҳловчи Аркадий Дубнов АҚШ Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонни ҳарбий-стратегик плацдармга айлантириш режасига қайтаётганини таъкидлади. Таҳлилчи фикрича, Россиянинг минтақадаги фаоллиги энг аввало АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши билан боғлиқ:

- Менимча, бу фаоллик АҚШнинг Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб, Марказий Осиёни плацдармга айлантириши билан бевосита боғлиқ. Аммо Ўзбекистонда 2005 йилгача бўлган “Хонобод-Қарши” каби йирик ҳарбий базалар тикланади, деган фикрдан узоқман. Америкаликлар, масалан, Афғонистон фазосини назорат қилувчи пилотсиз бошқариладиган учқичлардан фойдаланишга имкон яратувчи кичик, мобил ва енгил ҳарбий структураларни яратишга манфаатдор бўлади. Чунки Қатардаги базадан дрон учириш жуда қимматга тушади.

АҚШ нафақат Ўзбекистон - Тожикистонда ҳам бундай мобил базаларни яратишга интилиши мумкин. Бироқ, Шойгу ташрифидан кейин Тожикистонда замонавий С-300, С-400 каби Ҳаво ҳужумидан мудофаа аппаратларини ўрнатади деган тахминлар мавжуд. Бунинг ҳаммаси, сўзсиз, АҚШ-Россиянинг Марказий Осиёдаги жойлашуви учун рақобат фонида давом этиб боради. Ваҳоланки, ҳамма тушуниб турибдики, америкаликлар минтақада исломий радикалларнинг кенг ёйилишига қарши курашаётганидан биринчи навбатда Россия манфаатдор бўлиши керак! Америкаликлар эса руслар билан музокараларда “Биз сизларга ёрдам беряпмиз!” деган асосларни келтиради.

Бу вазиятда “Тошкентнинг КХШТга аъзо бўлиши” тўғрисидаги фикрларга ҳам қўшилмайман, чунки Ўзбекистон ҳозирча АҚШ ва Россия ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиши ва бу рақобатдан кўпроқ фойда олишига ишонаман. Аслини олиб қарасак, Ўзбекистоннинг КХШТга қўшилиш учун минтақада бирорта жиддий куч борлигига ишонмайман. Ҳатто Афғонистондаги жангарилар ҳам, дея хулоса қилди таҳлилчи Аркадий Дубнов.

Охирги йилларда Россия ҳарбий маҳсулотлари экспортини ошириб, уни 12,8 миллиард долларга етказди. Ўзбекистон эса Россиянинг қурол-аслаҳа сотиб олаётган энг йирик ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу ҳамкорлик айниқса ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан кейин кучайгани кўплаб кузатувчилар томонидан таъкидлаб келинмоқда.

Россия Ўзбекистонга ҳарбий техника ва қурол-яроғни ички нархлар асосида етказиб бермоқда. Бу имтиёз КХШТдан ташқари бирорта давлатга берилмаган.

Ўзбекистон ҳарбий жиҳатдан Марказий Осиё минтақасининг энг қудратли давлати бўлиб қолмоқда. 50 минглик мобил ҳарбий қўшинга эга Ўзбекистон Беларусь, Қозоғистон ва Озарбайжон каби кучли давлатлардан узиб жаҳон ҳарбий салоҳият рейтингида 52 ўринни эгаллаб келмоқда. Global Firepower маълумотича, ўзбек армияси бугунда 185та ҳарбий учоқ (шу жумладан 90-та қирувчи учоқ ва вертолёт), 420-та танк ва 1210-дан зиёд бошқа зирхли техника, 98-та ракета комплекси ва 137-та ўзиюрар артиллерия мосламаси билан жиҳозланган.

Strategic Defense Intelligence консалтинг ташкилоти ҳисоботида 2020 йил давомида Ўзбекистон ҳарбий ҳаражатлари 3,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани маълум қилинди.

XS
SM
MD
LG